25 янв 21:29
Янгиликлар
Усик ва Фьюри мутлақ чемпионлик учун курашишга келишиб олди. Жошуа бунинг учун четга чиқишга тайёр, аммо бир шарт билан...
Йилнинг асосий жанги деярли аниқ
Ўтган йили Александр Усик Энтони Жошуани мағлуб этиб, супероғир вазнда шунчаки чемпион бўлибгина қолмай, балки қизиқарли триони ҳам яратганди: Усик - Жошуа - Фьюри. Бу билан супероғир вазн янада шиддатлироқ бўла бошлади.
Ҳозирда ҳаммани бир савол қийнамоқда. Ким мутлақ жаҳон чемпиони бўлади? Бир ой олдин, Усикнинг Жошуа билан реванш жанги ўтказиши ва Фьюри Диллиан Уайтдан чемпионлик унвонини ҳимоя қилишига шубҳа йўқ эди. Аммо, ҳозирда иккала жанг ҳам сўроқ остида қолмоқда. Бу эса Усик-Фьюри жанги учун жуда яхши имконият яратади. Бундан барча томонлар манфаатдор бўлади, ҳатто Жошуанинг ўзи ҳам.
Фьюри Саудия Арабистонида жанг ўтказишини эълон қилди, Усик эса унинг рақиби бўлишини тасдиқлади
Ноябрь ойи охирида Усикнинг промоутери Александр Красюк ўз интервьюларида Энтони Жошуа билан реванш жанг ўрнига, украиналик боксчи Фьюрига қарши рингга кўтарилишини яширмади:
“Ҳар қандай келишувни фақат учинчи томон иштирокида четлаб ўтиш мумкин. Аммо, бу ҳақида гапиришга ҳали эрта.
Усик Жошуа билан реванш жангига тайёргарлик кўрмоқда. У биринчи жангда ғалаба қозонди ва иккинчи жангга тайёргарлик кўрмоқда. Албатта, Фьюрига қарши жанг ҳақида хабарлар пайдо бўлгач, мен бу ҳақда Александрга хабар бердим. У Жошуа бу ҳақда қандай фикрда эканлигини сўради. Агар бирор нарса содир бўлса товон тўлаши кераклиги аниқ, шу сабаб у буни рад этди.
Фьюри жамоасида учта асосий одам бор. Менежер ва иккита промоутер: Боб Арум ва Фрэнк Уоррен. Бу одамларнинг барчаси доим илиқ муносабатда бўла олишади. Аммо, гап пул ҳақида бўладиган бўлса, муносабатлар иккинчи планга тушади.
Боб Арум билан билан сухбат: “Мен Усик ғалаба қозонишини биламан. Бу содир бўлса жуда яхши бўларди".
Аммо, сўнгги воқеалар ривожи кескин тус ола бошлади. Биринчидан, декабрь ойи ўрталарида ва ҳозир ҳам Жошуа билан реванш ҳақида ҳеч нарса маълум эмас. Иккинчидан, Фьюрининг жамоаси фаоллаша бошлади, хусусан, унинг промоутери Френк Уоррен, Усик билан жанг Фьюри учун Диллиан Уайтдан чемпионлик унвонини ҳимоя қилишдан кўра қизиқроқ эканини очиқчасига таъкидлади:
"Менимча, Фьюри-Уайт тўқнашуви жуда қизиқарли бўлади. Лекин, мутлақ чемпион унвони учун дуэль.... Ўйлайманки, жанг трансляцияси катта даромад олиб келади."
WВC раҳбарияти ҳам бундай жангга қизиқиш билдирган ва Фьюрига, агар тез орада Усикнинг промоутерлари билан келишувга эриша олса, чемпионлик унвонини сақлаб қолиш кафолатини берган. 12 декабрь Нью-Йоркда Василий Ломаченконинг Ричард Коммига қарши жанги бўлиб ўтди. Айнан ўша ерда супероғир вазн чемпионлари кўришдилар. Бу учрашув ҳатто Ломаченко-Комми жангини ҳам ўз соясида қолдирди қолдирди десак муболаға бўлмайди.
Тайсон видео ҳавола орқали Александрга мурожаат қилиб, аввал уни, кейин ўзини буюк деб номлади.
"Ҳей, Александр! Александр Буюк! Мен боряпман."
Кейинчалик, Украина интернет-сайтларидан бири ўз обуначиларига Фьюрига ким рақиб бўлиши мумкин деган савол билан мурожаат қилди. Шунда Усик изоҳларга кириб, унга ўзи рақиб бўлишини айтди.
Энтони Жошуа Усик-Фьюри тўқнашувга рози бўлди, аммо бир шарт билан...
Бу учликда энг ажабланарлиси Энтони Жошуанинг ўрни бўлди. Британиялик мураббийи Роб Маккрэкен билан хайрлашганидан кейин, мағлубият Энтонига катта таъсир қилгани аниқ. Шеффилддаги одатий машғулотларни тарк этиб, америкалик мутахассис Энтони Уилсон билан ишлай бошлади. Бундан ташқари, у машғулотлардан бирини Флойд Мейвезер қўл остида ўтказди.
Вазият шу даражага етдики, британиялик ҳатто кураш бўйича сабоқ ола бошлади. Лекин асосийси, Жошуа четга чиқишини ва Усик-Фьюри жангига халақит бермаслигини, бунинг ўрнига дарҳол ғолиб билан жанг қилишини айтди. Александр Красюк бу маълумотни тасдиқлади:
“Бу суҳбатлар жуда жиддий аҳамиятга эга. Бугунги кунга келиб, бу жангни Фьюри, унинг промоутерлари ва менежерлари хоҳламоқда. Усик ва унинг жамоаси ҳам бунга рози, ва бу жанг бўлишига Энтони Жошуа ҳам қарши эмас".
Шундан сўнг, Усикнинг ўзи Жошуа билан реванш ўрнига, Фьюри билан жанг қилиш истагини яна бир бор тасдиқлади:
"Фьюрини қандай мағлуб этаман? Ажойиб тарзда албатта. Мен ким билан жанг қилишни афзал кўраман - Фьюри ёки Жошуа? Албатта, мен Жошуанинг четга чиқишини хоҳлайман. Шунда мутлақ чемпионликка яна бир қадам яқинлашаман”.
Тайсон Фьюри: "Пулни ол ва халал берма"
«Мен Жошуа четга чиқишини истайман, шунда мен Усикни мағлуб этиб, унинг камарини оламан. Мен Энтонига шуни айтаман - пулингни олиб йўлингдан қолма. Бўлмасам, Усик билан ўзинг жанг қил. Мен бизнесмен эмасман, мен спарталикман, мени фақат нокаутлар қизиқтиради. Агар украиналик билан жанг қилишни истамасанг, менга халал берма!” - деди Тайсон.
Усик ва Жошуа ўртасидаги реванш жангининг охирги муддати март ойининг охири ва апрель ойининг боши эканлигини инобатга олсак, Жошуа промоутерида бу жангни ташкил этишга жуда оз вақт қолмоқда. Агар февраль ойи бошига қадар реванш жанги эълон қилинмаса, Усик ва Фьюри ўртасидаги жанг деярли 100 фоизлик эҳтимол билан 2022 йилда бўлиб ўтади.
sports.ru сайти асосида Камрон Ҳасанов тайёрлади
Фикрлар