19 июл 14:06
Янгиликлар
Токио-2020. Олимпиадада кузатишингиз зарур бўлган футбол юлдузлари
Футбол мухлисларини эса Токио-2020"даги футбол мусобақаси қизиқтириши табиий. Одатда, бу мусобақага нисбатан камроқ эътибор берилади. Бироқ бу сафар Токиога кўплаб машҳур футболчилар ташриф буюради.
Умуман олганда, Олимпия ўйинларида жамоа таркиблари асосан ёш футболчилардан ташкил топади, уларга уч нафар ёши катта акалари ҳамроҳ бўлади. Олимпиада ёш иқтидор соҳибларига ўзини кўрсатиш имкониятини берса, тажрибали спортчилар дунёга ўзи ҳақида яна бир бор эслатиб қўйишлари мумкин.
Демак, эътиборингизга эркаклар ўртасида футбол бўйича Олимпиадада иштирок этиши кутилаётган машҳур шахсларни тақдим этамиз:
Флориан Товен (ярим ҳимоячи, Франция, "Тигрес", 28 ёш)
Тан олинг, Олимпия ўйинларида ҳар сафар ҳам 28 ёшли, жаҳон чемпионини учратавермайсиз, аммо миллий терманинг кенгайтирилган рўйхатидан ҳам тушиб қолган Флориан Товен эндиликда Токиода ёш французларни ортидан эргаштиришга ҳаракат қилади.
Товен яқинда "Марсель"ни Мексиканинг "Тигрес" жамоасига алишди. У рақиб ҳимоясини кесувчи узатмаларни устаси ва ўзига ҳам вазият ярата олади. Агар Франция Токиода муваффақият қозонишни ният қилган бўлса, Товен жамоанинг муҳим футболчиси бўлиши турган гап.
Андре-Пьер Жиньяк (ҳужумчи, Франция, "Тигрес", 35 ёш)
Жамоа ўйини Товен атрофида қурилса-да, мухлисларга унинг клубдаги жамоадоши Андре-Пьер Жиньяк ҳаракатларини кузатиш қизиқроқ бўлса ажаб эмас. Унинг 2015 йил ёзда "Марсель"дан "Тигрес"га кўчиб ўтиш қарори кўпчилик учун кутилмаган бўлди. Миш-мишлар уни "Интер" ёки "Лион"га жўнатаётган бир вақтда футболчи буткул бошқа йўналишда кетиб қолди.
Бироқ ундан буён Жиньяк бирор марта Европа томон "қайрилмади", Мексика клуби сафида 149 та гол урди ва маҳаллий клубнинг рамзига айланиб улгурди. Ҳозир 35 ёшли форвард Олимпиадага КОНКАКАФ Чемпионлар Лигаси ғолиби сифатида йўл олмоқда ва бу 2016 йилдан буён илк бор спортчининг Франция либосида майдонга тушиши бўлади! Шундай экан Жиньяк юртдошларига ўзи ҳақида эслатиб қўйиш учун астойдил ҳаракат қилиши турган гап.
Марко Асенсио (ярим ҳимоячи, Испания, "Реал Мадрид", 25 ёш)
Трансфер нархи, юлдузлик даражаси ва қўлга киритилган трофейлар рўйхати борасида бу Олимпиа иштирокчиларидан унча-мунчаси Асенсио билан баҳслаша олмайди. 25 ёшли футболчи ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ очиб беролмаётгандек. Жисмоний ҳолати сабаб Ла Лига доирасидаги охирги 74 учрашувдан фақатгина 43 тасида асосий таркибда майдонга тушди. Ушбу оралиқда Асенсио 9 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди.
Бироқ "Реал" ярим ҳимоячиси юксак иқтидори ила ҳали ҳам фаолиятида бурилиш қилишга қодирдек. Ушбу ёз испан футболи учун бир мунча омадли ўтмоқда дейиш мумкин. Унинг чиройли якунини эса айнан Токиода кўришимиз мумкин ва Асенсио ушбу терманинг етакчиларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Ришарлисон (ҳужумчи, Бразилия, "Эвертон", 24 ёш)
Бу ёз Ришарлисон Америка Кубогида еттита ўйинда майдонга тушди, мусобақада футболчи биттадан гол ва голли узатма муаллифига айланди. Шубҳасиз, ҳужумчи Бразилия финалга етиб боришида ёрдам берди, лекин ҳал қилувчи ўинда "селесао" Аргентинага ютқазиб қўйди. Энди "Эвертон" вакили яна бир бор Бразилияни энг юқори поғонага олиб чиқиши ва беш йил олдин қўлга киритилган олтинни сақлаб қолишини таъминлаши мумкин.
Миш-мишларга қараганда, Карло Анчелотти собиқ шогирди билан боғланган ва "Реал"га ўтиш борасида гаплашган. Шундай экан Олимпиада Ришарлисон учун ўз иқтидорларини "қироллик клуби" раҳбариятига кўрсатиб қўйиш учун яна бир имконият бўлиши мумкин.
Амад Диалло (ҳужумчи, Кот-д'Ивуар, "Манчестер Юнайтед", 19 ёш)
"Манчестер Юнайтед"га 20 миллион евродан кўпроқ сумма эвазига трансфер қилиниши исталган футболчи учун босим бўлади. Ҳужумчи ҳали 20 ёшга ҳам кирмаган бўлса, унда унга янада қийинроқ бўлиши табиий. Бироқ Амад Диаллони бу вазият ортиқча ташвишга солмайдиган кўринади.
АПЛда дебют қилганидан кейин берилган интервьюларидан бирида Диалло шундай деди: "Аслини олганда мен ҳеч қачон футбол ўйнашдан қўрқмайман. Менинг кучли томоним ҳам асли шунда. "Лестер"га қарши ўйиндан бир кун аввал мен майдонга тушишимни айтишганида - ҳа, бошида бироз асабийлашгандек бўлдим. Лекин бу футбол, сиз ҳеч қачон қўрқмаслигингиз керак", - қўшимча қилади у.
Ушбу сўзларидан келиб чиқиб, Амад Олимпиада майдонида ҳам ҳеч ким ва ҳеч нимадан қўрқмаслигини тахмин қилишимиз мумкин. Унинг тезлиги ва маҳорати эса Кот-д'Ивуар учун медаллар учун курашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин. "Манчестер Юнайтед" мухлислари ҳеч бўлмаса шу йигитча учун ҳам Олимпиаданинг футбол баҳсларини кузатиб боришса керак.
Франк Кессье (ярим ҳимоячи, "Милан", Кот-д'Ивуар, 24 ёш)
Ивуарликлар таркибида Диаллодан ташқари Франк Кессьени ҳам алоҳида кўрсатса бўлади. Ортда қолган мавсум футболчи учун фаолиятидаги энг яхшиси бўлди: "Милан" таркибида 50 учрашув, 14 та гол ва 6 та голли узатма. Таянч зона вакили учун ажойиб кўрсаткич. Айнан Франк жамоанинг асосий "мотори" бўлиши ва орқароқдан ҳужумларни бошқариб туришига шубҳа қилмасак ҳам бўлади чоғи.
Дани Ольмо (ҳужумчи, Испания, "РБ Лейпциг", 23 ёш)
Испания Евро-2021"да ярим финалда мусобақани тарк этган бўлсада, улар чемпионатнинг бўлажак ғолиби Италияга чинакам бош оғриқ бўлди ва ўзаро ўйинда ҳеч жабҳада қолишмади. Жумладан, "қизил фурия" таркибида Дани Ольмо ўзининг ёрқин ўйинлари билан мухлислар эътиборини қозонди. У "алдамчи тўққизлик" ролини яхши бажара олди ва Италия ҳимоячиларини анча тер тўкишига сабабчи бўлди. Техник томондан кучли, креатив ва ақлли Ольмо Испания олимпия термасининг етакчиларидан бўлиши аниқ. Айнан Дани ва Асенсио жамоа голлари ва хавфли вазиятлари манбаасига айланишлари кутилмоқда.
Дани Алвес (ҳимоячи, Бразилия, "Сан-Паулу", 38 ёш)
Алвес 38 ёшда эканлигини инобатга олсак, у Олимпия ўйинларида ҳам ўз вақтида "Барселона"да бўлгани каби қанотни "ёндиришини" кутиш бироз ноўриндек. Аммо нима бўлганда ҳам гап профессионал фаолияти давомида 42 та соврин ютган спортчи ҳақида кетаётганини унутмаслик лозим! Футбол тарихида бу борада ундан зўри йўқ. Шу фактнинг ўзи Алвеснинг Олимпиадада зафар қучишини ўзгача қилади. Нейтрал мухлисларнинг кўпчилиги шунинг учун ҳам Бразилияни қўллаб-қувватласа ажаб эмас. Назаримизда Дани Алвес - бу ёш Бразилия учун идеал йўл бошловчи.
Педри (ярим ҳимоячи, Испания, "Барселона", 18 ёш)
Ёш Педрининг Евро-2021 рамзий термасига киритилиши борасида ҳеч бир адекват мухлис эътироз билдирмаса керак. Бундай натижага 18 ёшда эришиш - таҳсинга лойиқ! Унинг энг дахшатли муваффақияти ярим финалда, Италияга қарши учрашувнинг 90 дақиқасида тўп узатмаларининг аниқлиги 100%ни ташкил этгани бўлди.
Педри бутун мусобақа давомида вазиятлар яратиш (11) борасида ва узатмалар умумий сони (421) бўйича 5-натижани ҳамда жамоаси ҳужум қилаётганда амалга оширилган аниқ узатмалар (177) бўйича энг яхши натижани қайд этди.
"Барселона" сафида ўтган омадли дебют мавсум ва Евро-2021 ярим финалидан сўнг, Токио-2020 олтини иқтидорли болакайга бўлган эътибор ва эътирофни янада ортишига сабаб бўларди.
Унаи Симон (дарвозабон "Атлетик", Испания, 24 ёш)
Бундан икки йил олдин Симонни испан футболининг ашаддий мухлисларигина танирди. Бу мавсумда эса "Атлетик" кипери Испания терма жамоаси "биринчи рақамига" айланди. Ортда қолган Европа чемпионатида эса олтита ўйин ўтказди (улардан иккитаси "қуруқ"). Унаи кўпчилик танқидчиларга муносиб жавоб бера олди. Агарда испанлар Токиода ҳам муваффақиятли иштирок эта олса, дарвозабонни "Атлетик"дан шу ёздаёқ олиб кетишса керак.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар