22 сен 19:41
Янгиликлар
Tashkent Open. Асосий тўрга қуръа ташланди, Сабина ва Нигинанинг рақибалари маълум
Соврин жамғармаси 250 000 АҚШ долларини ташкил қилувчи ушбу мусобақага Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортлари мезбонлик қилмоқда. Бундан бир неча дақиқа аввал асосий тўр баҳсларига қуръа ташланди.
Мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Сабина Шарипова илк даврада россиялик Маргарита Гаспарянга қарши кортга чиқади. Яна бир ҳамюртимиз Нигина Абдураимова эса германиялик Мона Бартел синовидан ўтади. Нигина асосий тўрда имтиёзли йўлланма асосида иштирок этади.
Таққослаш учун, Шарипова дунё рейтингида 126, Гаспарян эса 354-ўринни эгаллаб турибди. Абдураимова роппа-роса 300-поғонадан жой олган, унинг рақибаси эса 92-ўринни банд этган. Турнирнинг биринчи ракеткаси руминиялик Ирина-Камелия Бегу илк даврада украиналик Катерина Козлова, иккинчи ракетка беларуслик Вера Лапко сербиялик Бояна Йовановскига қарши кортга чиқади.
Афсуски, бугун ўтказилган саралаш баҳсларида икки теннисчимиз мағлубиятга учради. WTA рейтингида 628-ўринни эгаллаб турган Оқгул Омонмуродова 184-поғонадан жой олган голландиялик Бибиана Схофсга 5:7, 3:6, дунё рейтингида 1236-поғонадан жой олган Ясмина Каримжонова эса жаҳоннинг 133-ракеткаси россиялик Анастасия Потаповага 3:6, 1:6 ҳисобида ютқазди.
Фикрлар