UZ

Сўнгги янгиликлар

10:07Manchester is blue: "Манчестер Сити" бир киши кам бўлиб "Манчестер Юнайтед"ни мағлуб этди + ВИДЕО 0 09:36ХАНЧЖОУ-2022: 71 та медаль ортидаги рақамлар ва Ўзбекистоннинг спортдаги янги харитаси. Хитойда қандай тарих ёзган эдик? (Мутолаа учун) 0 09:05Гарcия - Бенн жанги чипталардан 8 млн доллардан ортиқ даромад келтирди 0 08:34Ислам Махачев: "Жонс допинг билан қўлга тушган – унинг серияси ҳақиқий эмас!" 0 08:03"Истанбул Башакшеҳир" 0:5 ҳисобида мағлуб бўлди + ВИДЕО 0 07:32US Open 2026. 5 500 000 $ учун кечган эркаклар ўртасидаги баҳсларда чемпион аниқланди 0 07:01Жавоҳир Синдаров сардорлигидаги жамоа шоҳсупада, Магнус чемпион бўла олмади! (+ФОТО) 0 19:58Тренд: Ўзбек дзюдочилари ўтган асрнинг 80-йилларида қандай кўринишда бўлишарди? (ФОТО) 0 19:27ЎФА терма жамоалар бўлимига очиқ савол: 2 та ўйин кам эмасми ёки яна "оқлар-кўклар"га қайтамизми? 0 18:56Хамзат Чимаев Пётр Ян билан келишмовчилиги бор-йўқлигига қатъий жавоб берди 0 18:25Махачев ММАдан кетганидан кейин ўз вазнида ким UFC чемпиони бўлишини айтди 0 17:54Challenge Samarkand-2026. Маҳоратли триатлончилар Самарқандда беллашмоқда 0 17:23Ёзда деярли 400 млн евродан воз кечган "Тоттенхэм" навбатдаги антирекордни янгилади 0 16:52Том Аспиналл UFC чемпионлик камаридан воз кечиши мумкин 0 16:21Хамзат Чимаев UFC`даги режалари ҳақида гапирди: жанг ёки операция 0

14 сен 09:36
Янгиликлар

Қизиқарли!, Осиё ўйинлари

ХАНЧЖОУ-2022: 71 та медаль ортидаги рақамлар ва Ўзбекистоннинг спортдаги янги харитаси. Хитойда қандай тарих ёзган эдик? (Мутолаа учун)

Жами 371 нафар спортчи, 38 та спорт тури, 71 та медаль - 22 та олтин ва 45 мамлакат орасида 5-ўрин!

Бу рақамлар Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида Ўзбекистон делегациясининг натижасини ифодалайди. Аммо рақамларнинг ўзигина бутун манзарани очиб бермайди. 71 та медаль ортида қайси спорт турлари асосий юкни кўтарди? Қайси йўналишлар кутилганидан юқори натижа кўрсатди? Қайси спорт турларида имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмади? Энг муҳими — Ханчжоу натижаси Ўзбекистон спортининг яқин келажаги ҳақида нимани кўрсатди?

Ханчжоуда қайд этилган натижа айнан шу саволларга жавоб излаш учун жиддий таҳлилга арзийди.

371 СПОРТЧИ — 38 ТА ЙЎНАЛИШ

Ханчжоу-2022 XIX ёзги Осиё ўйинлари 2023 йил 23 сентябрь — 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилди. Ўзбекистон делегацияси мусобақага 371 нафар спортчи билан борди. Делегациянинг умумий таркиби эса 559 нафарни ташкил қилди: спортчилардан ташқари 95 нафар мураббий, 28 нафар тиббиёт ходими, 29 жамоа раҳбари, 31 ишчи гуруҳ ва 5 нафар ҳакам делегация таркибида бўлди.

Ўзбекистон вакиллари 38 та спорт турида иштирок этди.

Натижа эса — 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 та медаль!

Бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг Осиё ўйинлари тарихидаги энг яхши натижаси бўлди. Умумжамоа ҳисобида мамлакатимиз 45 давлат орасида 5-ўринни эгаллади.

Бу натижанинг яна бир муҳим жиҳати бор: Ўзбекистон ўзидан анча катта делегацияларга эга бўлган бир қатор мамлакатларни ҳам ортда қолдирди. Ўзбекистон Таиланд, Хитой Тайпейи, Қозоғистон, Эрон, Гонконг, Қатар, Баҳрайн каби мамлакатлардан юқори ўринни эгаллади.

ЖАКАРТАДАГИ РЕКОРД ХАНЧЖОУДА ЯНГИЛАНДИ

Ўзбекистоннинг Ханчжоудаги натижасини тўғри баҳолаш учун 2018 йилдаги Жакарта Осиё ўйинларига қайтиш керак.

Жакарта-2018`да Ўзбекистон:

  • 20 та олтин;

  • 24 та кумуш;

  • 25 та бронза;

  • жами 69 та медаль қўлга киритган эди.

Ханчжоуда эса:

  • 22 та олтин;

  • 18 та кумуш;

  • 31 та бронза;

  • жами 71 та медаль.

Демак, умумий медаллар сони 2 тага ошган, олтин медаллар сони эса 20 тадан 22 тага кўтарилган. Шу тариқа Ўзбекистон нафақат медаллар сони, балки уларнинг сифати бўйича ҳам ўз рекордини янгилади.

Бир қарашда кумуш медаллар сони 24 тадан 18 тага тушгани салбий кўрсаткичдек кўриниши мумкин. Аммо бу ерда муҳим нуқта бор: кумушларнинг бир қисми олтинга айланган. Яъни 2018 йилда чемпионликка бир қадам қолган айрим натижалар Ханчжоуда тўғридан-тўғри ғалабага айланди.

Бу — натижанинг сифат жиҳатидан ўсганини кўрсатувчи муҳим белгилардан бири.

71 МЕДАЛНИНГ АСОСИЙ МАНБАЛАРИ

Ўзбекистон медалларининг тақсимотига назар ташласак, энг катта ҳисса бир нечта спорт тури ҳисобига тўғри келганини кўриш мумкин.

Дзюдо — 9 медаль

Ханчжоуда Ўзбекистон учун энг сермаҳсул спорт тури дзюдо бўлди.

Дзюдочиларимиз 3 олтин + 2 кумуш + 4 бронза = 9 медалга эга чиққани барчамизнинг ёдимиздаДемак, мамлакат делегациясининг 71 медалидан қарийб 13 фоизи дзюдочилар ҳисобига тўғри келган. Энг муҳими, дзюдо нафақат медаллар сони, балки уларнинг сифати билан ҳам ажралиб турди. Учта олтин медаль мазкур спорт турининг Ўзбекистон учун қанчалик муҳим медаль манбасига айланганини кўрсатди.

Академик эшкак эшиш — 7 медаль

Ханчжоунинг энг катта кашфиётларидан бири — академик эшкак эшиш бўлди.

Ўзбекистон вакиллари мусобақада 2 олтин, 4 кумуш ва 1 бронза, жами 7 та медаль олди. Айниқса, 4 та кумуш медаль бу спорт турида Ўзбекистоннинг бир нечта йўналишда юқори рақобатбардошликка эга эканини кўрсатди. Япониядаги беллашувларда ҳам эшкакчиларимиздан шундай нотадаги иштирокни кутишимизга бир неча йил аввал Хитойдаги мусобақа сабаб бўлган:)

Байдарка ва каноэ — 7 медаль

Яна бир эшкак эшиш йўналиши — байдарка ва каноэда ҳам натижа юқори бўлган: 1 та олтин, 3 та кумуш ҳамда 3 бронза, жами 7 та медаль. Шу тариқа академик эшкак эшиш ҳамда байдарка-каноэ биргаликда 14 та медаль тақдим этган. Бу жуда муҳим кўрсаткич. Чунки 71 та медалнинг қарийб 20 фоизи эшкак эшиш йўналишларига тўғри келган.

Демак, Ханчжоуда Ўзбекистоннинг медаль харитаси фақат бокс, кураш ва дзюдодан иборат бўлмаган. Сув спорти йўналишлари ҳам миллий терма жамоанинг асосий медаль манбалари қаторига кўтарилган.

Шунингдек, делегациямиз кураш, бокс, енгил атлетика каби учта спорт турининг ўзида 18 та медаль жамғарганини алоҳида таъкидлаш лозим.

БИТТА СПОРТ ТУРИ — БИТТА ЭМАС, БИР НЕЧА МАНБА

Ханчжоудаги натижаларга қараб, Ўзбекистоннинг медаль стратегиясида муҳим ўзгариш кўринади.

Агар аввалги Осиё ўйинларида асосий умидлар кўпроқ бокс, кураш, дзюдо ва оғир атлетика каби анъанавий спорт турларига боғланган бўлса, Ханчжоуда медаллар географияси кенгайди.

Медаллар:

  • дзюдо;

  • кураш;

  • бокс;

  • академик эшкак эшиш;

  • байдарка ва каноэ;

  • таэквондо;

  • спорт курашлари;

  • қиличбозлик;

  • енгил атлетика;

  • карате;

  • велоспорт;

  • оғир атлетика;

  • шахмат;

  • ўқ отиш;

  • футбол;

  • теннис;

  • ушу

каби 18 та спорт тури ҳисобига жамғарилди.

Бу эса 38 та спорт турида иштирок этилган шароитда делегациянинг қарийб ярмида медаль олинганини англатади.

ТАЭКВОНДО ВА СПОРТ КУРАШЛАРИ: ОЛТИНДАН КЎРА БРОНЗАЛАР КЎП

Ханчжоу натижаларини фақат олтинлар орқали баҳолаш нотўғри бўлади.

Масалан, таэквондода 1 олтин + 1 кумуш + 4 бронза = 6 медалга эга чиққанмиз.

Спорт курашларида эса бизга: 1 олтин + 5 бронза = 6 медаль тақдим этган. Яъни бу спорт турларида медаллар сони юқори бўлгани ҳолда, чемпионлик даражаси дзюдо ёки курашдагидек эмас. 

Ханчжоу натижаларининг энг муҳим таҳлилий хулосаларидан бири ҳам шунда.

ҚАЙСИ СПОРТ ТУРЛАРИДА ОМАД КЕЛМАГАНДИ?

Бу саволга ҳам холис ёндашиш зарур. Ўзбекистон Ханчжоуда 38 та спорт турида иштирок этган бўлса, расмий якуний натижаларда медаль олган спорт турлари 18 та бўлди. Демак, қолган спорт турларида медаль қўлга киритилмаган.

Бироқ буни автоматик равишда “муваффақиятсизлик” деб баҳолаш ҳам тўғри эмас. Осиё ўйинларида ҳар бир спорт турининг рақобат даражаси, иштирокчилар таркиби ва олимпия дастуридаги мақоми турлича. 

Шунинг учун медальсиз қолган спорт турларига уч хил нуқтаи назардан қараш керак:

Биринчиси — медаль учун реал имкониятга эга бўлган спорт турлари.

Бу ерда натижа кутилганидан паст бўлган йўналишларни алоҳида таҳлил қилиш керак.

Иккинчиси — ўсиш босқичидаги спорт турлари.

Бундай спорт турларида Осиё ўйинларининг ўзи тажриба ва халқаро рақобат мактаби вазифасини бажаради.

Учинчиси — биринчи навбатда Олимпия цикли учун тажриба тўплайдиган йўналишлар.

Шу сабабли “медаль олмади — демак, омадсиз” деган хулоса тжуда содда ёндашув бўлади.

ФУТБОЛДАГИ БИР БРОНЗАНИНГ ЎЗИ ҲАМ МУҲИМ

Футболда Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси бронза медални қўлга киритди.

Ярим финалда Жанубий Кореяга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлган жамоа бронза учун баҳсда Гонконгни мағлуб этди.

Аёллар терма жамоаси эса Осиё ўйинларида илк бор иштирок этиб, тўртинчи ўринни эгаллади. Улар чорак финалда Хитой Тайпейини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, тарихда биринчи марта ярим финалга чиқди. Бронза учун баҳсда эса мезбон Хитойга 0:7 ҳисобида мағлуб бўлди.

Демак, медаль нуқтаи назаридан аёллар футболи натижасиз қолган бўлса-да, турнирдаги дебютнинг ўзи муҳим сигнал бўлди.

АЁЛЛАР СПОРТИ — 71 МЕДАЛЬ ОРТИДАГИ МУҲИМ ҚАТЛАМ

Ханчжоу натижасининг эътиборга молик жиҳатларидан бири — аёл спортчиларнинг ҳиссаси.

Расмий таҳлилга кўра, Ўзбекистоннинг 22 та олтин медали 31 нафар спортчи ҳисобига ёзилган. Уларнинг 49 фоизи аёл спортчилар ҳиссасига тўғри келган.

18 та кумуш медални 26 нафар спортчи қўлга киритган бўлиб, уларнинг 39 фоизи, 31 та бронза медални қўлга киритган 65 нафар спортчининг эса 35 фоизи аёллардан иборат бўлган. Бу рақамлар бир муҳим тенденцияни кўрсатади:

Ўзбекистоннинг юқори натижалари энди фақат эркаклар спортига боғлиқ эмас.

ХАНЧЖОУДА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНГ КАТТА ЮТУҒИ НИМА БЎЛГАНДИ?

Бу саволга битта жавоб бериш қийин.

Агар рақам билан ўлчасак — 71 медаль.

Агар сифат билан ўлчасак — 22 олтин.

Агар тарих билан ўлчасак — Осиё ўйинларидаги янги миллий рекорд.

Агар спорт турлари географияси билан ўлчасак — 18 та спорт турида медаль.

Агар аёллар спорти нуқтаи назаридан қарасак — олтин медалларнинг қарийб ярмида аёл спортчиларнинг ҳиссаси.

Агар келажак нуқтаи назаридан қарасак — медаль олиб келаётган спорт турларининг кенгайиши.

Шунинг учун Ханчжоу натижасини фақат "71 та медаль" деб баҳолаш камлик қилади.

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг