26 ноя 08:03
Янгиликлар
"Лондон тизимини кутмагандим, лекин..." — Жавоҳир Синдаров
Амалдаги чемпион ҳиндистонлик Гукеш Доммараджу ҳамда Номзодлар турнири ғолиби ҳамюртимиз Жавоҳир Синдаров кечаги дурангдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида партияни муҳокама қилишди. Томондар 20-юришдан кейин дурангга рози бўлишди.
Матбуот анжуманида Синдаров қора доналарнинг режасини тушунтирди.
Гукеш Лондон тизимини нега танлади?
Матчда илк бор оқ доналарда ўйнаган Гукеш 1.d4 d5 2.Nf3 Nf6 3.Bf4 билан Лондон тизимига ўтди. У матч бошида бу дебют рақибига кутилмаган танлов бўлиши мумкин, деб ўйлаган. Пандемия даврида Лондон тизимини анча ўйнаганини ҳам эслади. Гукешнинг айтишича, бугун бу дебютнинг назарияси ҳам анча чуқур ва Синдаровнинг жавоби тайёр бўлиши мумкинлигини у билган.
Синдаров айнан Лондон тизимини кутмаганини, аммо партияда юзага келган вариант унга яхши таниш бўлганини айтди. Қора фарзиннинг 7...Qb6 юриши ҳам тайёргарлигига кирган. Фарзин b2 пиёдасига ҳужум қилди. Гукеш уни 8.Rb1 билан ҳимоя қилди.
8.Qb3 ўрнига нега 8.Rb1?
Журналистлардан бири 7...Qbb га нега 8.Qb3 ўйнамаганини сўради. Гукеш 8.Qb3 дан кейин 8...Nh5 имконини кўрсатди. Бу юриш f4 даги филга ҳужум қилади. Гукеш 8.Rb1 юришини билган, аммо тайёрлаган вариантининг ҳаммасини эслай олмаганини айтди. Қора пиёдани олиш вариантини ҳам ҳисоблаган. Унинг баҳосига кўра, қоралар пиёда эвазига етарли ўйин оларди.
Фарзиннинг d8 га қайтиши
Синдаров 11...Qd8 юриши ортидаги режани очиқ айтди. Фарзин ортга қайтгач, у филни e8 га, отни d7 га олиб ўтишни ва f-пиёдани f5 га суришни кўзлаган. Партияда 13...Be8, 14...Nd7 ва 15...f5 кетма-кет ўйналди. Синдаров режани амалга ошириш учун қулай пайтни топдим, деб ҳисоблади.
"...Be8 ва ...Nd7 режасини етарлича баҳоламадим", — деди Гукеш. 15...f5 дан кейин у қарийб ярим соат ўйлаб 16.f3 юрди. Синдаров 16...Nf6 билан жавоб берди. Гукешга кўра, шу позицияда e4 ёки c4 билан марказни очишнинг қулай йўлини кўра олмаган. а5 юриши ҳақида сўралганда, қора томон ...а6 билан жавоб берганидан кейин ҳам оқлар учун аниқ режа кўрмаганини айтди.
FIDE таҳлилида c4 дан кейинги битта вариант кўрсатилди. 17.c4 cхd4 18.exd4 dхc4 19.Bxc4 Nd5 дан кейин оқлар 20.Qxe6+ билан пиёда олади. Қоралар 20...Bf7 21.Qe2 Bg5 дан кейин пиёда эвазига фаол ўйин олади. Бу вариант 17.c4 дан кейин қоралар қандай ўйин олишини кўрсатади.
Нега Гукеш партияни давом эттирмади?
Гукешнинг айтишича, айнан шу позицияда рақибига жиддий муаммо туғдириш йўлини топиш қийин эди. Ўйинни мажбуран кескинлаштириш ўзига ҳам муаммо келтириши мумкинлигини айтди. "c4 билан марказни оча олганимда, эҳтимол, партияни давом эттирардим", — деди у.
Оқ фил e5 ва g3, қора от эса d7 ва f6 орасида юрди. Синдаров 20...Nf6 юришини ёзиб, соатни тўхтатди ва ҳакамга мурожаат қилди. Дуранг позициянинг уч марта такрорланиши асосида қайд этилди. Матч регламенти келишув асосидаги дурангга қораларнинг 40-юришидан кейин рухсат беради.

Фикрлар