UZ

Сўнгги янгиликлар

09:19Осиё кубоги. Бугун футзалчиларимиз ярим финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради 0 08:57Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида кучли таркиб билан қатнашамиз, Астанага Олимпиада лицензианти ҳам боради 0 08:36Усэйн Болт Мбаппенинг тезлиги ҳақида: "Одамлар буни осон деб ўйлаши мумкин, аммо..." 0 08:15Ўзбекистонда тақиққа учраган яна бир ММА лигаси ўзининг навбатдаги турнирини эълон қилди 0 07:53ОЧЛ. Юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" турнирни тарк этди, "Ал Айн" финалда! 0 07:30Хоккей. Ўзбекистон U18 терма жамоаси Осиё ва Океания кубогидаги илк учрашувда Эронни тор-мор қилди 0 22:33U-23 Осиё кубоги. Вьетнам йирик ҳисобда мағлуб этилди, чорак финалда Саудия Арабистонига қарши ўйнаймиз 0 19:50MPL 9 турнирининг марказий жанги аниқ бўлди + ПОСТЕР 0 19:39Алекс Перейра Магомед Анкалаев билан жанг ҳақидаги саволга жавоб қайтарди 0 19:17Сувга сакраш. Лицензиант спортчимиз Америка кубогида иштирок этади 0 18:55Азизбек Темиров Octagon 57 турнири бонусига лойиқ кўрилди 0 18:32"Барселона" ярим ҳимоячиси мавсум охиригача сафдан чиқди 0 18:10Қойил! Таниқли боксчи Ғазо учун 20 миллион доллар ҳайрия қилмоқчи! 0 17:48Рафаэль Надаль 20-маротаба Мадриддаги "Мастерс"да қатнашади 0 17:25Эдди Хирн: "Мадримов Кроуфордни мағлуб этса..." 0

14 ноя 21:28
Янгиликлар

Бокс/ММА

Осиё чемпионати якунлари: Ғолиблар муҳокама қилинмайдилар. Аммо...

Аммо биз бундан ҳам кўпроғига қодирмиз.

Иорданиянинг Амман шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионати ўз ниҳоясига етди. Қитъа чемпионатида йигитларимиз 5 та олтин медаль билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаганлигидан хабарингиз бор. Бироқ, умумий ҳисобда (эркаклар ва аёллар қўшиб ҳисобланганда) медаллар сони бўйича Қозоғистон боксчилари биздан ўтиб кетишди. Асосан аёллар бокси эвазига. 

Ярим финал ва финал босқичларида иштирокчилар сони бўйича устунлик бизда бўлмасада, якунда боксчиларимиз ажойиб камбэкни амалга ошира олишди. 

Айниқса, Ҳасанбой Дўсматов ва Лазизбек Мулложоновнинг ғалабалари барчамизга қувонч улашди. Ҳасанбой ЖЧ-2021даги мағлубият учун реванш олган бўлса, Лазизбек оғир вазнда ҳали ҳамон қитъада Ўзбекистон фаворит эканлигини исботлади. Баҳодир Жалоловнинг терма жамоамиз таркибида йўқлиги сабаб олтин медални мусобақа бошланмасданоқ Камшибек Конкабаевга "бериб юборишгани" ҳам бор гап. 

Йигитларимиз қитъада тенгсиз бўлишди, биз медаллар сифати бўйича биринчимиз. Барчаси ажойиб. Аммо ортда қолган Осиё чемпионати баъзи вазнларда муаммолар мавжуд эканлигини кўрсатиб қўйди. 

Осиё чемпионати якунларига бағишланган ушбу материалда терма жамоамиз боксчиларининг иштироки ва вазнларда Ўзбекистон терма жамоасидаги ички рақобат ҳақида ҳақида гаплашамиз. 


-48 кг вазн тоифасида ёш Асилбек Жалилов Амманга олиб кетилди. Тажрибали Нодиржон Мирзаҳмедов ўрнига таркибга жалб этилган Асилбек қозоғистонлик Санжар Ташкенбайга имкониятни бой бериб қўйди. Тан олиш лозим, Асилбек ҳар жабҳада рақибга ютқазди. Жалиловнинг иқтидорига шубҳа қилмаган ҳолда ушбу вазн тоифаси учун биринчи рақамли боксчи номзодини қайта кўриб чиқилиши тарафдоримиз. 


-51 кг. Хеч қандай шубҳа йўқ - Ҳасанбой яна қайтди. Унинг ажойиб формада эканлигини Андижонда ўтказилган халқаро турнирда ҳам кўргандик. Умид қиламизки, Дўсматов шу темпда давом этади ва биз Тошкент ҳамда Парижда ўзимиз ўрганган Ҳасанбойни кўрамиз. 


-54 кг. Ушбу вазнда ҳам авлодлар алмашинуви бошланиб кетган. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Шаҳзод Музаффаров илк бор катталар ўртасидаги қитъа биринчилигида қатнашди. Бронза медали ёмон натижа эмас Шаҳзод учун. Бироқ "қозоғистонлик Ломаченко" дея таъриф берилаётган Маҳмуд Сабирханни мағлуб этиш учун ҳали яна меҳнат қилиш талаб этилади. Бу борада Шаҳзодга ишонамиз. Таржимаи ҳолига Олимпиада ва Жаҳон чемпиони унвонларини ёздириб қўйган Шаҳобиддин Зоировни бемалол проф боксга кузатиб қўйсак бўлаверади. 


-57 кг. Абдумалик Халаков. Ўтган йилги жаҳон чемпионатида -60 кг вазн тоифасида финалгача етиб борган Абдумалик бир вазн пастга тушди ва ушбу вазн ўзи учун идеал эканлигини таъкидлаб ҳам ўтди. Чиройли жанг ва чиройли ғалабалар ва албатта сальто. Кутганимиздек олтин медаль. Ўзбекистон терма жамоасида сўнгги йилларда -57 кг вазн тоифасида рақобат кучлилигича қолмоқда. Миразиз Мирзахалиловдан сўнг айнан Абдумалик ЖЧ ва Олимпиадада ушбу вазн эгасига айланмоқда. "Юлдуз ушламаймиз" ва шу темпда давом этамиз. 


-60 кг. Ушбу вазнда ёш ва иқтидорли Адҳамжон Муҳиддинов юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Илк Осиё чемпионатида бронза ҳам ёмон натижа эмас. У ярим финалда мўғулистонлик рақибга қарши ҳам ажойиб жанг ўтказганди. Умуман олганда яхши танлов. Аммо бу вазнда Шунқор Абдурасулов, Дилшод Абдумуродов каби боксчилар ҳам борлигини эсдан чиқармаслик лозим. Рақобат бўлгани фақат ва фақат фойда. 


-63,5 кг. Руслан Абдуллаев ажойиб жанглари билан барчада ёрқин таассурот қолдирди. Илк босқичда қозоғистонлик боксчи мусобақадан чиқариб юборилгани ҳам Русланнинг мухлисларини хурсанд қилди. Умуман олганда ушбу вазнда икки ажойиб боксчига эгамиз: Руслан Абдуллаев ва Мужибилло Турсунов. Мураббийлар штабининг якуний танловида Андижондаги Золотарёв хотира турнири финали катта роль ўйнаган эҳтимол. Ўшанда Руслан Мужибиллодан устун келганди. Ва ушбу танлов ўзини оқлади - Руслан олтин медаль билан юртимизга қайтди. 


-67 кг. Рақобат бор яна бир вазн. Терма жамоамиз шарафини ушбу вазнда Асадхўжа Мўйдинхўжаев ҳимоя қилди. Ажойиб ҳаракатлари билан мухлислар эътиборига тушаётган Асадхўжа бронза билан Ўзбекистонга қайтди. У ярим финалда ҳам ёмон жанг ўтказгани йўқ. Бугунги кунда ушбу вазнда терма жамоамиз учун икки муносиб номзод бор - Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва Жавлонбек Йўлдошев. Асадхўжа ҳали ушбу вазнни тўлиғича ўзиники қилиб олишга улгургани йўқ. Декабрь ойида Тошкентда ўтказиладиган Ўзбекистон чемпионатида юқоридаги икки боксчи яна тўқнаш келиши мумкин ва тўқнашув ғолибида ЖЧ-2023 учун таркибдан ўрин олиш имконияти ошади. 


-71 кг. Узоқ муҳокамалардан сўнг мураббийлар штаби ушбу вазнда Ҳавасбек Асадуллаевни олиб борди. Икки йил олдин кучли рақобатга эга бўлган ушбу вазнда бугунги кунга келиб Асадуллаев мураббийлар наздида биринчи рақамли боксчи ҳисобланади. Ҳавасбек танланишида ҳам катта эҳтимол Золотарёв хотира турниридаги олтин медаль муҳим роль ўйнаган. Афсуски Ҳавасбек илк жангда имкониятни бой бериб, мусобақани медалсиз якунлади. Агар Иқболжон Холдоров аввалги формасини тиклайдиган бўлса, ёш Суҳроб Қаюмов ўзини кўрсата олса ушбу вазнда рақобат ортиши мумкин. Шунингдек, яқинлашиб келаётган Ўзбекистон чемпионатида ҳам ушбу вазнда янги номлар порлашини кутиб қоламиз.


-75 кг. Саиджамшид Жафаров. Бу ерда кўп изоҳга ҳожат йўқ. Иккинчи Осиё чемпионати ва иккинчи олтин медаль. Жафаров ўзига берилган имкониятдан максимум тарзда фойдаланмоқда. Шундай бўлсада унга бўшашмасликни тавсия қиламиз. Ушбу вазнда ёш Аълохон Абдуллаев, Абдулазиз Абдупаттаев, Логин Петров каби иқтидорлар етишиб чиқмоқда. 


-80 кг. Одилжон Аслонов илк бора Осиё чемпионатида қатнашди. У финалга қадар етиб борди ва ҳал қилувчи баҳсда мезбонлар вакилига имкониятни бой бериб қўйди. Сўнгги йилларда ушбу вазнда асосан Одилжон ва ЖЧ совриндори Дилшод Рўзметов рақобат олиб бормоқда. Осиё чемпионати олдидан ўтказилган халқаро турнир финалида ҳам ушбу икки боксчи ўзаро тўқнаш келган ва якунда Аслонов ғалабага эришиб, терма жамоа сафида Амманга йўл олди. Кумуш медаль ёмон натижа эмас. Кейингиларида олтин кутиб қоламиз. 


-86 кг. Сўнгги икки нуфузли мусобақада мураббийлар ёш Шоҳжаҳон Абдуллаевга ишонч билдиришмоқда. Афсуски мусобақаларда Шоҳжаҳонга нимадир етишмаяпти. Бу сафар ҳам мусобақани медалсиз якунлади. Биз унинг салоҳиятини ёшлар терма жамоасидаги фаолияти орқали яхши биламиз. Ҳозирда ички мусобақаларда унга рақобат туғдира оладиган боксчи сифатида Буэнос-Айрес Олимпиадаси совриндори Темур Мержановни кўрсатишимиз мумкин. 


-92 кг. Мадияр шубҳасиз энг тўғри танлов эди. Финалгача етиб борган боксчимиз олтин медаль учун баҳсда қозоғистонлик Айбек Оралбайга имкониятни бой бериб қўйди. Боксчилар ўтган йили ЖЧ чорак финалида ўзаро тўқнаш келишган ва ўшанда Мадияр ажойиб характер эвазига ғалаба қозониб, медалга эга чиққанди. Бу сафар эса Оралбайнинг қўли баланд келди. Тошкентдаги ЖЧда улар ўртасидаги учинчи жангни кўрсак керак. Бошқа номзодлар ҳақида ҳозирча гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Тўғри, рақобат бор. Аммо Мадияр улардан ҳозирча устун эканлигини исботлашда давом этмоқда.  


+92 кг. Қизиқ жойига келдик. Баҳодир Жалолов Осиё чемпионатига бормаслигини эшитган қозоғистонлик мухлислар Камшибек Конкабаев учун олтин медални "нақд қилиб қўйишганди". Ушбу фикрга сир бой бермасада, қисман ўзбекистонлик мухлислар ҳам қўшилишга мажбур бўлиб қолаётганди. Лекин ҳайрият, Мулложонов ўзига билдирилган ишончни муносиб равишда оқлай олди. Финалда Камшибек Конкабаевга қарши тўғри услуб танланди ва олтин медаль қўлга киритилди. Умуман олганда Баҳодирдан сўнг мазкур вазнни Лазизбек Мулложоновга ишонсак бўлади. Шунингдек, яна бир иқтидор - Жаҳонгир Зокиров ҳам бор. Аммо бу супероғир вазн тоифаси эканлигини инобатга олсак, бу ерда барча нарса бўлиши мумкин. Баҳодир Жалоловга эса проф боксда фақат ва фақат омадлар тилаймиз. 


Кетма-кет тўртинчи пешқадамлик

Аммандаги ғолиблик орқали Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиё чемпионатидаги кетма-кет тўртинчи маротаба умумжамоа ҳисобида биринчи эканликларини исботлашди. Тошкент-2017, Бангкок-2019, Дубай-2021, Амман-2022. Ажойиб. Шу темпда давом этамиз.


Аёллар бокси

Ўзбек боксининг яқин ўтмишдаги юлдузи Элшод Расулов бугунги кунда аёллар терма жамоамизда бош мураббий сифатида ишлаётганидан хабарингиз бор. Ёшарган таркибга эга қизларимиз Расулов бошчилигида 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлишди. Навбаҳор Ҳамидова олтинга эга чиққан бўлса, Соҳиба Рўзметова кумушга сазовор бўлди. Ёш Фарзона Фозилова ҳам катталар ўртасида ўзи учун дастлабки мусобақада совриндор бўлишга улгурди. 


Тўлқин Қиличев ва кубалик мураббийлар

Бу ўз таркибида кубалик мураббийларга эга Тўлқин Қиличев учун бош мураббий сифатидаги илк йирик мусобақа бўлди. Натижа жиҳатдан илк имтиҳон яхши баҳога топширилди дея оламиз. Аммо ушбу мураббийлар штабининг асосий миссияси Осиё чемпионати эмас, Тошкентдаги жаҳон чемпионати ва Париж Олимпиадаси ҳисобланади. Демак, бўшашишга ҳожат йўқ.  


Камбоджа таркибидаги ўзбекистонлик. Бу коррупция эмас

Ушбу Осиё чемпионатида -92 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Абдулла Ражабов Камбоджа терма жамоаси шарафини ҳимоя қилди. Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолатга "коррупция", "ватанни сотиш" қабилида фикрлар билдирилди. Аммо ҳулоса қилишга шошмаслик зарур. Ушбу вазн тоифасида Мадияр Саидраҳимов ўзини ҳар томонлама асосий таркибга муносиб эканлигини исботлаб келмоқда. Демак бу ерда таниш-билиш ва юқоридаги каби сўзларга ҳожат йўқ. Умуман олганда, ушбу қарорни фақат ва фақат олқишлаган бўлардик. Бундай амалиёт орқали асосий таркибга кира олмаган 2-3 рақамли иқтидорли боксчиларимизда ҳам ўзларини кўрсатиш имконияти пайдо бўлади. Қолаверса, улар маълум миқдорда маблағ ҳам ишлаб олишлари мумкин. Умуман олганда, бу вазиятда ёмон ҳолатни кўрмаяпмиз. Футболда ҳам ўз ватани терма жамоасига кира олмаган бразилиялик иқтидорлар бошқа юрт шарафини ҳимоя қилиб келишаётганини ёдга олиб қўямиз. 


Қозоғистонда ҳакамликдан норози бўлишди

Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи Қайрат Сатжанов Сакен Бибосиновнинг Ҳасанбой Дўсматовга, Серик Темиржановнинг Абдумалик Халаковга, шунингдек, Камшибек Конкабаевнинг Лазизбек Мулложоновга учраган мағлубиятида ҳакамликдан норози эканлигини яшириб ўтирмади. Бош мураббий томонидан мана шундай баёнот берилган пайтда, ижтимоий тармоқлардаги мухлисларнинг фикрларини эса айтмай қўяқолайлик...


Ҳулоса шуки, медаллар сони бўйича имконият бой берилганини ва бошқа жиҳатларни инобатга олган ҳолда терма жамоамизга мазкур Осиё чемпионатидаги иштирок учун 10 баллик тизимда 8 балл қўйсак бўлади. Натижа қониқарли. Ғолиблар эса кўп ҳам муҳокама қилинмайдилар. 

Рейтинг: +5   

Фикрлар

   
15 ноя 02:54:06
Коканд
Эркакчасига мағлубиятни тан олиш ҳам марднинг иши. Бу кўп қозоқлар мағлубиятдан ҳакамларни коррупцияда айблади. Бош тренери билан сатжанов билан серик сапиев деган Қозоғистон жисмоний тарбия қўмитаси раҳбари хам уялмасдан номардлик қилиб, ҳакамларни айблаб чиқди. Уни ўрнига эркак бўлиб ютказганингни тан олиш керак.
   
14 ноя 23:35:38
лазизбек темиров
Шунақа таҳлилий мақолаларни кўпайтиринглар, илтимос.
< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг