UZ

Сўнгги янгиликлар

21:36Эртага 4 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида рингга кўтарилади (рўйхат) 0 21:14Элит ОЧЛ. ​Остон Ўрунов гол урган баҳсда "Персеполис" камбэк намойиш этди 0 20:51Ўзбекистон томони Осиё Олимпия кенгашидан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини бир йилга кечиктиришни сўрагани маълум бўлди 0 19:02Алжемейн Стерлинг: "Фаолиятимни UFC чемпиони сифатида якунлашни истайман" 0 18:39Арман Царукян: "Умид қиламанки, UFC 310дан сўнг буни эълон қилишади" 0 18:18"Реал" Асенсиога шартнома таклиф қилади 0 17:55Фьюри Усик билан реваншда неча кг вазн билан чиқиши айтилди 0 17:33Отабек Умаров бошчилигида боксчиларимизнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги кўриб чиқилди 0 17:20Пара Осиё ўйинлари-2025 ҳам Тошкентда ўтказилмайди 0 17:10Макгрегорнинг рафиқаси эрининг зўрлашда айбланганига қандай муносабат билдирди? 0 16:48Осиё Олимпия кенгаши ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги нима сабабдан Тошкентдан олинганига изоҳ берди 0 16:48Муҳаммад Салоҳ Рунига етиб олди 0 16:25"Чемпион бўлганимдан сўнг Оливейрага реванш бераман" - Царукян 0 16:02Мадримов нокаутга учратган Магомед Курбанов Тим Цзюни жангга чорлади 0 15:39UFC собиқ чемпионининг навбатдаги жанги санаси ва манзили маълум бўлди 0

30 июл 19:19
Янгиликлар

Токио-2020

"Ўзбекистонда қоламан, бу менинг Ватаним, уни яхши кўраман". Оксана Чусовитинадан катта ИНТЕРВЬЮ

Тарихда саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи, ўзбекистонлик спортчи Оксана Чусовитина Sputnik мухбирига интервью берди.

Olamsport.com эса мазкур интервьюни ўзбек тилида сизга тақдим этади.

Афсонамиз профессионал карьерасини якунлагач, спортдан кейинги ҳаёт ҳақида гапириб берди ва ўз ўринбосарлари сифатида кимни кўришини айтди.


- Оксана, Токиода қанча қолишни режалаштиряпсиз?

- Мен 9 августгача Японияда бўламан, чунки мен ХОҚ спортчилар комиссиясига номзодман, натижалар эълон қилинишини кутишимиз керак.


- Агар ХОҚга сайланган бўлсангиз, ўзингиз учун қайси мақсадни асосий деб ҳисоблайсиз?

- Мен спорт ҳалол ва шаффоф бўлишини хоҳлайман. Агар спортчилар кимгадир бирор нарса дея олмасалар, комиссия бунга ёрдам беради.


- Сизнингча, спортни допинг ва можаролардан холи қилиш мумкинми?

- Агар сиз буни босқичма- босқич амалга оширсангиз, албатта, мумкин. Бу дунёда ҳамма нарсага эришиш мумкин.


- Спортчиларнинг ўзи 3 августгача сизнинг номзодингизга овоз беради. Сиз Токиода ҳамкасбларингиз кимга овоз беришни режалаштираётганини сўраганмисиз?

- Ҳеч ким очиқ муҳокама қилмайди, албатта. Аммо мен овоз берадиган баъзи спортчиларимизни учратганимда, уларнинг ҳаммаси: "Оҳ, Оксанка, биз сенга овоз бердик", дейишади. Лекин мен уларнинг ёнига бориб сўрамайман.

  

- Токиода шаҳар кўчаларида очилиш маросимида бўлиб ўтган норозиликларни кузата олдингизми?

- Шахсан мен Токиода ҳеч қандай норозилик кўрмадим, ҳаммаси яхши.


- Агар биз пандемия шароитида хавфсизлик чоралари ҳақида гапирадиган бўлсак, сизнингча, Токио расмийлари ва Олимпиада ташкилотчилари ХХI асрнинг барча қийинчиликларига дош бера оладими?

- Мезбон ҳамма нарсани қилади: ҳамма жойда дезинфекция воситалари бор ва ташкилотчилар ҳамма кириб-чиқаётганлардан қўлларини тозалашларини илтимос қилади. Улар хонадаги нарсаларнинг барчасини дезинфекция воситалари билан тозалашади.


- Баҳсларда допинг назорати тизими спортчиларда шикоятларни келтириб чиқаради. Сиз спортчиларнинг норозилигини қўллаб-қувватлайсизми?

- Процедура бор, баъзида улар ёнимга эрталаб соат 6.30да келишарди, лекин ҳаммаси ёзиб қўйилган. Мана шундай допинг назоратидан ўтган спортчилар омадсиз, лекин менимча ҳамма бир хил шароитда.


- Бу саккизинчи Олимпиадангиз - солиштириш мумкин бўлган жиҳатлар бор. Туйғулар, шаҳар, мусобақалар, рақиблар ҳақидаги таассуротлар унутиладими?

- Ҳар сафар бир нарса янгича тарзда содир бўлади, лекин бир нарса ўзгаришсиз қолади. Аммо баъзи Олимпиадаларга келганда, сиз ҳали ҳам ҳаяжонланасиз, бу ерда энг яхши спортчилар тўпланганини биласиз. Ҳаяжон бор, шунинг учун ўтган воқеаларни эслашга вақт йўқ.


- Бундай қатъий чеклов чоралари спортчилар ўртасида тортишувларга сабаб бўлаяптими?

- Спортчилар жанжаллашишмайди, мен билган ҳамкасбларимга кўра, ҳамма ўзларини ҳимоя қилиш учун эмланган. Биз бу ўйинларни тўрт йил эмас, ҳатто беш йил кутдик. Агар ҳеч бўлмаганда ўзингизни ҳимоя қилиш имконияти бўлса, менимча, ҳар қандай спортчи шундай хавфсизлик учун ўзини ҳимоялайди.


- Олимпиададаги иштирокларингиз тугаганини мусобақанинг қайси нуқтасида тушундингиз?

- Ростини айтсам, ҳар доим бу ҳақида ўйлаганман. Мен буни Олимпиадага келганимда тушундим, ўз ҳолатимни кўрдим ва ҳис қилдим. Аммо, ҳар доимгидек умид охирига келганда ўлади. Агар Олимпиада бир йил олдин бўлиб ўтганида мен бошқача фикр билдириган бўлардим. Ёш спортчи учун бир йил унчалик узоқ эмасдек туюлади. Ва биз спорт формамизни сақлаб қолишимиз керак. Аммо, афсуски, ўзингизни шу даражада ушлаб туриш қийин. Хўш, бу қандай содир бўлди дейишингиз мумкин. Штутгартга қайтганимда, мен Олимпиадага йўлланмани қўлга киритганимда, бу менинг Токиодаги охирги Олимпиадам бўлишини ҳис қилдим ва энди машғулот ўтказмайман дедим. Биласизми... Гўё ичингизда ҳамма нарса етарли эканлигини ҳис қиласиз.


- Агар биз сизнинг издошларингиз ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда ёш гимнастикачилар борми, уларга ким эътибор бериш керак, сизнинг ишингиз халқаро майдонда муносиб давом эттириладими?

- Бизда ёш қизлар бор, улар Болгарияда Олимпиада олдидан Жаҳон чемпионатида қатнашишган ва ўша ерда улардан бири ғолиб бўлган, иккинчиси эса таяниб сакрашда финалга чиққан. Менимча, уларга эътибор берилиши керак. Масалан, Дилдора Орипова. У иқтидорли, менга жуда ёқади.


- Ўзбекистон олимпия терма жамоасидан кимдир билан мулоқот қила оласизми? Кўпчилик боксчиларнинг муваффақиятсизлигидан хафа ...

- Биз ҳамма билан мулоқот қиламиз, лекин агар одам ўзи гапирмаса, мен унинг руҳиятини ҳеч қачон қўзғатмайман, бирор нарса сўрамайман. Мен боксчилар учун жуда афсусдаман, хафаман, иштирокчиларимиздан хавотирдаман. Аммо бу спорт ва Олимпиада - ҳамма нарсани кўрсатади. 


- Россия гимнастикачиларининг ғалабасини қандай қабул қилдингиз?

- Мен жамоавий финал олдидан қизлар билан учрашдим. Улар ошхонадан чиқиб кетишаётганида омад тиладим, чунки биламан, спортчига баҳслар олдидан халал бермаслик яхшироқ. Биласизми, мен улар учун жуда хурсандман, фақат қувондим. Яхши, қизлар! Аввалроқ, агар улар бирлашиб, ҳамма нарсани қилишса, АҚШ терма жамоасини четлаб ўтишлари мумкинлиги ҳақида интервьюда айтгандим. Демак, бу муносиб ғалаба, мен улар билан жуда фахрланаман.


- Симона Байлснинг жароҳати. Ёш спортчига бу зарбадан қандай омон қолиш ҳақида маслаҳат бера оласизми?

- Унинг жароҳати борми, йўқми, билмадим, чунки кеча у нормал юраётган эди. Аммо бу - Олимпиада. Мен унга чин дилдан омад тилайман, шунда ҳамма нарса ўз ҳолига қайтади ва жиддий нарса бўлмайди. У ҳали жуда ёш ва ҳаммаси олдинда. Ҳар қандай мағлубият ғалабага биринчи қадамдир.


- Бу баҳсларнинг умумий рақобатбардошлигини қандай баҳолайсиз?

- Даражаси жуда юқори, бу ерга келган ҳар бир спортчи медалга лойиқ. Афсуски, улардан фақат учтаси медаль олади, лекин уларнинг ҳар бири муносиб. Ва мен финални қизиқиш билан кузатаман. Кучлилар ғалаба қозонади.


- Спортчилик карьерангизни тугатганингиздан сўнг ўзингизни мураббий сифатида кўрмаётгангизни айтгандингиз. Сизга бу борада таклифлар бўлганми?

- Ҳозирча ҳеч қандай таклиф тушмади. Мен мураббий бўлолмайман. Бошқа режаларим бор: мен Тошкентда ўз клубимни очмоқчиман, ёшлар спортчилар билан шуғулланмоқчиман, соғлом авлодни шакллантириш учун иложи борича кўпроқ ёшларни жалб қилмоқчиман.


- Фаолиятингизни тугатгандан сўнг Ўзбекистонда қоласизми?

- Мен бу ҳақда ўйламагандим ҳам. Албатта, мен Ўзбекистонда қоламан, бу менинг Ватаним, мен уни жуда яхши кўраман, у ерда менинг дўстларим, бутун ҳаётим бор. Мен ҳатто кетиш ёки бирор жойга кўчиш ҳақида ўйламаганман ҳам.


Сарвиноз РАХМОНҚУЛОВА таржимаси.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

   
31 июл 07:23:26
Тожиддин Ҳикматов
Мана спортчи қанақа бўлиши керак. 8та олимпиадани кўрган спортчи бир оғиз хам мақтанмаган. Мураббий бўламан демаган. Ҳеч кимни айбламаган. Энг мухими Ўзбекистондан кетиш хақида хатто ўйлаб кўрмабман, деган. Оксана қаҳрамон, ҳақиқий афсона! Келгусидаги ишларингга омад!
   
30 июл 20:34:30
Умрбек Эгамберганов
Оксана Чусовитина опа гап йоу сизга. Проста RESPECT!!!
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг