27 мар 12:16
Янгиликлар
Эркин курашни ҳаёти деб биладиган Мажид Муратов билан яқиндан танишамиз
Мажид Муратов — эркин курашчи, Ўзбекистон миллий жамоаси аъзоси, халқаро мусобақалар ғолиб ва совриндори. У кураш билан 8 ёшидан шуғуллана бошлаган. Биринчи мураббийи Олимжон Ҳикматов бўлиб, спортчининг дастлабки техник тайёргарлиги ва мусобақа тажрибаси айнан шу мураббий қўл остида шаклланган. Олимжон Ҳикматов айни пайтда эркин кураш бўйича Ўзбекистон катталар терма жамоаси бош мураббийи ҳисобланади.

2013-2015 йиллар давомида Муратов республика ва шаҳар миқёсидаги ўсмирлар мусобақаларида мунтазам совринли ўринларни эгаллади. 2015 йилда ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон биринчилигида чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. 2017 йилда катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатида кумуш медаль совриндори бўлди.

2016 йилдан унинг халқаро майдондаги юриши бошланди. У хориждаги илк мусобақасидаёқ муваффақиятли иштирок этди. Муратов Филиппиннинг Манила шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритди. Шу йилнинг ўзида Франциянинг Макон шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 5-ўринни эгаллади.

АҚШга келгач, Мажид Муратов коллежлар ўртасидаги мусобақаларда қатнашди. 2020 йилда NJCAA миллий чемпионатида кумуш медаль эгасига айланди. 2022 йилда у яна Ўзбекистон чемпиони бўлди ва ўша йили АҚШда ўтказилган Spatola Classic турнирида олтин медални қўлга киритди.

Мураббийлар ва мутахассислар Мажид Муратовнинг кураш услубини тактик ёндашуви билан баҳолайдилар. У айниқса йиқитишдан кейинги вазиятларда ҳужумни давом эттириб, қисқа вақт ичида устунликни очкога айлантириш қобилияти билан ажралиб туради.

Ҳозирда у АҚШдаги Cincinnati Regional Training Center спортчилари билан машғулот жараёнларида иштирок этяпти. У бу билан халқаро услубдаги курашга тайёрланаётган спортчилар билан тажриба алмашмоқда.

Унинг Осиё, Европа ва АҚШдаги натижалари замонавий эркин курашда техник ва тактик тайёргарлик ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини кўрсатади.




Фикрлар