19 сен 07:13
Янгиликлар
Паралимпия ўйинлари якунланди, 31та медал билан 16-ўринни эгалладик!
Тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида 5та спорт турида 32 нафар спортчи билан иштирок этган паралимпиячиларимиз якунда тарихий натижани қайд этишди. Ана шу 32 нафар спортчимиз мусобақада жами 31та медални қўлга киритди.
Медаллардан 8тасининг олтин эканлиги ҳар биримизга фахру ифтихор бахш этади. Шунингдек, терма жамоамиз ҳисобида яна 6та кумуш ҳамда 17та бронза медали ҳам бор. Якунда 16-ўринни эгалладик.
Ушбу натижа эвазига Ўзбекистон терма жамоаси Осиё қитъасида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаган Хитойдан сўнг иккинчи поғонани банд этди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида эса Украинадан сўнг иккинчи ўринни эгалладик. Украина умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди.
Терма жамоамизга энг кўп олтин медалларни дзюдочиларимиз тақдим этишди. Ўз вазн тоифаларида Шерзод Намозов, Ўткиржон Ниғматов, Одил Тулендибоев барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шохсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилишди.
Бундан ташқари, диск улоқтириш баҳсларида Ҳусниддин Норбеков, найза улоқтиришда Александр Свечников ҳамда Нозимахон Қаюмова, сузиш мусобақасида Фотимахон Амилова ва Фирдавсбек Мусабековлар ҳам олтин медал билан тақдирланишди.
Биздан аввалги ўринни эгаллаган Эрон ва Канада терма жамоалари ҳисобида ҳам 8тадан олтин медал бор. Бир юз еттита олтин, 81та кумуш, 51та бронза, жами 239та медал жамғарган Хитой терма жамоаси катта фарқ билан биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи поғонани банд этган Буюк Британия Паралимпия терма жамоаси ҳисобида жами 147та медал бор. Шулардан 64таси олтин, 39таси кумуш, 44таси бронза медалидир. Кучли учликка Украина терма жамоаси 41та олтин, 37та кумуш, 39та бронза медали билан якун ясаган.
Жами 63та давлат терма жамоалари камида битта олтин медални қўлга киритишди. Етмиш иккита терма жамоа камида биттадан кумуш медалга эга бўлди. Саксон учта терма жамоа эса камида биттадан бронза медалига эга чиқди.
Фикрлар