UZ

Сўнгги янгиликлар

22:33U-23 Осиё кубоги. Вьетнам йирик ҳисобда мағлуб этилди, чорак финалда Саудия Арабистонига қарши ўйнаймиз 0 19:50MPL 9 турнирининг марказий жанги аниқ бўлди + ПОСТЕР 0 19:39Алекс Перейра Магомед Анкалаев билан жанг ҳақидаги саволга жавоб қайтарди 0 19:17Сувга сакраш. Лицензиант спортчимиз Америка кубогида иштирок этади 0 18:55Азизбек Темиров Octagon 57 турнири бонусига лойиқ кўрилди 0 18:32"Барселона" ярим ҳимоячиси мавсум охиригача сафдан чиқди 0 18:10Қойил! Таниқли боксчи Ғазо учун 20 миллион доллар ҳайрия қилмоқчи! 0 17:48Рафаэль Надаль 20-маротаба Мадриддаги "Мастерс"да қатнашади 0 17:25Эдди Хирн: "Мадримов Кроуфордни мағлуб этса..." 0 17:01Родриго "Реал"ни тарк этиш ниятида эмас 0 16:40Иржи Прохазка вазнини ўзгартириши мумкин 0 16:18Пара каноэчиларимиз Жаҳон чемпионатига пухта ҳозирлик кўришмоқда 0 15:56Мадримов - Кроуфорд оқшоми кардида яна бир юлдуз боксчи рингга кўтарилиши кутилмоқда 0 15:35Ўзбекистон U-23 Вьетнамга қарши тахминий таркиби билан танишинг 0 15:14WBC рейтинги янгиланди: Ғиёсов, Назаров кўтарилди, Мелиқўзиев пастлади, Жалолов ўзгаришсиз 0

05 апр 16:55
Янгиликлар

Футбол

Ўзбекистон МТЖ ва Олимпия терма жамоалари Африка жамоаларига қарши ўйин борасида ҳисобот топширди

Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг Терма жамоалар бошқармаси Ўзбекистон миллий терма жамоасининг март ойида ўтказган ўқув-машғулот йиғини ва ўртоқлик ўйинлари бўйича ҳисоботини тинглади.

Асосан ёш футболчилардан таркиб топган миллий терма жамоа 19 март куни Тошкентда йиғинга кирди. Пойтахтдаги машғулотлардан сўнг, Темур Кападзе ва мураббийлар кенгаши аъзолари бошчилигидаги миллий терма жамоа ўртоқлик учрашувини ўтказиш учун Марокашга жўнаб кетди.Ўзбекистон ва Марокашда бўлиб ўтган йиғин давомида 24 футболчи 7 та жисмоний, 5 та назарий машғулотларда иштирок этиб, 2018 йилги жаҳон чемпионатининг иштирокчиси бўлган Сенегал ва Марокаш терма жамоалари билан халқаро ўртоқлик учрашувида иштирок этди.

Биринчи ўйин 23 март куни Касабланкада Африка қитъасидаги саралаш мусобақасида энг кўп очко йиққан жамоа - Сенегалга қарши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ғалабани қўлдан бой берди ва 1-1 ҳисобида дуранг ўйнади.

5 кун ўтиб, Ўзбекистон терма жамоаси охирги 13 та ўйинда бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган Марокаш терма жамоаси билан ўйнади. Ўзбекистон терма жамоаси ёшлари учун улкан тажриба мактабини ўтаб берган ўйинда Марокаш 2-0 ҳисобида устун келди.

Ўзбекистон терма жамоасини бошқариш ваколатига эга бўлган мураббийлар кенгаши аъзолари бўлиб ўтган машғулотлар ва ўртоқлик учрашувларида жамоа олдига 3 та асосий вазифани қўйди.

Биринчиси, жамоа таркибини ёшартириш тамойилларига риоя қилган ҳолда жисмонан бақувват бўлган кучли жамоаларга қарши ўйинлар учун мос тактик схемани аниқлаб олишдан иборат бўлди. Бу иш уддаланса, терма жамоа ёшларининг ўзига бўлган ишончи ортар, тўп назорати ва ҳужумга ўтиш салоҳияти ўсиши кутилган эди.

Иккинчиси эса, футболчиларнинг куч ва салоҳияти борасида ҳеч кимдан кам эмаслигини уларнинг тафаккурига сингдириш ва ҳар қандай жамоа билан ўйнаш мумкинлигини уқтиришдан иборат бўлди. Бу энг аввало рақибдан чўчиб ўйинни бошлаш, ҳужумга ўтиш ва олдинга ташланишдаги дадиллик даражасини кўтариш учун ўйлаб чиқилган эди.

Учинчиси, 24 нафар футболчиларнинг бугунги кунги функционал тайёргарлигини максимум даражада синовдан ўтказиш эди. Бу эса ўзаги Осиё ўйинларида иштирок этадиган миллий терма жамоа рўйхатининг доимий равишда янгиланиб бориши ва жамоадаги рақобатни ўстиришга қаратилган эди.

“Сенегалга қарши ўйинда терма жамоа футболчилари қўйилган вазифаларни максимум даражада бажаришга ҳаракат қилишди ва бу нарса қайд этилган натижада ҳам акс этди. Тан олиш керак, ҳимоя чизиғида ҳам, ҳужумда ҳам ўйинни ташкил қилишда қилиниши керак бўлган ишларнинг кўплиги сезилиб турди, бироқ якунда жамоа ўз олдига қўйган вазифани уддалади”, - деб хулоса қилади Мураббийлар кенгаши.

Кенгаш Марокашга қарши учрашувда футболчилар ўз олдига қўйилган вазифаларни бажара олмадилар деб ҳисоблади. “Биринчидан, таркибда янги ва ёш футболчилар майдонга тушди. Улар ўйин бошларида ўзларини бироз йўқотиб қўйдилар ва 3-дақиқадаёқ гол ўтказиб юбордилар”, - деб ёзилади ҳисоботда. Мураббийлар кенгашининг фикрига кўра, Марокашга қарши ўйинда майдон марказида тўп билан ва тўпсиз ўйинда қарор қабул қилишнинг кечикиши натижасида жуда кўп ҳолатларда кураш бой берилди. Танаффусдан кейин жамоа бироз ўзига келди ва Ўзбекистон ёшларининг ўйинида ностандарт ҳаракатлар, кутилмаган финт ва зарбалар кўзга ташлана бошланди. “Иккинчи гол бўлмаганида, жамоа дуранг учун яхши ҳаракат қилди. Аммо, уларнинг мотивациясини иккинчи гол ўзгартириб юборди. Шу нуқтаи-назардан олиб қаралганда, бундай вазиятларда жамоага чўкмасликни ўргатиш борасида амалий ишлар қилиниши керак”, - дейилади ҳисоботда.

Йиғин тугагач терма жамоалар бошқармаси ва мураббийлар кенгаши ўйинни тўлиқлигича тахлил қилиб чиқди ва амалга оширилиши керак бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Ҳар бир футболчига ўзи ўйнайдиган клубда шуғулланишида риоя қилиниши керак бўлган индивидуал тайёргарлик дастури берилди. Улар эса май ойидаги янги йиғингача мониторинг қилиб борилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ЎФА терма жамоалар бошқармасининг иш режасида 19 майда сафарда Эрон, 7 июнь куни сафарда Уругвай терма жамоаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ва ўқув-машғулот йиғинлари бор.

Мазкур учрашувлардаги асосий мақсад – миллий терма жамоани ёшартириш ва унинг ўзагини Осиё ўйинларида иштирок этадиган ёш футболчилар билан тўлдиришдан иборатдир. Шу сабабли ҳам май ва июнь ойидаги жаҳон чемпионатининг навбатдаги икки иштирокчисига қарши ўйинларда миллий терма жамоа ёшартирилган таркибда ҳаракат қилади.



Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров март ойида ўтказилган ўқув-машғулот йиғинлари бўйича Мураббийлар кенгаши ва “Терма жамоалар” бошқармасига ҳисобот топширди.

Шу йилнинг 14 августидан 1 сентябригача Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси март ойида Андижон ва Фарғонада 1 ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини ўтказди. Йиғин давомида жамоа Кения ёшлар терма жамоаси билан 2 та ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.

Йиғин давомида мураббийлар 4 та асосий вазифа устида иш олиб боришди.

Биринчиси, Осиё ўйинларига борадиган футболчилар рўйхатини шакллантириш учун номзодларнинг функционал тайёргарлигини синовдан ўтказиш бўлди. Иккинчиси, ҳимоя ва ҳужумдаги ўйинни ташкил қилишда ўзаро ўйин ва ҳаракатларни такомиллаштириш бўлиб, бу борада махсус дастур ва режа асосида иш олиб борилди. Учинчи вазифа, футболчиларнинг юқори тезликдаги техник ва тактик ҳаракатларни гуруҳ ва жамоа бўлиб ижро этиш даражасини оширишдан иборат бўлиб, бунинг учун юқори интенсив ўйин ва прессингдаги ўйиннинг жойида эканлигига эътибор қаратилди. Тўртинчи вазифа эса, юқори натижаларни қўлга киритадиган иноқ ва бирлашган жамоани тузиш бўлди.

Йиғинга Ўзбекистон суперлигасидаги 11 та жамоадан 24 нафар, Россия премьер лигасидан эса бир вакил чақирилди. Бу вақтда миллий терма жамоа Марокашда йиғин ўтказаётганлиги муносабати билан жамоанинг 6 нафар аъзоси – Рустам Ашурматов, Одилбек Ҳамробеков, Жавоҳир Сиддиқов, Жасур Яхшибоев, Ботирали Эргашев, Акром Комиловлар йиғинда қатнаша олмади. Уларнинг ўрнига заҳирадан 9 нафар янги футболчи таклиф этилди: дарвозабон – Умиджон Эргашев (Насаф), ҳимоячи Аваз Маматхўжаев (Қўқон 1912), ярим ҳимоячилар – Шароф Муҳиддинов (Насаф), Муҳаммаданас Ҳасанов (Қўқон 1912), Остон Урунов (Навбаҳор), Азиз Турғунбоев (Навбаҳор), Ислом Кенжабоев (Насаф), Азиз Аманов (Локомотив) ва Нурулло Тўхтасинов (Сўғдиёна) лар заҳирадан чақирилиб, халқаро ўйин амалиётига эга бўлдилар. “Насаф” аъзоси Дониёр Нарзуллаев ва “Пахтакор” футболчиси Достон Иброҳимовлар жароҳатлари сабаб йиғинни ўтказиб юборишга мажбур бўлдилар.

Март ойидаги йиғин давомида 8 та жисмоний, 6 та назарий машғулот ўтказиб, жамоа 2 та ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Кенияга қарши биринчи учрашув 23 март куни Андижон шаҳрида бўлиб ўтди. Ўйин кескин курашларга бой бўлди, аммо Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси ҳимоядаги ўйинни яхши ташкил қила олмагани, ҳужумларни ташкил этиш ва самарали тугатишда бошланғич ҳаракатларнинг сустлиги, қолаверса, рақиб жамоанинг ўйинга яхши тайёргарлик кўргани сабабли чиройли ўйин кўрсата олмади. Натижада эса Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси 1-2 ҳисобида мағлубиятга учради.

Иккинчи ўйингача бўлган давр оралиғида жисмоний ва назарий машғулотларда биринчи ўйинлардаги хатолар устида ишланди. Машқларда, айниқса, ҳимоя ва ҳужумда умумжамоавий ҳаракатларнинг такомиллашувига эътибор кучайтирилди. Бундан ташқари, стандарт вазиятлар бўйича ҳам алоҳида дастур асосида машқлар олиб борилди.

Иккинчи ўйин 26 март куни Фарғонада бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси таркибида қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Бу сафар ўйин Ўзбекистон жамоаси аъзоларининг ташаббуси остида кечди. Ҳимоя ва ҳужумда ўйинни ташкил қилиш, тўпнинг назоратини бой бермаслик, юқори даражадаги комбинацион ҳаракатларни мужассамлаштирган ҳужумкор ўйин намойиш этишнинг уддасидан чиқилди. Ўйинда кўплаб ҳужумлар уюштирилди, аммо улардан фойдаланиш даражаси кам бўлди. Якунда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси 1-0 ҳисобидаги ғалаба билан йиғинни якунлади.

Ўйиндан кейин жамоа мураббийлар штаби ЎФА “Терма жамоалар” бошқармаси билан биргаликда иккала ўйинни таҳлил қилди. Кенияга қарши ўртоқлик учрашувлари ва водийдаги ўқув машғулот йиғинлари юқори савияда ташкил қилиниб, Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоасининг халқаро майдондаги тажрибасининг янада ошишига хизмат қилди. Айниқса, Осиё ўйинлари арафасида африкалик жисмонан бақувват футболчиларга қарши ўйинларнинг ўтказилиши тайёргарликнинг бориши учун керакли жиҳатлар устида ишлар олиб борилиши кераклигини кўрсатди. Қолаверса, мураббийлар футболчиларнинг функционал ҳолати, маҳорати ва психологик барқарорлиги бўйича қўшимча маълумот ва ахборотга эга бўлди.

Кейинги йиғинлар олдидан жамоа олдига ҳимояланиш асносида стандарт вазиятларни бартараф этиш, тезкор ва қарши ҳужумлардаги беқарорликни йўқотиш ва вазиятлардан унумли фойдаланиш ҳамда ҳимояда тартибли ўйин намойиш этиш каби жиҳатларга эътибор қаратилиши белгилаб олинди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси Осиё ўйинларига тайёргарлик стратегиясига эга бўлиб, шу йилнинг бошидан бери ана шу стратегия асосида тайёрланган дастур асосида Индонезиядаги катта мусобақага тайёргарлик кўрмоқда. Дастур 3 босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда Ўзбекистон U23 ёшлар терма жамоаси мусобақага одатий тайёргарлик асосида йиғинлар ўтказилади ва бу ҳол апрелнинг охиригача давом этади. Иккинчи босқичда эса, йиғинлар интенсив даражага кўтарилади ва футболчиларга бериладиган машқ ва нагрузкалар нисбатан кўпаяди. Интенсив давр май ва июнь ойларини ўз ичига қамраб олади. Июль ва август ойларида эса терма жамоа нон-стоп босқичига чиқади ва бу даврда бор эътибор фақат ва фақат Осиё ўйинларига қаратилади.

Осиё ўйинларининг футбол турнири 14 августдан 1 сентябрга қадар Жакартанинг 4 стадионида бўлиб ўтади. Мусобақа регламентига кўра, жамоадаги футболчилар 1995 йил 1 январда ёки ундан кейин туғилган бўлиши керак. Фақатгина 3 нафар футболчининг ёш лимитидан чиқилишига рухсат берилади. Якуний қайднома учун тақдим этиладиган футболчилар рўйхати 18 кишидан кам, 20 кишидан кўп бўлмаслиги талаб этилади. Айни пайтда футболчиларни рўйхатга олиш жараёни давом этмоқда ва у июн ойига қадар давом этади. Қуръа ташлаш маросими эса, дастлабли маълумотларга кўра 27 июлга режалаштирилган.

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг