01 окт 17:28
Янгиликлар
Даҳшатли тўқнашув: Тарихдаги энг буюк жанглардан бири — «Маниладаги триллер» ёхуд Али - Фрейзер жангига 45 йил тўлди
Ўша куни "Araneta Coliseum" аренасида афсонавий боксчилар Муҳаммад Али Жо Фрейзер ўртасидаги жанг ўтказилган. Бу улар ўртасидаги учинчи ҳал қилувчи жанг бўлган. Унга қадар ҳар икки боксчи ҳам бир мартадан ҳакамлар қарорига кўра ғалабага эришганди. «Манила триллери»ни Али ўйлаб топган. У фақатгина учтагина сўз айтади — Манила, триллер ва горилла. Горилла деб рақибини камситиб айтади. У вақтларда айнан Али сўз ўйинининг ҳақиқий устаси бўлган. Аслида Али ва Фрейзер авваллари яқин дўст бўлишган, лекин...
Али биринчи жангга шартнома имзолаганидан сўнг Жо томон бир нечта қўпол сўзлар йўллайди. У бир неча марта унинг фуқаролиги устидан кулди, уни ҳар томонлама камситишга ҳаракат қилди. Ҳа айнан Муҳаммад Али шу ишларни қилган. Ҳаттоки, рингга чиқиш арафасида ҳам бокс афсонаси тилини ушлаб қолмайди ва яна бир неча марта рақибига “шапат”дан солади. Аммо рингга чиқишганидан сўнг боксчиларнинг аҳволи 180 фоизга ўзгарди. Арена 30 даража иссиқ, шунингдек, намлик ҳам жуда юқори эди. Тўқнашувнинг дастлабки икки раунди бокс қиролининг устунлигида ўтди. Али рақибини иложи борича масофада ушлашга интилди, унга бир нечта жеб зарбаларини йўллади. Аммо Жо аста-секинлик билан рақибига борган сари яқинлашишга эришди ва Алининг ритмни секинлаштирди. Олтинчи раундга келганда Муҳаммад нокдаун ҳолатига тушиб қолишга сал қолди. Шу вақтлар ичида кўпчилик жанг якунланди деб ўйлади, бироқ Али эмас. У ўша куни зарбалар кучига қанчалик чидамли эканлигини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Шу ҳолатдан сўнг 7-10 раундлар оралиғида Жода аста секинлик билан чарчаш аломатлари сезила бошлади.
Раундлар тугаган сайин Жонинг аҳволи борган сари оғирлашиб борди. Ўн иккинчи раундга келганда эса унинг оғзидан қон оқа бошлади. Али бундан фойдаланиб оғиз қисмига бир нечта зарбалар йўллади. Жангнинг кульминацион нуқтаси ўн тўртинчи раундда содир бўлди. Бу раундда Али деярли «ўчиб қолган» рақибига ўнлаб даҳшатли зарбалар йўллади, аммо Фрейзер ўрнида турди. Бироқ ўн тўртинчи раунднинг сўнгида ҳакам шифокорларни чақирди, улар Жо жангни бошқа давом эттира олмасликларини маълум қилишди. Шу тариқа, афсонавий «Манила триллери» ўн тўртинчи раундда якунига етди. Қизиғи, кейинчалик маълум бўлишича, Али ҳам ўн бешинчи раундга чиқа олмайдиган ҳолга келиб қолган, аммо биринчи бўлиб Фрейзер томондагилар «оқ» байроқ кўтарганликлари сабабли жангда бокс афсонаси Муҳаммад Али ғалаба қозонади. Бу жанг ҳақида Али шундай эслайди: «Бу жанг худди ўлимдек эди, мен ҳеч қачон ўлимга бу даражада яқин келмаганман».
Жанг якунлангандан сўнг Жонинг кўзларидан ёш тўхтамайди. Али эса ечиниш хонасига зўрға етиб боради. Кейинчалик ҳам Жо ва Али узоқ вақт давомида гаплашишмади. 2011 йилда Фрейзернинг ўлимга саноқли кунлар қолганда Али ундан кечирим сўрашга эришади. У ўша вақтларда айтган гапларидан пушаймон эканлигини бир неча марта таъкидлайди. ХХ асрнинг энг буюк боксчиси 2016 йилда - Жо Фрейзер ўлимдан беш йил ўтиб, бу ёруғ оламни тарк этади.
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар