18 сен 10:22
Янгиликлар
Дэвис Кубогининг муҳим баҳсида ўйнамаган Истомин бугун Питерда кортга чиқади
Ушбу мусобақада мамлакатимизнинг биринчи ракеткаси Денис Истомин ҳам иштирок этади. Бугун ҳамюртимиз жуфтлик мусобақаси билан Питер турниридаги иштирокини бошлаб олади. Тақвимда унинг яккаликдаги баҳси ҳам ўрин олган.
Истомин россиялик Михаил Елгин билан жуфтлик ҳосил қилган ва улар бугун Тошкент вақти билан соат 17:00да мезбон теннисчилар - Таймураз Габашвили ва Евгений Карловский ҳамкорлигига қарши кортга чиқишади.
Денис режа бўйича эртага яккаликнинг илк босқичида қозоғистонлик Михаил Кукушкин билан тўқнаш келиши керак. Бу вазиятда бироз шубҳали ҳолат юзага келмоқда. Осиё ўйинлари ғолиби Дэвис Кубогининг жаҳон лигасига йўлланма берувчи учрашувида бизга номаълум сабабларга кўра кортга чиқмаган эди.
Агар бунга жароҳат сабаб бўлган деб ҳисобласак, демак, у икки кунда тузаладиган жароҳат эканда! Жуда ҳам қизиқ ва шубҳали ҳолат. Ўзбекистон теннис федерацияси вазиятга ойдинлик киритиб, нима учун Денис муҳим баҳсда кортга чиқмади, деган саволга жавоб берганида эди, бу каби шубҳа-гумонларга ҳожат қолмасди, назаримизда.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияга қарши Глазго шаҳрида кечган баҳснинг тўртинчи учрашувида Истоминнинг ўрнини эгаллаган Санжар Файзиев рақибига деярли қаршилик кўрсата олмаган эди - 2:6, 2:6, 0:6. Бунинг натижасида терма жамоамиз 1:3 ҳисобида мағлубиятга учраб, жаҳон лигасига чиқиш имкониятидан маҳрум бўлган эди.
Фикрлар