UZ

Сўнгги янгиликлар

13:08"Атлетико" Ковачични "Ман Сити"дан 30 млн еврога сотиб олиши мумкин 0 12:47Виржил Ортиc: "Мен ҳеч қачон ҳеч ким билан жангдан қочмаганман" 0 12:26Шахматчиларимиз Жаҳон чемпионатидаги иштирокларини бошлашди 0 12:05Велоспортчиларимиз Осиё чемпионатида яна бир медалга эга чиқишди 0 11:44Ўзбекистонда трансфер ойнаси ёпилди. Жамоаларда амалга ошган сўнгги трансферлар барчаси битта саҳифада 0 11:23Уч жангчи қисқа муддатда Жастин Гэтжига қарши октагонга чиқишга тайёр 0 11:02Қиличбозларимиз қитъа чемпионатида шоҳсупага кўтарилишди 0 10:41OTP Group Tashkent Grand Slam 2025 турнирида иштирок этувчи аёллар жамоамиз таркиби ҳам тасдиқланди 0 10:20"Челси" "Саутгемптон"ни йирик ҳисобда мағлуб этди + ВИДЕО 0 09:59OTP Group Tashkent Grand Slam 2025 турнирида иштирок этувчи таркибимиз тасдиқланди (Эркаклар) 0 09:38Бугун "Странжа" турнирида икки боксчимиз ўз жангларини ўтказади 0 09:1738 ёшли Жозе Альдога 37 яшар рақиб берилди 0 08:56"Ал Насср" ғалаба қозонди, Роналду фаолиятидаги 925-голини урди + ВИДЕО 0 08:35Квитованинг бир ярим йиллик танаффусдан кейин қайтиши омадсиз бўлди 0 08:14UFC`даги ўзбек жангчилари сони биттага камайди 0

26 фев 07:53
Янгиликлар

Паралимпия

Мухторхон Тошхўжаев: Спорт – соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянчи

Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистонда ёшларга қаратилаётган улкан эътибор ва яратиб берилаётган кенг имкониятларга ҳавас кўзи билан қарамоқда.

Давлат ва жамият бошқарувида, бизнесни тараққий эттиришда, спортда, умуман, барча соҳа ривожида салоҳиятли ёшлар муҳим ўрин тутади. Шуни инобатга олган мамлакатимиз Президенти замонавий билим ва кўникмаларга эга, катта орзу-мақсадлар билан Ватаним тараққиётига ҳисса қўшаман, дея белини маҳкам боғлаб майдонга чиқаётган интилувчан ва серғайрат, шижоатли ёшларни қўллаб-қувватламоқда. 

Спорт соҳасида ёшларимиз қўлга киритаётган натижалар йил сайин ортмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланмайдиган инсонни учратиш мушкул. Ҳаттоки, имконияти чекланганларга ҳам ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини, жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий кўмак бериш, билим олиши, саломатлигини мустаҳкамлаши, ўз қизиқиш ва интилишига мос касб-ҳунар эгаллаши, спорт билан шуғулланиши, халқаро майдонларда матонатини, иродасини, жасоратини кўрсатишини таъминлаш доимий эътиборда.

Юртимизда спорт ва соғлом турмуш тарзини аҳоли ўртасида янада оммалаштириш, паралимпия ҳаракати ҳамда имконияти чекланган инсонларни спортга жалб этиш, спорт ҳамда пара спорт соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган сиёсат ва тизимли ишлар юзасидан Ўзбекистон Миллий Паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев қуйидагиларни гапириб берди:

– Бугун Ватанимизда спорт соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Бундай эътиборнинг амалий натижасига Президентимиз Шавкат Мирзиёев олимпия ва паралимпия ҳаракати, ихтисослаштирилган ва оммавий спортни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда аҳоли жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича илк бор бундай катта йиғилиш ўтказилди. Бу Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида ислоҳотларнинг янги босқичига ўтганимизни англатади. Зеро, тараққиёт йўлидаги ҳар бир поғонада кейинги марраларни забт этиш учун бажарилиши керак бўлган ишлар аниқ режа асосида белгилаб олинади. Соҳада том маънода реформа ўтказилади.

Шу маънода мазкур видеоселектор йиғилишида белгилаб олинган янги вазифаларни Учинчи Ренессансни барпо этиш йўлидаги яна бир муҳим қадам деб қабул қилишимиз зарур. Йиғилишда халқимиз саломатлиги, баркамол авлодни камол топтириш борасидаги қатор масалалар ечимига қаратилган ишлар ўртага ташланди. Спорт – соғлом халқ, соғлом жамиятнинг таянч устуни, деган ҳаётий ҳақиқатга асосланган вазифалар белгилаб берилди. Айни пайтда, спортга шунчаки мусобақа эмас, миллат генофонди, мамлакатнинг қудрати ва обрў-эътиборини бутун дунёга тараннум этадиган энг таъсирчан восита, энг устувор вазифа деб қараш зарурлиги таъкидланди. 

Шу ўринда миллат генофонди деган иборага аҳамият қаратиш зарур. Биз ҳақли равишда аждодларимиз билан фахрланамиз. Улар илм-фанда ҳам, давлатчилик барпо этишда ҳам катта қудратга эга бўлган. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Биз ана шу аждодларга муносиб авлод бўлишимиз шарт. Бунинг учун аввало миллатнинг генофондини асрай олиш зарур. Агар инсон жисмонан бақувват бўлмаса, турли хасталикларга дучор бўлаверади. Айни пайтда унинг руҳияти синиб, ақлий салоҳияти ўтмаслашиб бораверади. Шу боис ҳам Учинчи Ренессансни барпо этишнинг муҳим жиҳатларидан бири миллат генофондини асрашдир. Бунинг учун эса, юқорида таъкидлангани каби жисмоний қувват жуда муҳим.

Ҳа, спорт инсонни ҳар жиҳатдан чиниқтиради. Бунга ҳар гал параспортчилар билан кўришганда амин бўламан. Уларнинг юз-кўзида эртанги кунга, ўзига бўлган комил ишончни кўраман. Параспортчилар орасида спорт билан шуғуллана бошлагач ҳаёти ўзгарган, жамиятнинг фаол аъзосига айланганлар талайгина. Шу маънода маҳаллаларда ногиронлиги бўлган шахсларни спорт тадбирларига кенг жалб этиш айрим ижтимоий муаммоларга ҳам ечим бўлади. Лўнда қилиб айтганда, ногиронлиги бўлган ёшларни уйдан кўчага – одамлар орасига олиб чиқади.

Айни пайтда янги Ўзбекистонда пара спортга ҳам катта эътибор берила бошлангани қувонарлидир. Хусусан, 2022 йилдан бошлаб, маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақалари уч босқичда ўтказилиб келинмоқда. Энди рақамларга эътибор беринг: ўтган 2024 йилда 16 дан 30 ёшгача бўлган 29 минг 62 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар мазкур мусобақада иштирок этиш истагини билдирган. Улар фойдаланишга қулай бўлган 5tashabbus.uz сайти орқали рўйхатга олинган. Натижада, мусобақаларга 18 минг 416 нафар ёш қамраб олинган. Бу ногиронлиги бўлган 18 мингдан зиёд ёшларга ўз истеъдодини кўрсата олиш, жамиятда ўз ўрни борлигини ҳис этишларига яратилган катта заминдир. Давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалардан келиб чиқиб, жорий йилда мазкур мусобақаларга 45 минг нафар ногиронлиги бўлган ёшларни қамраб олишни режа қилганмиз. 

Айни пайтда “Беш ташаббус паралимпиадаси” оммавий спорт мусобақаларини ўтказишда ҳам айрим ижобий ўзгаришлар кутилмоқда. Жумладан, аввал эшитишида нуқсони бўлганлар ушбу мусобақаларда қатнаша олмасди. Касаллик нуқсонлари кенгайтирилгани сабаб жорий йилдан бошлаб эшитишида муаммоси борлар ҳам “Беш ташаббус паралимпиадаси” иштирокчиси бўла олади. Айни пайтда адолатни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берилган. Яъни, энди ногиронлиги бўйича классификациядан ўтмаган шахслар рўйхатдан ўта олмайди. Бундай спортчи мусобақаларга қўйилмайди. Шу боис пара спорт билан шуғулланаётган 7 минг нафардан ортиқ спортчини ногиронлик турига қараб классификациялашга жиддий эътибор берилмоқда. 

Яна бир янгилик. Жорий йилдан бошлаб спорт турлари сони ҳам кўпайди. Бу каби янгилик “Беш ташаббус паралимпиадаси”ни юқори савияда ўтказишга қаратилгани билан аҳамиятли. Қувонарли томони, ушбу мусобақада қатнашиш учун маҳаллалардаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳозирданоқ фаоллик кўрсатмоқда. Умуман, юртимизда пара спортга бўлган қизиқиш ортиб бораётгани қувонарлидир. 

Илгари бу тоифадаги ёшлар учун атиги 33 та мактабда спорт тўгараклари бор эди. Ҳозир бундай мактаблар сони 235 тага етди. Натижада пара спорт билан мунтазам шуғулланувчилар 4 карра кўпайиб, 7 мингдан ошди. Энди мазкур йўналишдаги имкониятлар янада кенгайтирилади. Бунинг учун ҳудудлардаги 39 та спорт мактаби пара спорт турларига ихтисослашади. 

Муҳими, бундай ёшлар, айниқса, ногиронлиги бўлган қизларнинг имкониятига қараб, бошқа соғлом спорт гуруҳларида шуғулланишига шароит яратилади. Бу ногиронлиги бўлган ёшлар қалбида ҳаётсеварлик туйғусини кучайтиради. Бошқалардан кам эмаслигини, аксинча ўз устида ишлаб соғлом тенгдошларидан ҳам кўпроқ натижага эришишга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Қалбида орзуси сари кучли интилишни пайдо қилади. Буни халқимиз содда ибора билан, ҳаётга қайтариш, деб атайди. Зеро, орзуси юксак инсон ҳеч қачон чекинмайди. 

Соғлом турмуш тарзи бу халқимиз орасида сўнгги йилларда кўп ишлатилаётган сўздир. Албатта, соғлом халқ доимо қудратли бўлади. Шу боис ҳам “Соғлом инсон – соғлом миллат” ғояси умуммиллий ҳаракатга айланиши керак. Биламизки, инсон саломатлиги учун жисмоний фаоллик ва соғлом овқатланиш жуда муҳим. Демак, мана шу икки муҳим жиҳатни кенг тарғиб этиш зарур. Бунинг халқимиз учун қанчалик аҳамиятли экани рақамларда ҳам кўринади.

Ҳозирда, Ўзбекистон аҳолисининг 44 фоизида жисмоний фаоллик етишмайди. Яна 36 фоиз аҳолимиз тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилмайди. Демак, соҳа мутахассислари бошоқли ва донли маҳсулотлар, мева-сабзавотлар истеъмолини кўпайтириш борасида халқчил тилда тушунтириш ишларини олиб бориши керак. Айни пайтда тез тайёр бўлувчи ва таркибида канцероген моддалар юқори бўлган маҳсулотлардан тийилиш керак эканини, улар турли касалликларга сабаб бўлишини англаб етишимиз зарур. 

Афсуски, бугун бундай маҳсулотларнинг савдоси кўпайган. Тез тайёр бўладиган маҳсулотни қирқ ёшгача бўлганлар кўпроқ истеъмол қилади. Юқоридаги кўрсаткичнинг ўзиёқ соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб этиш заруратини кўрсатади. Бунинг учун барча даражадаги масъуллар бирдек фаол бўлиши, жамиятда шахсий намунани кучайтириши керак. Шундагина, давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган вазифа, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаоллик тарғиботи билан ҳар бир оилани қамраб олишга эришамиз.

Яна бир муҳим жиҳат, бу масалаларни қонун даражасида мустаҳкамлаб қўйиш зарурлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб қисқа муддатда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун тубдан қайта кўриб чиқилади. Мақсад қонунни бугунги замон талабларига мослаштиришдир. Зеро, қонуний асос ҳеч шубҳасиз ислоҳотлар изчиллиги ва аниқлигини таъминлайди.

Юқорида айтилган вазифаларнинг ҳар бири юртимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган улкан ислоҳотлар бошланганини кўрсатади. Албатта, ютуқларни ёдга олиш ёқимли туйғу. Лекин, бу ғалабаларга маҳлиё бўлиш, келгусидаги муваффақиятсизликка олиб келади. Шундан келиб чиқиб, адаптив спорт бўйича ҳам қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, ногиронлиги бўлган ёшларни спортга қамраб олиш ва натижадорлигини таъминлашда янгича йўл тутилади. Бунинг учун Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорлик қилиниши кутилмоқда. Унинг Тошкентдаги филиалида адаптив спорт бўйича алоҳида факультет очилиш арафасида. Ҳозирги даврда ҳар бир ишда илмий ёндашув жуда муҳим. Бусиз арзигулик натижага эришиш мушкул. Шу сабаб ҳамкорлик доирасида натижадорликни оширишга қаратилган илмий методика ва стандартлар ишлаб чиқилади.

Замонга мос равишда пара спорт турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш тартиби ҳам ўзгартирилади. Яъни, энди ёшлар фақат мусобақа натижасига қараб эмас, балки спорт нормативларини бажаришига қараб ҳам терма жамоага қабул қилинади. Мазкур ўзгариш пара спорт билан шуғулланадиган ёшларга ўз истеъдодини тўла намоён этиш имконини беради. Буни амалга оширишда адолатли иш тутиш учун ногиронлиги бўлган спортчиларнинг кўрсаткичлари мониторинг қилиб бориладиган алоҳида онлайн платформа яратилади. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энди мусобақа ва спорт йиғинлари ташкил қилишда олимпия ва паралимпия тизимига ўтилиши айтилди. Бу қаерда чемпионат бўлса, унга ёнма-ён пара спорт мусобақаси ҳам ўтказилади, дегани. Мазкур амалиёт сабаб ҳақиқий инклюзив тизим яратилади. Ногиронлиги бор спортчилар учун ишонч ва рағбат бўлади. 

Эндиликдаги мақсадимиз “Лос-Анжелес – 2028” Паралимпия ўйинларига тайёргарликни янги босқичга олиб чиқиш. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан берилган аниқ ва тизимли ишлар муҳим дастуриламал бўлмоқда. Мухтасар айтганда, “Лос-Анжелес –2028” Олимпия ва Паралимпия ўйинларида медаллар сонини икки карра ошириш мақсад қилинган.

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг