UZ

Сўнгги янгиликлар

18:40"Ҳумо Арена"даги бокс оқшоми натижалари битта саҳифада LIVE 0 18:35Мбаппе ўтган мавсумнинг энг яхши уч ўйинчисини санади 0 18:12Гандбол. Ярим финалда Озарбайжонга ютқаздик, энди учинчи ўрин учун ўйнаймиз + ФОТО 0 17:48Дана Уайт UFC жангчиларининг маоши оширилиши ҳақидаги саволга жавоб берди 0 17:25Надаль Цинциннатида машғулотларни бошлади 0 17:01Депай А Серия гранди билан 2 йиллик шартнома бўйича келишувга эришди. Унинг маоши қанчалиги ҳам маълум 0 16:38Шифокорларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан атлетларимиз муваффақиятга эришишмоқда 0 16:16Дана Уайт Жейк Полга қарши жанг ҳақида гапирди 0 15:54"Ҳумо" Қозоғистон чемпионатидаги илк ўйинини ўз уйида ўтказади (тақвим) 0 15:32"Манчестер Юнайтед" янги дарвозабон топди 0 15:10Тасдиқланди: Ботир Аҳмедов чемпионлик жангига Ўзбекистон байроғи остида чиқади 1 14:48Боксчиларимиз Чеченистондаги мусобақага жўнаб кетишди, таркибда Ҳасанбой ҳам бор 0 14:26Маматраҳимов шарафига Эквадорда Ўзбекистон мадҳияси янгради + ФОТО 1 14:05Тен Хаг: “Роналду кетмоқчи? Бу сизнинг фаразингиз холос, аслида эса …” 0 13:44Дана Уайт: "Биз Федор Емельяненкога жуда кўп пул таклиф қилдик" 0

15 май 14:27
Янгиликлар

Футбол

Тошкентга ташриф буюраётган Италия футболи афсоналари билан танишинг

18 май санасида Ўзбекистон ва Италия футболи афсоналари ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилади.

Мамлакатимизга ташриф буюраётган Италия футбол афсоналари билан қисқача таништириб ўтамиз.


ДАРВОЗАБОН 

Кристиан Аббьяти (1977 йил таваллуд топган)

Аббьяти профессионал фаолиятини “Монца”да бошлаган, кейинроқ “Милан” сафида 300 дан ортиқ расмий ўйинда майдонга тушган. Шунингдек, у "Боргозезия", "Ювентус", "Торино" ва "Атлетико Мадрид" сафида ҳаракат қилган. Италиялик посбон учта А Серия чемпионлиги, бир бор Италия кубоги, икки марта Италия Суперкубоги, бир марта УEФА Чемпионлар Лигаси ва бир марта УEФА Суперкубогини қўлга киритган.

Аббьяти Евро-2000 (жамоаси финалга чиққан) ва 2002 йилги жаҳон чемпионатида Италия терма жамоаси томонидан таклиф этилган бўлса-да, "Скуадра адзурра" либосида фақатгина 2003 йилда Швейцарияга қарши ўртоқлик ўйинида (2:1) майдонга тушишга муваффақ бўлди. Умуман олганда, Кристиан жами 4 марта терма жамоа шарафини ҳимоя қилган.

Ҳозирда Аббьяти "Милан"да энг кўп ўйин ўтказиш бўйича дарвозабонлар орасида рекордчи (380 та) саналади. Энг гуллаган даврида у Италиянинг энг яхши дарвозабонларидан бири ҳисобланарди.



ҲИМОЯЧИЛАР

Лука Антонини (1982 йил таваллуд топган)

Лука Антонини фаолиятини “Милан”да бошлаган. Ёшлар жамоасида тўп тепиб юрган Антонининг келгуси фаолияти ижарама-ижара юриш билан давом этади. Аввал "Падова", кейинчалик "Прато" (C серия), сўнгра "Анкона" (Б серия) жамоалари шарафини ҳимоя қилди.

2003 йилнинг ёзида футболчи 2 миллион евро эвазига "Сампдория"га кўчиб ўтди.

Лука А Сериядаги дебютини 13 декабр куни "Перуджа"га қарши ўтказди.

Аммо у “Сампдория”да ҳам кўнгилдагидек ўйнолмади, Гасбаронни уни захирага михлади. Кейинроқ яна унинг ижара сафари давом этди. "Модена", "Пескара", "Ареццо", "Сиена" каби клубларнинг нафасидан баҳраманд бўлган футболчини "Милан" 2007/08 йилги мавсум бошланишидан аввал 1 миллион евро эвазига қайтариб олди ҳамда "Эмполи"га юборди. Ушбу клуб сафида у "Цюрих"га қарши ўйинда УЕФА кубогида дебют қилди. Унинг кейинги юришлари ҳам шу тарзда кечди, қисқаси, Италияда у бормаган нуқта қолмади. Бироқ Антонин кўз олдимизда гавдаланганда, унинг "Милан" сафидаги ўйинларини ёдга оламиз. Лука "россонерлар" таркибида турли мусобақаларда 111 ўйин ўтказиб, битта гол урди, шунингдек, 2010/11 йилги мавсум А Серия чемпионлигини қўлга киритди.


Дарио Шимич (1975 йил таваллуд топган)

Хорватиялик собиқ футболчи Шимич кўп қиррали ҳимоячи бўлиб, қанотда ҳам, марказда ҳам бирдай ўйнаган; айниқса, ҳаводаги курашларда устун келиши билан машҳур эди. "Динамо Загреб" академияси тарбияланувчиси дастлаб хорват клубида, кейинчалик А Сериянинг "Интер", "Милан", Франциянинг "Монако" жамоаларида ўйнаган. 2010 йил Загребнинг "Динамо"сига қайтгач, фаолиятини якунлайди.

Шимич 1996-2008 йилларда Хорватия терма жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Дарио 100 та халқаро ўйинда ғалаба қозонган дастлабки хорватиялик футболчи бўлди. Шундан кўп ўтмай, терма жамоадаги фаолиятини якунлайди. Ҳозирда у Хорватия сафида энг кўп ўйин ўтказган футболчилар орасида саккизинчи ўринни эгаллаб турибди. Шимич Хорватия терма жамоаси 1990 ва 2000-йилларда қатнашган олтита йирик турнирнинг ҳар бирида, жумладан, уч бор жаҳон чемпионати (1998, 2002 ва 2006 йилларда 11 та ўйин) ҳамда шунча Европа чемпионатида (1996, 2004 ва 2008 йилларда 5 та ўйин) иштирок этган.

Шимич совринлар жавонидан 5 та Хорватия чемпионлиги ва 4 та мамлакат кубоги, суперкубоги, шунингдек, А Серия чемпионлиги, кубоги, суперкубоги, 2 та Чемпионлар лигаси ғолиблиги, УЕФА суперкубоги, клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлиги, қолаверса, жаҳон чемпионати бронза медали (1998) ўрин олган.



Кристиан Заккардо (1981 йил таваллуд топган)

Италиялик собиқ ҳимоячи асосан мудофаанинг марказий қисмида ўйнаган.

Клубдаги фаолиятини 2000 йилда Италиянинг "Болонья"сида бошлаган ҳамда "Специя"да бир мавсум ижарада ўйнаганини айтмаганда клуб сафида 2004 йилгача тўп тепган. Кейинчалик у "Палермо"га кўчиб ўтди ҳамда тўрт мавсум давомида машҳурликка эришди. 2008 йилда у Германиянинг "Вольфсбург" клубига ўтди ва олмон ўлкасида 2008/09 йилги Бундеслига чемпионлигини қўлга киритди. Кейинги мавсумда у Италияга қайтиб, "Парма" таркибига қўшилди, 2013 йилда эса "Милан"га кўчиб ўтди. 2015 йил "Карпи", 2016/17 йилги мавсумни "Виченца"дан қўним топди. 2017 йилнинг октябрь ойида у Мальта Премьер-лигасида иштирок этадиган "Хамрун Спартанс"га йўл олди. 2019 йилнинг январь ойида у Сан-Маринонинг "Тре Фиори" клуби билан шартнома имзолади. Клуб билан Титано кубогини қўлга киритгач, июль ойида футболчилик фаолиятини якунлади.

Халқаро миқёсда у 2004 йилдан 2007 йилгача Италия терма жамоаси шарафини 17 марта ҳимоя қилган ва битта гол урган; 2006 йилги жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган Италия жамоаси таркибидан ўрин эгаллаган.



Кристиан Зенони (1977 йил таваллуд топган)

Италиялик собиқ футболи қанот ҳимоячиси сифатида фаолият олиб борган. У собиқ футболчи Дамиано Зенонининг эгизаги саналади. 

Зенони карьераси давомида "Аталанта", "Милан", "Ювентус", "Сампдория", "Болонья" ҳамда яна бир нечта клубларда тўп тепган. Умуман олганда, у профессионал футболчилик фаолияти давомида клублар сафида 546 ўйинда майдонга тушиб, 10 бор рақиб дарвозабонларини ранжитган.

Терма жамоа сафида эса атиги икки баҳсда кўк либосни кийиш шарафига мушарраф бўлган (Аргентина ва Хорватияга қарши).


Насименто Сантос Алдаир (1965 йил йил таваллуд топган)

Алдаир Наccименто дос Сантос, тилингиз келишмаса, айтишга қулай Алдаир номи билан танилган бразилиялик ҳимоячи терма жамоа таркибида 1994 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан.

Алдаир профессионал фаолиятини "Фламенго" клубида ўйнай бошлади ва клуб сафида Бразилия чемпионлигини қўлга киритди. 1989 йилда у Европага, Португалиянинг "Бенфика"сига йўл олди, у ерда мамлакат суперкубогини қўлга киритди ҳамда "бургутлар" билан Европа Чемпионлар кубоги финалигача етиб борди. Кейинчалик у 1990 йилда Италиянинг "Рома" клубига ўтди ва 2003 йилгача клубда ҳаракат қилиб, А Серияда 400 га яқин ўйин ўтказди, шу билан бирга клуб сардорига айланди. 1991 йил Италия кубогини қўлга киритди, ўша мавсумда УEФА кубоги финалига қадар етиб борди, 2001 йилда эса Италия чемпиони ҳамда мамлакат суперкубоги соҳибига айланди. Унинг номи "Рома" клуби шон-шуҳрат залидан ўрин олган.



Венсан Кандела (1973 йил таваллуд топган)

Франциялик собиқ ҳимоячи терма жамоаси билан 1998 йилги жаҳон чемпионати ҳамда 2000 йилги Европа чемпионатида зафар қучган.

Карьераси давомида Франциянинг "Тулуза", "Генгам", Италиянинг "Рома", "Удинизе", "Сиена", "Мессина", шунингдек, Англиянинг "Болтон" клуби либосини кийган. 2001 йил "Рома" сафида Италия чемпиони ва мамлакат суперкубогини қўлга киритган. 

Франция терма жамоаси сафида 1996-2003 йиллар давомида майдонга тушиб, 40 ўйинда 5 та гол уришга эришган.



ЯРИМ ҲИМОЯЧИЛАР

Луиджи ди Бьяджо (1971 йил таваллуд топган)

Жижи номи билан танилган Ди Бьяджо 2000 йилги Европа чемпионатининг кумуш медалини қўлга киритган. Узоқ масофадан кучли ва аниқ зарба бериши билан донғи кетган. 

Клубдаги фаолиятини "Лацио"да бошлаган Жижи, кейинги мавсумлар давомида бироз пастга шўнғиди. Б Сериядаги "Монца" ва С серияда ўйновчи "Фоджа"да жами олти йиллик фаолиятидан сўнг "Рома" таркибига келиб қўшилди. Бу трансфер ҳайратланарли бўлиб чиқди, чунки у Римнинг бошқа клуби - "Лацио" тарбияланувчиси ва мухлиси эди. Салкам беш мавсумдан сўнг у "Интер"га ўтди ҳамда клуб сафида 88 ўйинда майдонга тушиб, 13 бор рақиб дарвоза тўрларини титратди.

2003 йилнинг ёзида Эктор Купер билан келишмовчилик унинг "Брешия"га ўтишига сабаб бўлди. 2007 йилда эса "Асколи" лагерига йўл олди. У ерда 5 ўйинда 2 та гол урди, шунингдек, сариқ ва қизил карточка ишлашга ҳам улгурди. Шу тариқа, унинг футболчилик карьераси поёнига етди.

Ди Бьяжо Италия терма жамоаси сафида 1998 йилнинг 28 январида Словакияга қарши ўйинда дебют қилган. Луиджи терма жамоа сафида жами 31 та ўйин ўтказиб, 2 та гол урган. Иккита жаҳон чемпионати ва бир марта Европа чемпионатида иштирок этган. Ди Бьяжо "Скуадра Адзурра"даги сўнгги ўйинини 2002 йилнинг ноябрида ўтказган.

Футболчилик фаолиятини якунлагач, мураббийликка қўл урган Жижи илк ишини 2008 йил "Ла Сторта Рома"дан бошлади. 2011 йилнинг 25 июлида у Италия U-20 жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. 2013 йилнинг 2 июлида Дэвис Манжу ўрнига U-21 жамоаси устозлик қила бошлади. 2018 йилнинг 5 февралида Италия терма жамоасига вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланди ҳамда Аргентина ва Англияга қарши ўртоқлик ўйинларига жамоани тайёрлади. 2020 йилда "Спал" бошқарувига келди, бироқ у ерда "кетмони учмади" ҳамда клуб Б Серияга равона бўлди.



Анжело Карбоне (1968 йил таваллуд топган)

"Бари" клуби тарбияланувчиси 1988/89 йилги мавсумда жамоадаги дебютини ўтказди, ўша мавсумда "Бари" А Серияга йўл олди. Кейинги йили жамоа лигада 10-ўринни эгаллаш билан бир қаторда Митропа кубогини қўлга киритди. Шундан сўнг Анжело Карбонени "Милан" сотиб олди. Ўша йили у Европа суперкубоги ва Қитъалараро кубок соҳибига айланди, шунингдек, Чемпионлар кубоги турниридаги дебютида гол урди. 1990/91 йилги мавсум якунлангач, Карбоне аввалига "Бари"га, кейин эса "Наполи"га ижарага берилди. 1993/94 йилги мавсумда Анжело Карбоне "Милан"га қайтди ва "россонерлар" билан А Серия ҳамда Чемпионлар Лигасида ғолиб чиқди. Аммо 1994 йилда у "Милан"ни тарк этиб, "Пьяченца"га кўчиб ўтди. Кейинчалик яна бир неча донғи чиқмаган жамоаларда дарбадарликда юрган Карбоне 2005 йилда эса "Про Патрия" клубида фаолиятини якунлади.

Италия U-21 жамоаси сафида Анжело 8 та ўйин ўтказди ҳамда 1990 йилги Европа чемпионатининг бронза медали совриндорига айланди.


Марек Янкуловский (1977 йил таваллуд топган)

Чехиялик собиқ профессионал футболчи, чап қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаган. Унинг энг кўзга кўринган ютуқлари орасида 2007 йил "Милан" билан УEФА Чемпионлар лигасидаги ғалаба ҳамда ўша йили Чехияда йилнинг энг яхши футболчиси деб топилганлигини таъкидлаш мумкин. Чехия терма жамоаси сафида у 77 та ўйин ўтказган ҳамда жамоа таркибида учта Европа чемпионати, 2000 йилги Олимпиада ва 2006 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган. 2004 йилги қитъа биринчилигида бронза медалини қўога киритган.

Тезкор, қатъиятли ва меҳнаткаш ўйинчи бўлган Янкуловский ўзининг кўп қирралилиги, чап қанотнинг исталган жойида ўйнай олиши билан машҳур эди ва бутун фаолияти давомида ундан қанот ҳимоячиси, қанот ярим ҳимоячиси фойдаланилган.

Фаолитини Чехиянинг "Баник" клубида бошлаган ва шу ерда якунлаган. Бундан ташқари, у "бузоқлар ўлкаси"да "Милан"дан ташқари "Наполи" ва "Удинизе" клублари либосида тўп тепган.



Сержиньо (1971 йил таваллуд топган)

Сержио Клаудио дос Сантос, қисқа қилиб айтганда, Сержиньо номи билан машҳур бразилиялик собиқ футболчини сўнгги марта 2008 йил Италиянинг "Милан" клубида чап қанот футболчиси сифатида кўрганмиз. 1999 йил “Милан” таркибига қўшилишидан олдин у бир қанча Бразилия клублар либосида ўйнаган. Ўзининг шиддатли ҳужумлари билан танилган Серж "Милан" билан икки марта Чемпионлар Лигасида, шунингдек, бошқа совринлар қаторида 2004 йил Италия А Сериясида чемпион бўлган. Халқаро миқёсда у 1999 йилги ФИФА Конфедерациялар кубогида Бразилия шарафини ҳимоя қилган ҳамда жанубий америкаликлар билан 1999 йил Америка кубогини тантана қилди.



Людовик Жюли (1976 йил таваллуд топган)

Франциялик собиқ футболчи беш йил давомида мамлакат терма жамоаси шарафини ҳимоя қилди ва 17 ўйин ўтказиб, ватанининг 2003 йилги Конфедерациялар кубогида зафар қозонишида ҳисса қўшган. Унинг эсда қоладиган лаҳзалари "Барселона"да кечган, чунки у 2005/06 йилги мавсумда каталонияликларга Чемпионлар лигасини қўлга киритишида ёрдам берган. 

Клубдаги фаолиятини 1994 йил "Лион"да бошлаган Жюли уч йилдан сўнг "Монако" чақириғига "лаббай" дея жавоб беради. 1999/2000 йилги мавсумда клуб билан Франция чемпионлигини қўлга киритди ҳамда Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб борди.

2004 йил Людовик "Барселона" билан шартнома имзолади. Каталонияга кўчиб ўтгандан сўнг Жюли икки бор чемпионлик ва Испания суперкубоги, шунингдек, Чемпионлар лигасида муваффақият қозонди. 

2007 йил "Рома" билан уч йиллик шартнома имзолаган футболчи клуб сафида Италия кубогини қўлга киритди. Кейинчалик ватанига қайтган Жюли ПСЖ, "Монако", "Лорьян", "Монт-д'Ор-Азерг" клубларида тўп тепди. Мамлакат совринлари ичида чемпионлик, кубок ва лига кубогини ютуқлари қаторига қўшиб қўйди.



Робсон Толедо Мачадо (1981 йил таваллуд топган)

Бразилиялик ярим ҳимоячи ҳам умрининг катта қисмини Италия диёрида ўтказди ҳамда юқоридаги баъзи шериклари сингари ижарада саёҳат қилади. 

Футболчининг мақтанадиган дамлари ёки совринлари деярлари мавжуд эмас. У тўп тепган клублар менюсини кўздан кечирадиган бўлсак, "Удинизе" ва "Наполи" жамоаларини эътироф этишимиз мумкин, бироқ Мачадонинг у ердаги саргузаштлари ёрқин чиқмаган.



Альберто Жилардиньо (1982 йил таваллуд топган)

Италиялик собиқ ҳужумчи ҳозирда мураббийлик фаолияти билан машғул бўлмоқда.

Сермаҳсул тўпурарни ёшлигида вазиятдан фойдалана олиш, позицион танлай билиш ҳамда голга интилиши туфайли Филиппо Индзаги билан таққосланган. Жилардиньо ҳозирда А Серияда 100 та гол урган энг ёш ўнинчидан бири бўлиб , у ўз голини 26 ёшу 105 кунлик пайтида киритган. Собиқ ҳужумчи А Серияда 188 та гол билан ҳозирда А Серия тарихидаги энг яхши тўпурарлар ўнталигига киради. Унинг гол нишонланишида тиз чўкиб, хаёлан скрипка чалаётганини кўп бор гувоҳи бўлганмиз.

