23 мар 14:01
Янгиликлар
Армонга айланган Олимпиада ёхуд ҳамон чемпионликка эришаётган мураббий
Суҳроб Султонов раҳбарлик қилаётган Чирчиқ шаҳар спорт мактаби спортчиларининг натижадорлиги боис, ҳатто республикада етакчи спорт мактаблари қаторида эътироф этилади.
Мураббийларининг тинимсиз изланишлари, селекция ишларига эътиборли бўлиши эвазига спорт мактабининг деярли барча спорт турлари бўйича тарбияланаётган ўғил-қизлари ҳар йили ташкил этиладиган йил сарҳисобида эътирофга сазавор бўлишади.

Албатта, спорт мактабининг эътироф этилишига ёш дзюдочиларнинг ҳам ҳиссаси катта. Мисол тариқасида тажрибали дзюдо мураббийи, халқаро тоифадаги спорт устаси Авазбек Корганов шогирдларининг эришаётган ютуқларини бемалол таҳсинга лойиқ, дейиш мумкин.

Хабарингиз бор, Авазбек Корганов спорт мактабида ташқари дзюдо бўйича Тошкент вилояти терма жамоаси бош мураббийи ҳам саналади.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, терма жамоа бош мураббийи Андрей Штурбабин қўл остида шов-шувли натижларга эришган Авазбек энг номдор дзюдочилар Абдулла Тангриев, Ришод Собиров, Рамзиддин Саидов, Ўткир Қурбонов, Хуршид Набиев, Наврўз Жўрақобилов ва Мирали Шариповлар билан биргаликда кўп бор Юрт шаънини муносиб ҳимоя қилган.

19 ёшида мамлакат терма жамоаси сафига қабул қилинган Авазбек 2008 йилда Токиода ўтган жаҳон чемпионатида жамоавий баҳсларда кумуш медалга эришди. Терма жамоа таркибида унга 2009 йил Туркия, 2011 йил Эрон, 2012 йилда Тошкентда ўтган халқаро мусобақаларда кучли учликдан жой олиш насиб этди.
Ҳатто, етарлича очколар тўплаб, Лондонда ўтган ёзги олимпия ўйинларига йўлланмани ҳам нақд қилган. Бироқ, мусобақада олган жиддий жароҳати туфайли Лондон-2012 Олимпиадасида иштирок этиш армонга айланган бўлса-да, ўзи севган спортни ташлаб кетмади. Аксинча, мураббий сифатида қайта оёққа туриб, бор эътиборини муносиб шогирдалар тайёрлашга қаратди.

2021 йилдан Чирчиқ шаҳар спорт мактабининг дзюдо бўлимида мураббий бўлиб фаолият юритаётган устознинг ҳозирда 50 нафардан ортиқ шогирдлари орасида иқтидорлилари кўпчиликни ташкил этади.

Ортда қолган 2025 йилда Авазбек бош мураббийлигидаги Тошкент вилояти дзюдо жамоаси фахрли ўринларни эгаллагани бор гап.
Хусусан, 2025 йил ноябрь ойида Бухоро шаҳри мезбонлик қилган мамлакат чемпионатида Бобур Важиев, Асилхон Аралбаева, Артём Штурбабин, Муҳаммад Мамадалиев, Муҳаммадали Тангриев, Муҳаммадқодир Мансуровлар ўз вазн тоифаларида муваффақият қозониб, кучли учликдан жой олишга эришган.

2025 йил 24 ноябрь - 3 декабрь кунлари пойтахтимиздаги Олимпия шаҳарчасида ўтказилган "Президент олимпиадаси" мусобақаларининг дзюдо бўйича баҳсларида иштирок этган Тошкент вилояти жамоаси энг кўп медалларни қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. Ёки ўтган йили декабрь ойида Қарши шаҳрида ўтган кичик ўсмирлар, ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ҳам бир нечта медаллар жамғаришган.

Авазбек Коргановнинг таъкидлашича, бу йилги режалар улкан. Селекция ишларига эътибор қаратиб, вилоят терма жамоаси сафини кенгайтириш ва шогирдларини республика терма жамоалари таркибида халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш асосий вазифаларидан саналади ва бунинг учун етарлича шароитлар муҳаё қилинган.

Дарвоқе, мураббий Авазбек Коргановнинг ўзи ҳам ҳали ҳамон дзюдо билан мунтазам шуғулланади, фахрийлар терма жамоаси аъзоси сифатида халқаро мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда.
Хусусан, Авазбек Корганов томонидан Абу-Даби шаҳрида фахрийлар ўртасида дзюдо бўйича ташкил этилган жаҳон чемпионатида 81 кг вазнда бронза, Латвиянинг Рига шаҳридаги Европа очиқ чемпионатда олтин, Польшада ўтказилган Европа Очиқ чемпионатида бронза, АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри мезбонлигида ўтган жаҳон чемпионатида кумуш, Хитой Тайпейида ташкил этилган халқаро турнирда олтин медаль қўлга киритди.
2026 йил Босния ва Герцеговинада ўтиши режа қилинган фахрийлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам юқори натижани кўзлаган қахрамонимиз ҳозирдан шогирдлари иштирокида машғулотларга зўр берган.

Мақсад — дзюдо орқали ёшларни спортга жалб этиш, истеъдодларни катта спорт сари етаклаш ва чемпионлик шоҳсупасига кўтарилиб, Юртни улуғлаш!





Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар