29 июн 10:58
Янгиликлар
Афсонавий Нормамат полвон 70 ёшда!
Китоб туманининг Яккатут даҳаси ёшу қариси ўтган асрда яшаб ўтган чуйит баҳодири Мавлон полвон, Аловхон полвон, ул зотнинг фарзанди-аржуманди самбо кураши бўйича Европа чемпиони Хушвақт Рўзиқуловлар билан ҳақли равишда фахрланишади.
Полвонлик суяк суради деган нақл бор. Шажараси асли Мавлон полвонга бориб етадиган саҳифамиз меҳмони Нормамат полвон ўзининг туғма истеъдоди, нодир қобилияти билан аввал тўй курашларда, кейинчалик олийгоҳ спорт майдонларида, турли-туман мусобақаларда иштирок этиб, юксак марраларни эгаллашгаулгурдики, бу ҳақдаги мароқли ҳикоялар ҳар қандай кураш мухлисини қизиқтирмай қолмайди.
Олис болалик
Нормамат полвоннинг болалиги Китоб туманининг Яккатут қишлоғида ўтган. Етти ёшга етган (1949 йил 3 март куни туғилган) бўлажак полвон бола қишлоғидаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактабига қадам қўйганида анчайин келбатли, кенг елкали, тенгқурлари орасида бироз бўйчан ва абжирлиги билан ажралиб турарди. Отаси Юлдош бобо ва онаси Турсун момо (охиратлари обод бўлсин)уни эркалаб “полвоним” деб суйса, ҳали кураш нималигини билмаган, кўрмаган бола ўз-ўзидан бирон тенгдоши билан худдики одиндан кураш тушиб юргандай тезда “елка” ёки “иччил” қилиб, йиқитишни қойиллатарди.
Томирида полвонлик қони кўпириб турганидан ўқувчилик пайтларидаёқ қаерда тўй курашининг дарагини эшитса, ўша ерда ҳозир бўлди. Тоғаси, номдор полвон, эл орасида “сварка” дея ном олган, ҳозирда 80 ёшни қаршилаган Тошпўлат Боймуродов, “чапақай” лақабли полвон Ризо Фозиловлар болаликдаги устози бўлди. Устозлар этагидан тутиб, атроф қишлоқ ва овуллар, ҳатто қўшни туман ва вилоятларда тракторнинг тиркамасига осилиб бўлса-да бориб, кураш тушган пайтларининг сон-саноғи йўқ.
Курашларда деярли ғолибликка эришган, мабодо йиқилиб қолса, мағлубият аламидан орига чидолмай кураш даврасидан пойи-пиёда қайтганкунлари ҳам бўлган. Нормамат полвон болалигида жудаям чаққонлиги билан ажралиб турган. Енгил атлетика бўйича унга тенг келадигани топилмаганиям рост гап. Яна бир хусусияти - сузишни қойиллатгани!
Умумтаълим мактабини тамомлаб, миллий кураш ўша пайтлари расман тан олинмагани боис, умрида самбо спорт турини билмаган, эшитгану аммо кўрмаган Нормамат полвон 1966 йилда ҳозирги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг айнан самбо бўлимига ҳужжат топширади. Энг қизиғи, талаба бўлиш учун сузиш, югуриш ва самбо усулларини бажариш керак. Сузишдан энг биринчи, енгил атлетикадан ҳам энг биринчи бўлганида, шу спорт турларининг мутахассислари йўналишни ўзгартириб, сув спортига ёки енгил атлетикага ўтишини сўрайди. Боиси, полвондан зўр сузувчи, зўр енгил атлетикачи чиқишини билишган. Бироқ полвондаги қатъийлик ва бирсўзлилик самбо оламига етаклади. Талабалик бахтига муяссар бўлган қахрамонимиз кечкида ўқиб, кундуз куни қурилиш ташкилотларида ишлар, бўш вақт топилди дегунча спорт зали томон чопарди. Талабаликдаги устози Суръат Алимов ва курсдоши Борис Шнайдердан самбо сирларини астойилўр ганишга киришган полвон уч ой ичида75 кг. вазнда Тошкент шаҳар биринчилиги чемпионига айланди.
Машаққатли меҳнат ва машҳурлик
Полвондаги истеъдодни англаган самбо мутахассислари уни терма жамоага таклиф қилишди. 18 ёшида терма жамоа таркибида Россиянинг Нижний Новгород шаҳрида ўтган, ўша пайтдаги Бутуниттифоқ талабаларининг мусобақасида қатнашиб, бронза медалига сазовор бўлади. 19 ёшида терма жамоа мураббийи Александр Прут устозлигида Бишкекда ўтган самбо бўйича ўтказилган Собиқ Иттифоқ ҳудудий чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, Россиянинг Горкий шаҳрида ўтган финал босқичида учинчи ўриндан жой олади ва таниқли самбочилар қаторига киради. Йигирма ёшида ўн бир марта самбо, дзюдо курашларидан Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган спортчи олий ўқув юртини тамомлаб, ҳарбий хизматга жўнайди. Харбий хизмат давридаям самбодан бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Собиқ Иттифоқ бўйича ҳарбий қисмлар ўртасида ўтказилган чемпионатда барча рақибларини енгиб, биринчи бўлишга муваффақ бўлади.
1971-1977 йилларда Тошкент политехника институтининг жисмоний тарбия кафедрасида ўқитувчи-мураббий бўлиб, машҳур полвон Мавлон Аҳмонов билан олти йил ёнма-ён ишлаб, бир қанча истеъдодларни тарбиялаб, чемпионлик даражасига кўтарди. 1978 йили бир муддат Қарши шаҳридаги “Пахтакор” спорт жамоасида ҳам мураббийлик қилди. Орадан бир ярим йил ўтгач, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтидаги устоз Хамроқул Рафиев, Ризо Фозиловларнинг таклифи билан ушбу олий ўқув юртида ишни давом эттиради.
Самарқанддаги фаолияти давомида Нортожи Бойматов, Холтўра Каримов, Ўрол Тўраев, ака-ука Абдурасул ва Абдураҳмон Норқулов, Зиёдулла Алмонов, Рўзи Ўтаев, Эркин Саломов, Абдиҳамид Ибрагимов, Дилмурод Номозов каби ўнлаб номдор полвонларга самбо, кураш, дзюдо сирларидан сабоқ бериб, устозлик қилади. Нормамат полвон мураббийлик давомида тўй кураш ва мусобақаларда ҳам иштирок этиб, фақат биринчи ўринни қўлга киритиб келади.
1991 йилда самбо бўйича Тошкент шаҳида ўтган Халқаро дўстлик турнирида 80 кг. да чемпион бўлиб, халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига эга бўлади. Дзюдо бўйича ҳам халқаро мусобақада ғолибликни қўлга киритиб, спорт усталигига эришади. Миллий курашдан икки бор марказий Осиё чемпионатида барча рақибларини “ҳалол” баҳоси билан йиқитиб, янаям машҳурлик чўққисига кўтарилади.
Қўшни Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон Республикаларида бўладиган тўй курашларда фақат бош соврин, бош товоқ учун курашиб, энг зўр полвон, деб тан олинган курашчиларни енгганини Зиёдулла Давлатов, Чори Бобониёзов, Жалол Рўзиқулов, Абдураҳмон Очилов, Ғози Раҳмонов,Эргаш Худоёров, Мавлон Аҳмонов, Бобобурод Ёқубов, Қаландархон Аламхонов, Жобир Язаданов сингари ўз замонасининг машҳур полвонлари, елкадошлари кўрган ва гувоҳи бўлган.
Ҳаммаси яхши эди, бироқ 1993 йилда полвонга кўз тегдими, ишқилиб ўша йилнинг баҳорида полвоннинг бел ва оёқ соҳасида қаттиқ оғриқ туриб, батамом ишламай қолиб, тўшакка михланиб қолди. Олти ой деганда оёққа туриб, юра бошлади. Лекин ишга қайтишга шифокорлар рухсат беришмади. Орадан олти йил ўтиб, Китоб тумани кураш федерациясига раис этиб сайланган Н. Юлдошев яна спорт соҳасига қайтди.
1999 йилда Китоб тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабига директорлик вазифаси ишониб топширилди. 2011 йилгача БЎСМда раҳбарлик қилган полвон Китоб туманида қизлар ўртасида курашни ривожлантиришга муваффақ бўлди. Илк бор туманда қизлар ўртасида очиқ биринчилик ташкил этганида Гулнора Боймуродова, Сарвиноз Қўчқорова, каби шогирдлари етакчи бўлди. Кейинчалик ушбу қизлар мамлакат, Осиё чемпионлигига ҳам эришди. Теннис бўйича БЎСМ тарбияланувчиси Лола Азимова ҳатто Осиё чемпионлигини қўлга киритди.
Дарвоқе, Нормамат Юлдошевнинг миллий кураш ривожи йўлидаги меҳнатлари ҳам таҳсинга лойиқ. 1998-2010 йилларда халқаро тоифадаги ҳакам сифатида жаҳон чемпионатлари, халқаро турнирларда ҳакамлик қилганини айтмаса бўлмас, ахир.
Оила бахти
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ҳам талабаларга самбо бўйича устозлик қилган Н. Юлдошев бир куни шу олийгоҳнинг математика факультети талабаси бўлган Қиммат Сайдуллаева исмли қиз билан танишиб қолади ва икки ёш ўртасидаги муҳаббат уларни бир умр бир ёстиққа бош қўйиб, бахтли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади. Совчи қўйиб, келин томондагиларни зўр-базур кўндирган куёв томон ёр-ёрлар садоси остида катта карвон билан Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридан Китоб сари йўл тортади.
Жудаям оқила, садоқатли ва одобли, ўз касбининг билимдони бўлган қиз билан тақдирини боғлаган Нормамат Юлдошев Яратганга шукр, дея бахтли ҳаёт кечиради. Бахтли ота-она Отабек, Улуғбек, Ойбек, Нурбек, Шербек исмли фарзандларини меҳр ила тарбиялаб, вояга етказди. От изини той босгани каби фарзандларнинг ҳаммасиям спортга ошно бўлди. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти тугатган Отабек дзюдо спорт тури бўйича шуғулланган бўлса, Улуғбек самбо ва миллий кураш сирларини мукаммал ўрганди. Болалигидан копток тепишни хуш кўрадиган Ойбек ва кенжа ўғил Шербек футбол бўйича биринчи ва олий лигаларда ўйнаб, бир қатор ютуқларга эришди, Нурбек эса отаси сингари Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг самбо йўналишида таҳсил олди. “Насаф”, “Бухоро”, “Машъал”, “Ғаллаорол” клубларида тўп сурган Шербек айни пайтда “Насаф” академиясида мураббийлик қилмоқда. 2014 йили вилоятнинг “Энг яхши ёш мураббийи” номинациясини қўлга киритган. Ҳозирда ака-укалар тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Данагидан мағзи ширин дейишганидек, невараларидан Довруғбек (футбол), Давронбек (дзюдо), Шохруҳбек (дзюдо), Шабнам (қиличбозлик), Шаҳзод (дзюдо)лар ҳам спорт машғулотларга зўр беришган.
Дарҳақиқат, полвон бобо оқил фарзандлар бахту камолини кўриб, баъзида қувонч кўз ёшларини яширолмай ҳам қолади. Бироқ 2011 йил май ойида 57 ёшида бу ёруғ оламни тарк этган турмуш ўртоғи Қиммат опани (охиратлари обод бўлсин) бир муддат бўлсин эсидан чиқаролмайди. Ахир шу мунис аёл туфайли бахти балққанди-да! Паҳлавон ўғлонларни дунёга келтириб, қувончу шодликлар улашган, умрини фарзанд тарбиясига, илм-маърифатга суюкли умр йўлдошга бахшида этган аёлни унутиб бўладими. Ҳеч қачон, айниқса, бугун етмиш ёшни қарши олаётган полвон бобо унутолмайди! Суюкли дилдорини соғинганида невараларининг юз-кўзларидан топишга уринади. Ана, бувисининг исмини олган, бувисига қўйиб қўйгандай ўхшаб кетадиган Қимматой невараси “Бобожон, етмиш ёшингиз қутлуғ бўлсин”, дея жилмайиб боқиши онаизорнинг болаларида яшаётганидан ишора эмасмикан?..
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади, ўз мухбирмиз
Фикрлар