Жилардиньо бутун фаолияти давомида Италиянинг бир қанча клубларида ўйнаган. У дастлаб "Парма"даги фаолияти давомида ўзининг сермаҳсуллиги билан шуҳрат қозонди, бу эса унга 2004 йилда А Серияда йилнинг энг яхши ёш футболчиси, келгуси йил А Серияда йилнинг энг яхши футболчиси совринларини қўлга киритишига замин яратди. 2005 йилда Альберто "Милан"га ўтди. "Милан" таркибида у 2006/07 йилги мавсумда УEФА Чемпионлар Лигаси, 2007 йилги УEФА суперкубоги ҳамда ўша йил клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди. Жилардиньо Хитойнинг "Гуанчжоу Эвергранд" клубида ҳам тўп тепган ва клуб билан 2014 йилда Хитой суперлигасида ғолиб чиққан.

Жилардиньо Италия U-15 дан тортиб деярли барча ёш тоифаларида иштирок этган. Жумладан, 2004 йилда 21 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Европа чемпионатида ғолиб чиққан Италия жамоасининг бир қисми бўлган ҳамда турнирнинг энг яхши тўпурарига ва энг яхши ўйинчисига айланган ва турнирнинг рамзий жамоасидан ўрин эгаллаган. Ўша йили у 2004 йилги ёзги Олимпия ўйинларида Италия терма жамоаси билан бронза медалини қўлга киритди. Юксак даражадаги форвард 2006 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан жамоанинг бир бўлаги бўлган. Шунингдек, 2009 йилги Конфедерациялар кубоги, 2010 йилги жаҳон чемпионати ва 2013 йилги Конфедерациялар кубогида бронза медални қўлга киритди. Жилардиньо фаолияти давомида 432 та гол урган.



Даниеле Массаро (1961 йил таваллуд топган)

Италиялик собиқ футболчи ҳужумчи позициясида ҳаракат қилган. У 80-йилларнинг охири ва 90-йилларда Арриго Сакки ва Фабио Капелло бошқарувидаги “Милан”даги муваффақиятли фаолияти билан ёдда қолган ҳамда "россонерлар" футболкасида Европа ва халқаро миқёсда сезиларли натижаларга эришган. Массаро гарчи майдонга тушмаган бўлса-да, Италия таркибида 1982 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққди. Шунингдек, у 1994 йилги жаҳон чемпионати финалида иштирок этади, турнир давомида гол киритишга муваффақ бўлган форвард ҳал қилувчи баҳсда жамоасининг пенальтиларидан бирини аниқ амалга ошира олмади, натижада Бразилия мундиал ғолибига айланди.



Винченцо Яквинта (1979 йил таваллуд топган)

Италиялик собиқ футболчи ҳужумчи позициясида ўйнаган. Яквинта дастлаб  мамлакатнинг бир неча кичик клубларида тўп тепган, сўнгра "Удинезе"га ўтган ва у ерда 7 мавсумни ўтказган. Ушбу клуб сафида илк бор еврокубокларда иштирок этиш бахтига муяссар бўлади. "Оқ-қоралар"даги бир неча ажойиб мавсумдан сўнг 2007 йилда "Ювентус" таркибига келиб қўшилади. 2011/12 йилги мавсум Антонио Конте қўл остида асосий таркибдан жой эгаллай олмаганидан сўнг, 2012 йилнинг январида "Чезена"га ярим мавсум ижарага бериб юборилди; кейинги мавсумда "Ювентус"га қайтган футболчи жароҳати туфайли деярли майдонга тушмайди, кейинчалик у 2013 йил бутсаларини михга илади.

Яквинта 2005-2010 йилларда Италия терма жамоаси сафида 40 та ўйин ўтказиб, 6 та гол урган. У 2006 йилги жаҳон чемпионатида ғолиб чиққади. Шунингдек, Италия терма жамоаси билан 2009 йилги Конфедерациялар кубоги ҳамда 2010 йилги мундиалда ҳам иштирок этган.



Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг