26 ноя 11:08
Янгиликлар
Рустам Қосимжонов: "Жавоҳир ғалаба қозонса, бу...."
22 йилдан кейин яна жаҳон чемпионлиги учун кураш
Қосимжоновдан 22 йил аввал жаҳон чемпиони бўлганида, келажакда яна бир ўзбекистонлик шахматчи жаҳон чемпионлиги учун курашишини хаёлига келтирган-келтирмагани сўралди.
«Ўша пайтда бу қадар узоқни ўйламаганман. Лекин бу — биз ва ўзбек шахмати учун жуда қувончли кунлар. Яқинда Олимпиадада ғалаба қозондик.
Энди эса 20 кундан кейин бошланадиган матч барча саъй-ҳаракатларимизга тож бўлиши мумкин. Балки бундай бўлмас, аммо биз жуда ҳаяжондамиз», — деди у.
Олимпиададан кейинги янги мақсад
Ўзбекистон терма жамоаси мураббийининг айтишича, Олимпиада пайтида жаҳон чемпионлиги матчи ҳақида гаплашилмаган. Жамоанинг бутун диққат-эътибори ўша мусобақага қаратилган эди.
«Ўйлашимча, бу ҳақда умуман гаплашмадик. Олимпиада жуда катта мақсад эди ва ўша вақтда ундан кейинги барча нарсалар аҳамиятсиздек туюларди. Бор эътиборимизни Олимпиадага қаратгандик.
Энди, албатта, диққатимиз бошқа томонга кўчди. Олимпиада якунланди, олдимизда эса жаҳон чемпионлиги матчи турибди. Шахматнинг гўзаллиги ҳам шунда — доимо янги мақсад пайдо бўлади».
Жавоҳирни қўллаб-қувватлаш
Интервюда Қосимжонов Синдаров жамоасининг расмий аъзоси сифатида эмас, уни қўллаб-қувватлаш учун келгани ҳақида ҳам сўз борди. Ундан сўнгги кунларда Жавоҳирга нима дегани сўралди.
«У уни қўллаб-қувватлаш учун бу ерда эканимизни билади. Доимо ёнида бўлишимизни ҳам яхши тушунади. Бу ерга ёлғиз келганим йўқ. Ўзбекистондан кўплаб шахматчилар, федерация вакиллари, ҳатто рафиқам ҳам келган.
Ҳаммамиз уни қўллаб-қувватлаш ва омад тилаш учун шу ердамиз. Биз ҳам айнан шуни қиляпмиз».
Матч давомида, зарур бўлса, Жавоҳирга руҳий жиҳатдан ҳам ёрдам бериш учун алоқада бўладими, деган саволга Қосимжонов қисқа жавоб берди:
«У менинг телефон рақамимни билади. Албатта».
Улар қанчалик тез-тез гаплашиб туриши ҳақида эса шундай деди:
«Ҳа, гаплашиб турамиз. Муҳим деб билган пайтларимизда суҳбатлашамиз. Ўйлашимча, матч давомида ҳам бундай вазиятлар бўлади».
Жавоҳир ғалаба қозонса, Ўзбекистонда нима бўлади?
Суҳбат якунида Chess.com мухбири аввалги жаҳон чемпионлиги матчи пайтида Ҳиндистонда Гукеш ғалаба қозонса ҳам, мағлуб бўлса ҳам, мамлакатда қандай воқеалар бўлишини одамлар тасаввур қила олмагани ҳақидаги гапни эслади. У Қосимжоновдан буни Ўзбекистон ҳақида ҳам айтиш мумкинми, деб сўради.
«Менимча, у ғалаба қозонса, нима бўлишини анча яхши тасаввур қила оламиз».
Мухбир айнан нима бўлиши мумкинлигига қизиқди.
«Ўйлайманки, бу жуда катта воқеа бўлади. Сиз тасаввур қила оладиган даражадан ҳам каттароқ. Агар у ғалаба қозонмаса, кейин нима бўлиши ҳақида ҳатто ўйлашни ҳам истамаймиз».
Фикрлар