19 авг 08:00
Янгиликлар
Улар ЖЧга борадилар №3: Муроджон Аҳмадалиев
1994 йилда таваллуд топган наманганлик боксчимиз Муроджон Аҳмадалиев Гамбургга фаворит сифатида боради. Рио Олимпиадаси қаҳрамонларидан бири ҳисобланадиган "КАКА" бунгача 2015 йилда Доҳада бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида қатнашишга улгурган.
Қитъамизда бўлиб ўтган жаҳон биринчилигида Муроджон финалгача етиб борган ва якунда ирландиялик Майкл Конланга ҲАКАМЛАР сабаб имкониятни бой бериб қўйганди. Ваҳоланки, ўша финал жангида боксчимиз рақибини нокдаун ҳолатига туширишга ҳам муваффақ бўлганди. Якунда спортчимиз ЖЧ кумуш медали билан кифояланишга мажбур бўлганди. Ўша жангдан анча вақт ўтганидан кейин Конлан ўзи жанг қилган энг кучли боксчилар қаторида Аҳмадалиевни ҳам айтиб ўтганди.
Осиё чемпионатларида икки маротаба иштирок этган Муроджон 2015 йилда Бангкокда кумуш медалини қўлга киритганди. Ўшанда у финалда мезбонлар вакили Чатчаи Бутдега ютқазганди. Ҳудди ўша йили бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида вакилимиз чорак финалда ким аслида ким эканлигини кўрсатиб қўйган ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
Рио Олимпиадасида эса у принципиал рақибларидан бири, қозоғистонлик Қайрат Ералиевни ишончли тарзда мағлубиятга учратганди. Иккинчи жангида аргентиналик рақибини техник нокаут қилган Аҳмадалиев финал остонасида кубалик икки карра Олимпиада чемпиони Робейси Рамиресга имкониятни бой бериб, якунда бронза медаллари билан кифояланган.
Тошкентдаги Осиё чемпионатида эса у рақибларини кетма-кет нокаутлар ҳисобига мағлубиятга учратиб, финалгача етиб борган. Ҳал қилувчи жангда эса хитойлик Жанг Жиавеидан устун келиб, қитъа чемпионлигини қўлга киритганди. Жанг яқинлашиб келаётган ЖЧда Муроджондан реванш олишга уриниб кўриши аниқ.
Бундан ташқари -56 кг вазн тоифасида боксчимизга кубалик Хавьер Ибанез (Муроджон WSB доирасида Самарқандда бўлиб ўтган жангда уни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратган), қозоғистонлик Қайрат Ералиев (Рио Олимпиадаси ва ЖЧ-2015да мағлубиятга учратган), Европа чемпионати совриндорлари Питер МакГраил (Англия), Микола Бутсенко (Украина) лар асосий рақиблар ҳисобланишади.
Жуда кучли зарбага эга бўлган боксчимиз жаҳон чемпионати йўлланмасини шу йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида қўлга киритган. Спортчимиз ўша турнирда барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритганди.
Илк жаҳон чемпионатидаёқ финалгача етиб борган вакилимиз бу сафар камида шу натижасини такрорлаши лозим. Ўзбек бокс мухлислари Муроджон Аҳмадалиевдан олтин медаль кутмоқдалар десак янглишмаган бўламиз.
Азиз Тўхтамуродов
Фикрлар