09 апр 15:08
Янгиликлар
Тунги клубдан UFC октагонигача…Томирида Хитой қони оқаётган UFC'даги энг яхши боксчи – Петр Ян ҳақида
Келаётган дам олиш куни Петр Ян америкалик Алжамейн Стерлинг билан реванш жанги ўтказади. Қуйидаги материалимизда россиялик жангчининг болалиги, шахсий ҳаёти ва албатта Таиландга бўлган муҳаббати ҳақида сўз юритамиз.
Петр Ян. Россиянинг UFC'даги энг яхши жангчиси. Петр 1993 йилда Красноярск ўлкасининг қишлоқларидан бирида дунёга келган. Бўлажак спорт юлдузининг 3 нафар акаси ва 4 нафар синглиси бор эди.
«Менинг онам афсонавий аёл. У ажойиб иш қилди: саккиз нафар фарзандини катта қилди, ҳеч кимни болалар уйига бермади. Барчамизни яхши тарбиялади. Оиламизда ҳеч ким ичмайди, чекмайди, ҳамманинг оиласи бор», - деди жангчи Матч ТВ каналига берган интервьюсида.
Спортга етаклаган камситиш
Красноярскнинг 50 даражадан паст бўлган совуқ иқлими Петрни чидамли қилди. Кейинчалик – Петр 12 ёшга тўлганида оиласи билан Дудинкага кўчиб ўтган. Унинг отаси томонидан бобоси хитойлик бўлган, бувиси грузин, онаси ва унинг қариндошлари эса рус. Ян ота-боболарига ҳурмат кўрсатади, лекин кўплаб интервьюларида рус православи эканлигини таъкидлаган. Болакай ўзининг ноодатий фамилияси туфайли мактаб болаларининг доимий камситиши ва ҳақоратларига дучор бўлган эди. Ўзини ҳимоя қилиш истаги уни бокс (бундан аввал у таэквондо, футбол, кураш ва ҳатто гимнастика секцияларига борган) билан шуғулланишга ундади.
Ўша вақтларда у кўча жангларида қатнашган, уйига кўкаришлар ва жароҳатлар билан келган. Унинг чарчамас кучини сарфлайдиган жойи йўқ эди – қишлоқда болалар тўгараклари ва бўлимлари бўлмаган. Дудинка шаҳрига кўчиб ўтганидан кейин ҳамма нарса ўзгарди.
«Мен иккинчи сменада ўқидим, шунинг учун бошқа ишлар билан шуғулланишга муваффақ бўлганман», - дея хотирлайди спортчи.
Охир-оқибат йигит боксни танлади. Болалигидаги кумири – Костя Цзюнинг шон-шуҳрати Петрни қатъий ҳаракатга ундади.
Николай Николаевич Суржинов Яннинг қобилиятини дарҳол қадрлаб, унинг биринчи мураббийи бўлди.
«Айнан у менга 9-синфдан кейин Омскга кўчиб ўтишимни ва бокс бўйича спорт устаси, бутун дунёнинг ажойиб спортчиларини тарбиялаган истеъдодли педагог Юрий Владимирович Демченко билан ўқишни давом эттиришимни маслаҳат берди», - деган эди Ян интервьюларининг бирида. Демченко вокзалда 15 ёшли ўсмир билан шахсан учрашди ва уни спорт мактабига тайинлади. Петр у ерда 2 йил ўқиганидан кейин, Сибир давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига ўқишга кирди. Талаба тирикчилик қилиш учун Омскдаги машҳур «Атлантис» тунги клубида пуллик жангларда қатнашган (ҳар бир жанг учун 4000 рубль олган), қўриқчилик қилган. Спортчининг ўзига кўра, бу унинг учун қизиқарли тажриба бўлган. Тунда меҳмонлар камтар қўриқчига яқинлашиб, клубни тарк этиш талабини жиддий қабул қилмас эдилар. Кейин, албатта, улар ўзларининг хатти-ҳаракатларидан пушаймон бўлишарди.
Петр саккиз йилни профессионал боксга бағишлади, спорт устаси бўлди ва ўзининг энг юқори чўққисига чиққанини англади. Ўзини бошқа нарсада синаб кўриш истаги пайдо бўлди ва йигит аралаш жанг санъатига қизиқа бошлади. У ўзининг дебютини 2013 йилда Иркутскда ўтказган ва жанг ҳақида турнир бошланишидан ўн кун олдин билиб олган. Жанг қийин кечди, аммо қўшимча раундда Ян барибир рақибини нокаутга учратди.
Қаҳрамонимиз 2018 йилнинг январь ойида UFC билан шартнома имзолади. Жангларидан кейин Петр «No Mercy» (раҳм-шафқат йўқ) тахаллусини олди.
Шахсий ҳаёт
Петр рафиқаси Юлия билан спорт карьерасини эндигина бошлаганида Омскда танишган. Ўшандан бери у ҳамма жойда суюклисига ҳамроҳ бўлиб, у учун омад тимсолига айланган.
2016 йилда уларнинг биринчи фарзанди Даниил дунёга келди. Бола машҳур отасига ўхшаш икки томчи сувга ўхшайди. Петр Ян ҳомиладор рафиқаси ва ўғли Даниил билан 2020 йил февраль ойида қисқа таътилга чиқди - дам олиш учун Таиландга учиб кетди. Аммо коронавирус эпидемияси ва карантин туфайли мамлакатдан чиқиб кетиш имконсиз бўлиб қолди ва оила Пукетда деярли беш ой қолишга мажбур бўлди. Петр океан бўйида бассейнли виллани ижарага олди, унда машғулот хонасини жиҳозлади ва ўзи жангга тайёргарлик кўра бошлади.
22 июнь куни худди шу жойда, Таиландда уларнинг иккинчи ўғли туғилди, унга Костя Цзю шарафига Константин исми қўйилди. Абу-Дабидаги жангдан сўнг эр-хотин Екатеринбургга қайтишди, у ерда Ян ва унинг оиласи 2018 йилдан бери яшайди, спортчи эса маҳаллий «Аrchangel Michael» клубида шуғулланмоқда.
Шахматга муҳаббат
Бир неча йил олдин Ян катта ўғлини шахмат бўлимига юборди… Ва у қандай қилиб бу спорт турига қизиқиб қолганини сезмади. Энди Петр ҳар куни смартфонда шахмат ўйнайди, бу эса унинг IQ даражасини яхшилайди. Қизиғи шундаки, Яннинг ашаддий рақиби Стерлинг ҳам шахматга берилиб кетди: Алжамайн шов-шувли «Қироллик ҳаракати» сериалини томоша қилганидан кейин оқ-қора доналарга меҳр қўйди.
Петр Ян ва Таиланд
Ян Таиландни жуда яхши кўради. У ерга илк бор 2014 йилда, ММАдаги фаолиятини эндигина бошлаганида келган. Шу йилдан бошлаб Таиландга тез-тез келиб туради, у ерда нафақат дам олади, балки жангларга ҳам тайёргарлик кўради.
«Таиланд мен жангларга, ғалабаларга тайёргарлик кўрадиган жой. Бу ер жуда ажойиб. Сиз бу ерда бўлсангизгина ҳаммасини ўзингиз тушуниб етасиз», - дейди Петр. Кейинчалик, Таиланддаги ҳар бир йиғинни «Тiger Muay Thai» диний залида ўтказди. Бир вақтнинг ўзида UFC'нинг кўплаб номдор жангчилари – Александр Волкановски, Валентина Шевченко, Дэн Хукер, Рафаэль Физиев ва Хамзат Чимаев кабилар ушбу залда шуғулланган.
Ян аллақачон маҳаллий аҳоли билан тил топишиб олган, ҳатто таиландлик меҳмонхона ишчисига ота-онасини тез-тез кўриб келиши учун скутер совға қилган. Петрнинг зарба техникаси бўйича мураббийи Қайрат Нурмаганбетов бу ҳақда шундай эслайди:
“Биз уч ой меҳмонхонада яшадик, у ерда Дэн исмли йигит ҳам сантехник, ҳам фаррош бўлиб ишлар эди. Дэн ҳамма муаммоларни ҳал қилар, барча ишларда бизга ёрдам берадиган ҳақиқий меҳнаткаш йигит. У шу меҳмонхонанинг кираверишида ухлайди. Петя у билан гаплашди, унинг Бирмадан эканлигини, ота-онаси 10 км узоқликда яшашини, уларнинг олдига бориб-келиши учун Дэнга 4 соат вақт кераклигини билиб олди. У ҳар куни бундай саёҳатга қодир эмас, шунинг учун улар камдан-кам ҳолларда бир-бирларини кўришади. Бу орада Петр Деннинг скутери бор-йўқлиги, ҳайдашни билиш-билмаслигини ҳам сўраб олди. У йигитчага скутер совға қилди – оилаининг тез-тез кўришиб туришларига сабабчи бўлди.
Бир неча кун аввал Пукетда Яннинг шарафига атаб номаълум рассом томонидан унинг граффити чизилди. Расм ҳали якунланмаган, аммо унда россияликнинг Стерлингга тақиқланган тизза зарбасини йўллаган вазият акс этгани аниқ.
Келаётган дам олиш куни Ян реванш олишга, беъмани хато туфайли йўқотган ғалаба ва камарини қайтариб олишга ҳаракат қилади.
Сарвиноз Рахмонқулова тайёрлади
Фикрлар