28 янв 17:03
Янгиликлар
Бектемир Мелиқўзиев: Рақибим аниқ бўлди, жанг манзили ҳам
Унга кўра, WBA Continental Americas чемпионлик камари соҳиби 14 февраль куни Калифорнияда рингга кўтарилади. Бу ҳақида чарм қўлқоп устамизнинг ўзи бизга хабар берди.
"Жангим 14 февраль кунига белгиланган эди. Лекин шу кунгача рақиб номи аниқ эмасди. Жамоам бир неча боксчилар билан музокара олиб бораётганди. Якунда мексикалик Марко Антонио Перибан билан келишувга эришилди. Ҳозирда бўлажак жангга жиддий тарзда ҳозирлик кўраяпман", - деди Мелиқўзиев.
Маълумот учун, Марко Антони Перибан проф рингда 31та жанг ўтказган бўлиб, уларнинг 25тасида ғалаба қозонган. Рақибларини 16та жангда нокаутга учратган. Ҳисобида 5та мағлубият ва битта дуранг бор. Ўзи ҳам иккита жангда нокаут учраган.
Эслатиб ўтамиз, WBA рейтингида 15-ўринни эгаллаб турган Мелиқўзиев ўзининг сўнгги жангини 14 декабрь куни АҚШда мезбон боксчи Ваугин Александерга қарши ўтказганди. Ўн раундлик жангда ҳамюртимиз ҳакамларнинг қарори билан 100:90, 100:90, 100:90 ҳисобларида ғалаба қозониб, WBA Continental Americas камари соҳибига айланганди. Перибанга қарши жанг Бектемир учун фаолиятидаги бешинчиси бўлади.
Фикрлар