14 авг 09:47
Янгиликлар
Рио-2016. Ҳасанбой Дўстматовнинг бугунги финал олдидан фикрлари
Бугун -49 кг вазн тоифасидаги ҳамюртимиз ҳал қилувчи финал жангида рингга кўтарилади. Унинг рақиби колумбиялик Юрберхен Мартинес бўлади. Мартинес жиддий рақиб. Ярим финалда у кубалик боксчини мағлубиятга учратиб, буни амалда исботлади.
Шундай бўлсада, олтин медалга барча юртдошларимиз қатори биз ҳам умид боғлаяпмиз. Финал жанги олдидан биз Ҳасанбой Дўсматовдан интервью олдик.
- Ҳасанбой, ғалаба муборак бўлсин. Аввало, ярим финал жанги ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
- Табрик учун раҳмат. Ўз ўрнида мен ҳам узоқ масофадан биз спортчиларни ғойибона қўллаб-қувватлаётган ҳамюртларимизга миннатдорчилик билдираман. Уларнинг ишончларини оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз. Энди бевосита жангга келсам, унинг қийин кечишини билардим. Амалда ҳам шундай бўлди. Дастлабки икки раундни ўз фойдамга ҳал қилганимни билганим учун ҳам учинчи раундда кучимни финалга тежашга ҳаракат қилдим. Бунинг натижасида ҳотиржамлик ҳам юзага келди, бўшашдим. Шундай бўлсада, рақибимни мағлубиятга учратиб, финалга йўл олдим.
- Америкалик рақибингиз билан илк маротаба тўқнаш келдингизми?
- Ҳа, аввал учрашмагандим. Уни шу Риода ўтказган аввалги жанглари орқали ўргандик. Мураббийларимиз билан бирга шунга яраша жангга тактика тайёрлагандик. Натижаси эса ёмон бўлмади.
- Иккинчи ярим финал жангини бевосита аренадан кузатдингизми?
- Албатта. Финалдаги рақибим ким бўлишини кузатиб бордим. Мен кубалик боксчи ғалаба қозонади деб ўйлагандим. Бироз кутилмаган натижа бўлди мен учун. Энди финалда кимга қарши жанг ўтказишнинг унчалик аҳамияти йўқ. Финалдаги рақиблар ҳамиша жиддий бўлган. Яхши томони шундаки, колумбиялик рақибим менинг жанг услубимга мос тушар экан. Шундан хурсандман. Ўйлайманки, чиройли ғалабам билан ҳамюртларимизни хушнуд этаман. Ўзбекистон терма жамоасига илк олтин медални тақдим этишга астойдил ҳаракат қиламан. Бундан 16 йил аввал Муҳаммадқодир ака Абдуллаев боксчида чемпион бўлгандилар. Ўша олтин медал ягона бўлиб келяпти. Мен ҳам Муҳаммадқодир акан сингари чемпион бўлишни истайман. Менинг ғалабам қолган боксчиларимизни ҳам руҳлантириши аниқ.
Камолиддин Алимов суҳбатлашди
Фикрлар
Olģa