18 май 10:00
Янгиликлар
Сиз билган ва билмаган Хабиб Нурмагомедов ҳақида!
Бугун Хабиб ҳақидаги маълумотларни эътиборингизга тақдим этамиз.
Хабиб Абдулманапович Нурмагомедов - 1988 йилнинг 20 сентябрь кунида Доғистоннинг Цумадин туманида туғилган. Россиялик аралаш қоидалар жангчиси. Лақаби: Бургут. UFCда енгил вазн тоифасида чемпион.
Миллати - авар. Спортчилар оиласидан. Отаси - Абдулманап Нурмагомедов эркин кураш ва самбо бўйича Украина чемпиони. Отасининг укаси - Нурмагомед Нурмагомедов 1992 йилда самбо бўйича жаҳон чемпиони. Онаси томондан бобоси эса эркин кураш бўйича спорт устаси. Хабибнинг отаси нафақат курашчи, эркин курашда мураббий ҳам бўлган. Айнан у Хабибнинг илк устози бўлган ва яккакураш билан 5 йил давомида шуғуллантирган.
"Эслайман, барча вақтим гиламда ўтарди", - деб эслайди жангчи ўша пайтларни. Унинг ўзидан 1,5 ёш кичик Абубакар исмли укаси бор. Улар ёшликда биргаликда машғулотлар олиб боришган (Абубакар ҳам профессионал жангчи, WSOF турнирларида қатнашмоқда). 2001 йилда унинг оиласи Маҳачқалъага кўчиб борди. У ерда машғулотларни давом эттирди. "Отам Маҳачқалъадаги 15га яқин қариндошларимизни бир жойга тўплади. 7-8 оила аъзоларининг барчаси бир том остида яшадик. Бирга овқатланардик, бирга шуғулланардик ва бирга ўсдик", - дейди спортчи. Кимдир Хабибга қоидаларсиз жанг видеотасвирларини кўрсатди ва у ўзининг янги қирраларини очишни истади. Унга айнан оёқда зарба бериш техникаси ёқиб қолди. Бироқ шу билан бирга у курашда шуғулланишни ҳам давом эттирди. Ўша вақтда отаси яккакурашни ўзгартирди ва ўғлини жанговор самбо билан машғулот қилдирди. "Мен ҳам шуни истадим, бироқ у дастлаб курткаларда машғулот қилишимни хоҳлади ва мени ўз дўсти? Россияда хизмат кўрсатган мураббий, дзюдо бўйича мураббий Жафар Жафаровнинг олдига юборди. Ярим йил давомида унинг таълимини олдим ва 2005 йилда жанговор самбога ўтиб кетдим" - деди Хабиб.
Икки йил давомида у Россияда хизмат кўрсатган мураббий Жафар Жафаров билан шуғулланди. Кейинчалик Хабиб яна жанговор самбога қайтди, уни яна отаси шуғуллантира бошлади.
ХАБИБ НУРМАГОМЕДОВ БОЛАЛИГИДА (чап томонда)
Хабибни тўлқинлантира олган россиялик жангчи Федор Емельяненко. Нурмагомедов шундай дерди: "Жанговор самбо билан шуғулланишни бошлаганимда у барча жанговор спорт турларида биринчи ўринда эди. Унинг ўзини тутиши, характери менга намуна бўлиб хизмат қилди. У ютганда ҳам, ютқазганда ҳам ўзини танхо тутарди. Унга ўхшашга интилганман. Федор Емельяненко - Россиядаги ушбу спортнинг ривожланишига туртки берган инсон. Ҳеч қачон у ҳақида ёмон гаплар эшитмаганман. Унинг жангларини томоша қилиб катта бўлдим. У қандай уради, нокаут қилади, натижаларга қандай эришади, барчасини кўрдим. Бундай жангчи ва инсонга ҳар доим ҳавас қилдим".
Якунда Хабиб профессионал жангчига айланди. Бунда асосий ролни отаси ижро этди, у нафақат мураббийи бўлди, балки ҳаёт йўлидаги устозига ҳам айланди. Хабибнинг айтишига кўра, 19-20 ёшлигида спортдан кетиб, қўриқлаш агентига ишга кирмоқчи бўлган. Бироқ отаси унга шундай деганди: "Агарда қаердадир ишласанг, сен спортчи эмассан. Демак, сенинг бошқа ишинг бор. Агарда спортчи бўлишни истасанг, шу билан яша. Сен эрта туришинг ва машғулотга боришинг керак. Сенга шу керак ва мен буни бераман. Сенга йўлкирага ва сувга пул керак. Ейиш учун эса уйда маблағ етарлича", - деб эслайди.
Шундан кейин Хабиб яна спортга қайтган ва жонини бериб шуғулланишда давом этган. Шу орқали натижалар ҳам узоқ куттирмади. 2012 йилнинг 21 январь кунида Хабиб Американинг UFC промоушенида илк жангини ўтказди. Камол Шалорус га қарши жанг Хабибнинг ғалабаси билан якунланди. 3-раундда Хабиб Камолни керакли вазиятда зарбалар билан сийлади ва рақиб таслим бўлди. Америкаликлар эса ўшандаёқ Хабибдан катта спортчи чиқишини тушуниб олишганди.
"Ўша вақтларда 23 ёш эдим. Кўпчилик UFCнинг мавқеи баланд, мени эса ёш деб ҳисобларди. Бу мени жаҳл отига миндирарди ва иштиёқ берарди. Тўрга чиқишимни ва қандай маҳоратга эга эканлигимни кўрсатишимни сабрсизлик билан кутардим", - деб эслайди у UFCдаги дебютини.
2012 йилнинг 7 июлида Хабиб UFCдаги иккини жангини ҳам ўтказди. Ўша куни у UFC 148 турнирида ТОП-15 жангчиси, енгил вазндаги жаҳон чемпиони, бразилиялик Глейсон Тибауга қарши Лас-Вегасда тўрга тушди. Барча уч раундни кўтаринки кайфиятда ўтказган россиялик жангчи ҳакамлар қарорига кўра ғалабага эришди. 2013 йилнинг 19 январида жангчи Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида UFC on FX 7 турнирида бразилиялик Тиаго Таварес билан тўқнаш келди. Ушбу жанг давомида у апперкот зарбаси эвазига бразилиялик рақибни нокдаун ҳолатига учратди. Шундан кейин у рақиби тирсагини майиб аҳволга солди ва шу орқали ғалабага эришди. Шундан кейин Хабиб дунёнинг энг яхши жангчиларидан бири Нэйт Диас билан жанг ўтказиш нияти борлигини маълум қилди.
Орадан бир қанча вақт ўтиб, Нэйт Диасга яна бир неча жангчилар рақиб бўлишни истади. Хабибнинг Жош Томпсон билан жанги 26 май куни Лас-Вегасда UFC on FX 7 турнири доирасида ўтказилди. Абель Трухильо устидан қозонилган ғалабадан кейин Хабиб твиттер орқали UFC президенти Дана Уайтга UFCнинг афсонавий жангчиси - Би Жей Пеннга қарши баҳс олиб бормоқчи эканлигини ёзиб қолдирди. Би Жей Пеннинг рад этиши сабабли UFC Хабибга Пет "Бэм Бэм" билан жанг олиб боришни таклиф қилди (ўша пайтда у UFCнинг топ-10лигига кирарди). Хабиб жангга розилик билдирди ва бу Канаданинг Торонто шаҳрида UFC 165 шоуси доирасида бўлиб этди. Хабиб уччала раундда ҳам рақибдан ёрқинроқ ҳаракатлари билан ажралиб турди ва Мэтт Хьюз услубида жанг қилди. Жангдан кейин Дана Уайт унга Хабибнинг жанглари ёқишини маълум қилди.
UFC 169 доирасида Хабиб Гильберт Мелендесга қарши тўрга чиқиши керак эди, бироқ жанг ўтказилмади. 2014 йилнинг 19 апрелида Хабиб Орландода UFC on FOX 11 турнири доирасида Рафаэль Дус Анжусга қарши октагонга чиқди. Жанг Абил Трухильога қарши ўтган баҳсга ўхшашиб кетди: барча раундларда устунликка эришган Хабиб ҳакамларнинг қарорига кўра, ғалабага эришди. 2014 йилнинг 5 июлида Хабиб тиззасидан жароҳат олди ва шу сабабли Тони Фергюсонга қарши жангдан олдин бир йилга сафдан чиқди. 2015 йилда ҳам у яна бир бор жароҳат олди ва номаълум муддат давомида спорт билан шуғуллана олмади. 2016 йилнинг 16 апрель кунида UFC on FOX 19 турнири доирасида Тони Фергюсонга қарши жанг ўтказиши керак эди. Бироқ Тони жароҳати сабабли турнирда қатнашмади ва унинг рақиби Даррелл Хорчерга ўзгартирилди. Жанг Хабиб учун 2 йиллик танаффусдан кейин биринчиси бўлди. 16 апрель куни Хабиб рақибини иккинчи раундда техник нокаутга учратди ва ғолибга айланди.
Хабиб UFCнинг енгил вазн тоифасидаги чемпиони Эдди Альварес билан UFC 205 ёки UFC 206 турнирида тўқнаш келиши керак эди ва буни Дана Уайт ҳам тасдиқлаганди. Бироқ 26 сентябрь кунида Альварес чемпионлик камарини сақлаб қолиш йўлида Конор МакГрегорга қарши жанг олиб бориши маълум қилинди. 2016 йилнинг 12 ноябрида Нью-Йоркда Хабиб Нурмагомедов UFC 205 доирасида америкалик жангчи Майкл Жонсонга қарши тўрга тушди. Жанг давомида вазиятни ўз назоратига олган Хабиб учинчи раундда рақибини ўз чангалига ушлаб олди. Оқибатда рефери жангни тўхтатди. Ушбу жанг олдидан Хабиб Конор МакГрегор билан жанжаллашди ва ўша ерда ҳам титул камарини ҳимоя қилгандек бўлди. Бироқ қўриқчилар томонлар муштлашувга ўтиб кетмаслигининг олдини олишди.
Хабиб Нурмагомедов билан боғлик энг яхши вазиятлар
2017 йилнинг январь ойида Хабиб UFC 209 доирасида Лас-Вегасда енгил вазн тоифасида чемпион америкалик Тони Фергюсонга қарши 4 март куни жанг олиб бориши тасдиқланди. Ушбу жанг ғолиби ирландиялик Конор МакГрегорнинг енгил вазн тоифасидаги чемпионлик камари учун асосий даъвогарга айланарди. "4 март куни орзуларим ҳақиқатга айланиши ва камарни қўлга киритиш учун барча ишларни қиламан", - деганди ўшанда Хабиб. Бироқ жанг ўтказилмади. Сабаби Хабибнинг соғлиғи ёмонлашди. Унинг мураббийи ва отасининг айтишига кўра, Хабибнинг жигарига тош йиғилган ва шу боисдан шифохонага ётқизилган.
2017 йил сўнгида Хабиб яна октагонга чиқди. 30 декабрь куни Лас-Вегасда UFC 219 шоуси доирасида Хабиб бразилиялик Эдсон Барбозани мағлуб этди. 2018 йилнинг 8 апрелида Хабиб америкалик Эл Яквинтани мағлуб этди ва UFCнинг енгил вазн тоифасида жаҳон чемпионига айланди. Хабиб UFC чемпионлигига эришган илк россиялик спортчига айланди. Жанг 5 раунд давом этди ва уларнинг барчасида Хабибнинг устунлиги кўзга ташланиб турди. Якунда Хабиб 50-44, 50-43, 50-43 ҳисобида ғалабага эришди.
Хабиб Нурмагомедов vs Эл Яквинта
Хабибнинг бошқа натижалари ҳам бор: Россия чемпионати финалчиси, Кубоги соҳиби, қўл жанги бўйича Евроосиё чемпиони, Россия чемпиони, жанговор самбо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, панкратион бўйича Европа чемпиони, NAGA Grappling талқинига кўра грепплинг бўйича жаҳон чемпиони ва бошқалар. 2015 йилнинг августида у "Reebok" билан ҳамкорлик шартномасини имзолади. Хабибни доғистонлик бизнесмен Зиявудин Магомедов (Forbes рейтингида 93-ўринни эгаллаб турибди, 900 млн доллар бойлиги бор) молиявий томондан қўллаб-қувватлайди. Даррел устидан қозонилган ғалабадан кейин Магомедов Хабибга Mercedes-AMG GT S автомобилини совға қилди (кейинчалик унинг душмани бу машинани пачоқлаб ташлади). Хабиб Нурмагомедовнинг "Инстаграм"даги саҳифасига Мария Шарапова ҳам "обуна" бўлган.
Нурмагомедов мухлисларининг катта қисми - болалар ва уларни жангга ўргатаётган ота-оналаридир. "Агарда инсон спортни тарғиб қилса, у одамларни тўғри йўлга бошлайди. Хабиб ўзини спортга бағишлаган, жуда камтар ва тартибли инсон. Ислом динига сиғиниши сабабли уни биринчи ўринга қўяман. У ҳар доим тўғри йўлларни излайди. Бундай инсон албатта машҳур бўлади", - деди жангчининг отаси.
Хабиб Нурмагомедов ҳақида ҳужжатли фильм
Қўшимча маълумотлар:
Бўйи: 177 сантиметр.
Вазни: 70 килограмм.
Қўлини ёйиш узунлиги: 178 сантиметр.
Шахсий ҳаёти
Уйланган. Хабиб мусулмон одатларига қатъи итоат қилади ва шахсий ҳаёти ҳақида гапирмайди. Шунингдек, рафиқаси борасида ҳам фикрлар билдирмайди, Ҳатто унинг ўзини ҳам кўрсатмайди. Тўйида ҳам рафиқасини паранжига беркитиб қўйганди. 2015 йилнинг июнида Хабибнинг қизи, UFC 219 шоуси куни эса (2017 йилнинг 30 декабрь кунида Лас-Вегасда Хабиб бразилиялик Эдсон Барбозани мағлуб этганди) ўғли дунёга келди.
Хабиб Нурмагомедов рафиқаси билан
Хабиб узоқ вақт давомида чегарадан ташқарида бўлса (ўзи АҚШда шуғулланади), рафиқасини уйга ташлаб кетади. "У менинг тайёргарлигимга ҳалақит беради. Шу орқали мен дам олишга кетгандай бўламан. Аёллар ва тунги клублар доим тайёргарликка ҳалақит қилади. Сен фақатгина вазифанг ва олдингдаги режаларинг ҳақида ўйлашинг, шуғулланишинг, ухлашинг ва ейишинг керак. Аёл эса уйда бўлиб, сени қўллаб-қувватласин", - деди Хабиб. Хабиб Ислом динига қатъи амал қилади. "Ҳеч қачон ичмаганман ва чекмаганман. Чунки мен спортчиман ва соғлом турмуш тарзим бор, шунингдек, менинг диним бунга йўл қўймайди. Мен мусулмонман, Ислом эса ичиш, чекиш, тунги клубларда юришни тақиқлайди. Жангларда диним руҳий томонлама ёрдам беради. Фақатгина шу жиҳат мени бир маромда ушлаб тура олади. Мағлубиятдан ҳам хурсанд бўламан. Ҳар доим хотиржамман. Балки бу омад ва ғалабанинг калитидир. Мен барчасига тайёрман", - деди спортчи.
Хабиб Маккада
Хабиб айтганидек, спортдаги юқори натижалар ҳаётини ўзгартириб юборди. "Кўчаларда жуда кўп жанг қилганман, отам эса бундай қилмаслигим кераклигини уқтирарди. 2010 йилда чемпион бўлганимдан кейин буни тўхтатдим. Шундай пайтлар бўлди-ки, урушиш керак эди. Ўша дамларни эслайман, икки йил олдин профессионаллигим сабабли урушмаслик йўлини топганман. Агарда мен урсам, у қаттиқ жароҳат олади. Бу нега керак? Агарда сен спортчи бўлсанг, шу билан яшашинг керак. Бўлмасам, инсонларни жароҳатлашинг мумкин. Агарда спортчи бўлсанг, барча билан эхтиёткорлик билан муносабатда бўлишинг керак. Ҳаётим давомида жуда кўп жанглар бўлди. Агарда менга қарши бўлиб турган инсон мендан кучсизроқ бўлса, жанг қилишдан қочдим. Ҳозирда кўча жангларидан узоқдаман. Уйда бўламан ва мен билан ҳеч нима бўлмайди. Спортчи кўчада нокаут қила олиши ва ўлдиришни кўрсатиши шарт эмас. Буни қўллаб-қувватламайман. Профессионал жангчи бор жойда эса ҳар доим совуқ қурол бўлади", - деди Хабиб.
Миржалол Норматов тайёрлади
UFC юлдузи Конор МакГрегорнинг фаолияти, ютуқлари, шахсий ҳаёти ва бошқалар ҳақида!
Фикрлар