29 окт 17:30
Янгиликлар
Зиёвиддин Тойғонбоев: “Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ёзмоқчиман”
Йиллар давомида заминимиздан жуда кўплаб жаҳон чемпионлари, Олимпиада ғолиб ва совриндорларини етишиб чиқди. Ҳозирга келиб бокс юртимизда биринчи рақамли спорт турига айланди, десак муболаға бўлмайди.
Чунки Рио Олимпиадасидаги муваффақиятлардан сўнг боксга қизиқиш янада кучайди. Албатта, бундай натижалар ўз-ўзидан келаётгани йўқ. Аввало, ҳукуматимиз томонидан спортга берилаётган эътибор ютуқларнинг асосий омили бўлиб хизмат қилмоқда.
Қолаверса, мамлакат бокс федарацияси мутасаддилари ва жонкуяр мураббийлари хизматини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Вилоятлар орасида Андижон бокс бўйича ҳар доим етакчи бўлиб келган. Бунинг асл сабаби – ўз ишининг устаси саналадиган мураббийларнинг машаққатли меҳнати, десак янглишмаймиз.
Дарҳақиқат, эндиликда Андижон бокси тарбияланувчилари Олимпиада, жаҳон ва Осиё рингларини забт эта олдилар. Одатда, шундай зафарли онларда спортчилар ҳақида кўпроқ гапирилади. Кадр ортидаги асосий “айбдор” – мураббийлар эса, бироз сояда ғолиб кетади. Бугун биз ана шундай жонкуяр устозлардан бири, узоқ йиллардан бери юртимиз боксига ажойиб иқтидорларни тарбиялаб бераётган Зиёйиддин Тойғонбоев билан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз.
“News Arena” маълумотномаси
Зиёвиддин Тойғонбоев – 1974 йил 15 сентябрда Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Кўкёнғоқ шаҳрида таваллуд топган. Ўзбекистон чемпиони. Профи-боксда Ўзбекистон камари соҳиби. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози.
– Зиёвиддин ака, кеч бўлса-да, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози” унвонини қўлга киритганингиз билан таҳририятимиз номидан муборакбод этамиз!
– Эътибор учун катта раҳмат. Ўз ўрнида меҳнатимизни муносиб қадрлаган инсонларга ҳам миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
– Одатда, янги авлод сизни мураббий сифатида билади. Боксдаги фаолиятингиз ҳақида ҳам бироз тўхталиб ўтсангиз?
– Боксга 12-13 ёшимда кириб келганман. Дастлаб уйда ўзим қум тўлдирилган қопларни уриб юрардим. Кейинчалик адашмасам 1988 йил жаҳон чемпионатини кузатиб, Андрей Курнявкага жуда ҳавасим келганди. Шундан сўнг, жиддий шуғулланишга киришганман.
– Натижалар қандай бўлган?
– Янглишмасам, фаолиятим мобайнида 30-40 та халқаро турнирда ғолиб ва совриндор бўлдим. 1995 йил 63 кг вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Фаолиятим давомида учта – -61, -63 ва -66 кг вазн тоифасида жанглар олиб бордим. Кейинчалик профи-боксга ўтдим ва Ўзбекистоннинг биринчи камарини қўлга киритдим. Профида 1996-2000 йилларга қадар фаолият олиб бордим. Кейинчалик жароҳат сабаб спортчилик фаолиятимни якунладим.
– Ўша пайтлар вазн тоифангиз етакчилари ва асосий рингдаги рақибларингиз ким бўлган?
– Фарҳод Бакиров ва Патиддин Қурбоновлар жуда кучли боксчилар эди.
– Профи – боксдаги камарни қўлга киритиш йўлидаги рақибингизни эслаб қолгандирсиз?
– Албатта, Элдор Назаров билан бўлган жангда ғалаба қозониб, ушбу камарни қўлга киритганман.
– Келинг, суҳбат ўзанини мураббийлик фаолиятингизга бурсак. Мураббий сифатида бир қатор чемпионларни етиштириб берганингиз барчага маълум, лекин аниқ сони борасида эса маълумотга эга эмасмиз?
– Ўн беш нафардан ортиқ Ўзбекистон чемпионини тарбияладим. 2009 йил шогирдим Санжар Раҳмонов Осиё чемпиони бўлди ва ушбу турнирда “Энг яхши боксчи” номинациясини ҳам қўлга киритди. 2011 йил яна бир шогирдим Шуҳрат Абдуллаев Осиё чемпиони бўлди. Укам Қувонч ҳам шогирдим ҳисобланади. Унинг ҳаваскор ва профидаги натижаларини бокс мухлислари яхши билишади, деб ўйлайман. Ҳасанбой Дўсматов ҳақида эса тўхталиб ўтишни лозим топмадим. Чунки унинг натижаларини боксни тушунмаган инсон ҳам билса керак (кулади).
– Санжар Раҳмоновнинг профессионалдаги жанглари ҳақида фикрларингиз билан ўртоқлашсак?
– У ажойиб боксчи эканлигини айта оламан. Нуфузли промоутерлик компанияси билан шартнома тузди. Мейвейзер ҳам оддий боксчи билан шартнома тузгани анойи эмас-ку, тўғрими? Қолаверса, ўтказаётган жангларидан ҳам билсангиз бўлади. Ишончли ғалабаларни қўлга киритмоқда.
– Ҳар ҳолда жангдан олдин маслаҳатлар сўраб турса керак?
– Албатта, фикрларимни сўрайди. Ўз тажрибам даражасида маслаҳатларимни аямайман. Жангдан сўнг ҳам “Устоз, ғалаба қозондим, барчаси учун раҳмат” деб миннатдорчилик билдириб туради. Унга ҳам улкан зафарлар тилайман. Промоутери Флойд каби мағлубият билмасин!
– Ҳасанбоооой Дўстматооооов...
– Нима демоқчи эканлигингизни тушундим. Унга ортиқча таъриф йўқ. Матбуотда жуда кўп ёзилди.
– Шундай бўлсаям, сизнинг маълумотларингиз мухлислар учун қизиқ.
– 7-синфлигида бувиси етаклаб олиб келган. Андижон Олимпия захиралари коллежида ишлардим. Аввал кикбоксинг билан шуғулланган экан. Ўшанда 28 кг эди. Коллежда кикбоксинг йўқлиги туфайли, боксда синаб кўрганман. Унинг характери жуда ёққанди. Кўзида ўт бор эди. Коллежга қабул қилинмаган бўлса-да, маъсулиятни бўйнимга олиб, раҳбарларни яхши боксчи чиқа олишига ишонтира олгандим. Шундан сўнг у билан 6 ой ишладим ва дастлабки уринишида вилоят чемпионлигини, кейин эса мамлакат чемпионлигини қўлга киритди.
– Олимпиададан аввал укангиз Қувонч билан суҳбатлашганимда, Ҳасанбой чемпион бўлади, унга мос рақиб ер юзида йўқ, деб айтганди. Укангиз ҳам тайёргарлик жараёнининг бир бўлаги бўлганмиди?
– Аввало, Ҳасанбойга WSBда “Украина атаманлари” сафида жанг олиб борганлиги катта ёрдам берди. Чунки вазн тоифасидаги деярли барча рақиблари билан учрашиб чиқди. Улардан бир бош баланд эканлигини ҳам исботлай олганди. Қувонч ҳам боксчи бўлган. Унда ҳам тажриба бор ва кимнинг имконияти қандай эканлигини билади. Қолаверса, фикрингизга қўшиламан. Машғулотлар давомида келиб, кузатиб, уларга керакли кўрсатмаларни ҳам бериб туради.
– Сиз-чи, сиз ҳам ишонган эдингизми?
– Шогирдимга ҳар доим ишонганман. Лекин очиғини айтаман, ирландиялик боксчидан бироз чўчигандим. У ҳам WSB да мағлубиятга учрамаганди. У билан финалда тўқнаш келишига 100 фоиз ишонгандим. Лекин тахминим тўғри бўлиб чиқмади. Ирландия вакили ярим финалга ҳам етиб кела олмади.
– Ҳасанбой интервьюларининг бирида россиялик Василий Егоров билан куч синашиш истагида эканлигини айтди. Бу боксчи ҳақида қандай фикрдасиз?
– Рус боксчиси ҳам ажойиб ҳаракатланади. Лекин уни Ҳасанбой ютган. Ундан кучли, деб бемалол айта оламан. Келинг, кўз тегмасин, уни ортиқча мақтамайлик (кулади).
– Майли, унда бироз танқид сифатида Олимпиада давомида қайси жангда имконияти даражасидан пастроқ ҳаракат қилганини таҳлил қиламиз.
– Ғолиблар танқид қилинмайди, дейишади-ку, тўғрими? Албатта ҳазил. Ўринли танқид ҳар доим керак. Бу спортчи учун зарур нарса. Олимпиада давомида барча жанг қийин ўтди. Осони бўлгани йўқ. Имконияти даражасидан паст ҳаракат қилди, деб айта олишим ҳам мумкин ва бунинг аксини ҳам. Ҳасанбойнинг бундан-да имконияти юқори, деб айта олман. Шунинг учун янада яхшироқ ҳаракат қилиши мумкиндек таассурот уйғотади. Лекин бу Олимпиада. Сиз хоҳлагандек ҳаракат қилишига йўл қўйиб берса, унда бу шунчаки ҳазил тариқасидаги машғулот, деб ҳисобланг. Эътибор беринг, ҳазил тариқасида... Машғулотларда ҳам спарринг рақиб бунга йўл қўймайди. Шундай бўлса-да, мексикалик рақиби Хоселито Веласкес билан бўлган жанг жиддий кўриниш олди. У билан WSB турнирида ҳам 5 раундлик жангда тўқнаш келганди. Дастлабки икки раунд Ҳасанбой ҳисобига, кейинги икки раунд эса, унинг ҳисобига ёзилганди. Ҳал қилувчи раунд олдидан тегишли кўрсатмаларни берганимдан сўнг, ўзига келиб, сўнгги раундни яққол устунлик билан ўтказганди. Олимпиадада ҳам Хоселито жиддий қаршилик кўрсата олди.
– Қўл остингиздаги ёшлар орасида янги Санжару Ҳасанбойлар етишиб чиқаётган бўлса керак. Келинг, шу интервьюмиз бўлажак чемпионлар ҳақида аввалдан фикр билдирилган суҳбатлардан бири бўлиб қолсин?
– Албатта, ҳозирда маҳоратли ёшлар талайгина. Улар орасида алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлса, Сирожиддин Тўлахўжаев, Муроджон Инобиддинов ва Шерзод Комиловларни айтиб ўтган бўлардим. Улар келажакда албатта чемпион бўлишади.
– Рио Олимпиадасидан сўнг, бокс билан шуғулланишни истайдиганлар сони ортган бўлса керак?
– Албатта, спорт залимизга ёшлар ҳали-ҳануз оқиб келмоқда. Барчасига савол берсангиз, Ҳасанбойдек боксчи бўламан, дейди. Кўзлари ёниб турган ёшлар жуда кўп.
– Қизлар бокси бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Бу борада бирор нарса дея олмайман. Чунки, қизлар бокси расман БЎСМга киритилмаган.
– Қизиқишлар бордир?
– Албатта бор. Мураббийлар билан аста-секин маслаҳатлашиб буни ҳам йўлга қўямиз. Бошқа мураббийларнинг ҳам фикри муҳим, лекин ниятимиз бор.
– Авваллари Андижон бокси юртимизда яққол пешқадам эди...
– Фикрингизни тушундим. Бугун ҳам етакчилардан бири, албатта. Ҳозирда барча ерда шароит бир хил. Бокснинг оммавийлиги юқори, демак, бошқа ҳудудлар ҳам қараб тургани йўқ. Малакали мураббийлар етишиб чиқди. Иқтидорлар кўпайди. Бу ўзбек бокси ривожи учун хизмат қилади. Шунинг учун ҳам боксчиларимиз натижалар қайд этишяпти. Қачон ички чемпионат кучли бўлса, шунда жаҳонда ўз сўзимизни айта оламиз.
– Натижаларга бокс федерациясининг фаолияти ҳам таъсир ўтказяпти, тўғрими?
– Шерзод Тошматов бошчилигидаги федерация раҳбарияти спортчи ва мураббийларга идеал шароитларни яратиб беряпти. Олимпиадага ҳам деярли бир ой аввал биринчи мураббийлари билан бирга спарринг рақиблар учун иккинчи рақамли боксчиларни ҳам юборишди. Амалга оширилаётган ишларни бир сўз билан ифодалаб бўлмайди.
– Вилоятда катта мусобақаларни ўтказишга қодир бокс аренаси борми?
– Афсуски, бундай имкониятга эга эмасмиз. Ишонаманки, яқин йилларда бу камчилик ҳам бартараф этилади.
– Ўзаро мулоқотимизда Ўзбекистоннинг фуқаролик паспортини ололмаётганлигингиз ҳақида айтиб ўтгандингиз. Бу борадаги муаммо ҳал бўлдими?
– Бу борада олдинга силжишлар бўлгани йўқ. Ҳозирда, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига ёзиш ниятида юрибман. Мен шу юртда ўқидим, фаолият олиб бордим. Шу ерда яшаяпман. Камтарона бўлса-да, ўзбек боксига ҳиссамни қўшиб келмоқдаман. Ўзбекистон – менинг ватаним. Бундан кейин ҳам бор имкониятим даражасида чемпионларни етиштириш истагидаман.
Аҳмадбек Эшматов тайёрлади, “News Arena” газетасининг 27-сонидан (2016 йил) олинди
Фикрлар