UZ

Сўнгги янгиликлар

14:32Жонс Прохазка - Хилл жанги учун ўз тахминини айтди 0 14:11Магомед Анкалаев ниҳоят тан олди 0 13:50"Агар шундай қилсам, бу Усик учун Рождество совғаси бўлади" - Фьюри 0 13:29Эшитдик-да! ЎФАга янги раҳбар қачон сайланиши маълум 0 13:08Prezident Kubogi. Бугун ҳам икки гроссмейстеримиз ўртасидаги дербига гувоҳ бўламиз, Абдусатторов эса ҳинд шахматчисига қарши! 0 12:47Тожикистонлик UFC жангчиси Муҳаммад Наимовнинг навбатдаги рақиби ва жанг санаси эълон қилинди 0 12:26Конор Макгрегор учун 2025 йил ҳам суд билан бошланади 0 12:05Расман: Хавьер Маскерано "Интер Майами" бош мураббийи! 0 11:44Қозоғистон президенти вазирга "легионерлар" сонини қисқартириш бўйича топшириқ берди 0 11:23Бобурийлар бунёд этган дунёнинг етти мўъжизасидан бири 2036 йилги Олимпия ўйинлари рамзи бўлиши мумкин 0 11:02Дана Уайтдан шартнома сўраган тожик спортчиси Кореяда жанг қилади 0 10:41Элит ОЧЛ. "Ал Ҳилол" ва "Ал Насср" плей-офф йўлланмасини нақд қилди, "Пахтакор" 12 клуб орасида 10-ўринда! 0 10:20World Boxing IBA таркибидан чиқмаган Осиё бокс конфедерацияси ўрнига қитъага масъул янги ташкилот тузилганини эълон қилди 0 09:59Формула-1'да янги жамоа пайдо бўлади 0 09:38ФОТО Нурсултон Рўзибоев: "Андижонликлар келди" 0

23 апр 16:17
Янгиликлар

Бошқалар

Шаҳрисабзда кураш бўйича Ўзбекистон Президенти соврини учун ташкил қилинган халқаро мусобақа якунига етди

Теглар :  КурашШаҳрисабз
Эл орасида шундай нақл бор: Ўзбекнинг боласи оёқ чиқармасдан бурун курашни ўрганади.

Ишонмайсизми, энди оёқ чиқарган, тетапоя бўлиб юрадиган, чучук тилли,  ғудраниб гапирадиган икки ўғил болани эгнига чопонча кийдириб, белини белбоғча билан маҳкам боғлаб ўртага чиқарингда, ҳа олиш, деб ўзингиз бир четда томоша қилинг.

Ҳали росмана кураш нималигини эшитмаган, ҳатто тушида ҳам кўрмаган болакайлар дап-дурустдан бир-бировининг ёқасидан олиб, бураб силтаб, аввал ўнг оёғини узатиб, чил солиб, йиқитишга ҳаракат қилади. Йиқитса мағрур, йиқилса курашга тўймай талаб солганини кўрсангиз, ё товба деб ёқа ушлайсиз.

Мабодо, сиз ҳам бу мўъжизани кузатмаган бўлсангиз, уйга борингда икки ўғлингиз бўлса, ёки қўшни болалар бўладими кураштириб кўринг. Ҳа, полвонлик ўзбекнинг қонида бор. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Тарихларнинг энг қадимийси, энг ўқимишлиси, энг ишончлиси, энг ўлмас-нетмаси бу халқ оғзаки ижоди. Ёзма тарихий манбалар бор. Бироқ улар жуда оз, ўқилиши, оммавийлашиши қийин. Ўзбек халқ оғзаки ижоди - қўшиқлари, эртаклари, айниқса, достонлари миллат тарихининг бироз жонли, ширали қилиб ёзилган, таржимасиз ўқиладиган ва эшитганга кучли таъсир қиладиган тарихдир.

Деярли барча полвонликни, зўрлик ва баҳодирликни идеал туйғу даражасига кўтарган ўзбек халқ достонлари агар дўмбира жўрлигида бахши - шоирлар томонидан маромига етказиб куйланса, беихтиёр ўрнингдан туриб кетгинг, дунёни бағрингга босиб, даст кўтаргинг келганини сезмай ҳам қоласан. "Алпомиш", "Гўрўғли" каби достонларни эшитиб кўрсангиз бунда бош қахрамонларанинг ҳамиша ҳалол кураш ва баҳодирлик туфайли мурод ва мақсадларига етадилар.

Демакки, халқимизнинг азалий орзуси - ўз орасида ҳамиша кучлилар етишса,  кураги ерга тегмайдиган полвонлари кўп бўлса, дунё халқлари орасида ҳамиша мағрур ва ғолиб бўлса. Ўзбек ўғлини суйиб эркаласа "полвоним", дейди. Овулидан зўр чиқмаса, армоним дейди. Дунё тарихида ўзбек ҳеч қачон полвонсиз қолмаган.

Бунинг исботини яна олис ўтмишдан эмас,  Шаҳрисабз шаҳри мезбонлик қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Амир Темур  хотирасига бағишланган анъанавий  халқаро турнирни кўриб, кузатиб ҳам билиб олиш мумкин. 1992 йил илк бор Шаҳрисабзда Соҳибқирон бобомиз таввалуд айёми арафасида  турнир ташкил этилган эди. Унда барча вилоятларимиз ва хорийжий давлатлардан энг сара полвонлар иштирок этиб, бош соврин учун  беллашишган. Илк турнирда ҳамюртимиз Муҳаммадқодир Пирматов 2004-2008 йилда Абдулла Тангриев, 2012 йилда Самижон Убайдуллаевлар мутлоқ вазнда ғолибликни тантана қилишган.

Ўтган ҳафтанинг 20-21 апрель кунлари Шаҳрисабз шаҳридаги “Ҳисор” стадионида ўтказилган,  Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Амир Темур хотирасига бағишланган анъанавий VII Халқаро турнир  бўлиб ўтди. Мазкур халқаро турнирда 30 га яқин давлатлардан 160 нафардан ортиқ полвонлар иштирок этди.

Турнирда эркаклар 73, 81, 90 ҳамда мутлоқ вазнда куч синашишган бўлса, аёллар 57 ва 78 килограмм вазн тоифаларида ғолиблик учун гиламга чиқишди.  Шуни мамнуният билан айтиш лозимки, халқаро турнирга тайёргарлик ишлари кўтарингки руҳда олиб борилганини ер шарининг беш қитъасидан ташриф буюрган меҳмонларнинг юз-кўзларидан ҳам билиб олиш мумкин эди.

Шаҳрисабз шаҳри кўчалари, маҳалла ва хиёбонлари, зиёротгоҳлари янада ободонлаштирилган. Йўл четларидаги  минглаб турфа анвойи гулларнинг чаман бўлиб очилиб туриши эса "Хуш келибсиз кўҳна Кешга", "Хуш келбсиз кураш ватанига" дегандек гуё. "Ҳисор" стадионида тубдан таъмирлаш ишлари  қилинган. Янгидан ўрнатилган замонавий ёритгичлар бутун стадион бўйлаб порлаб турибди. Майдоннинг икки четида ўрнатилган ўтовлар ҳам кураш байрамига ярошиқ. Ўртада эса катта саҳна. Уч қисмга бўлиб тўшалган кураш гиламлари алплар олишувига елка бўлишга шай.

20 апрель куни бирин-кетин кутиб олинган меҳмонлар режага мувофиқ  Оқсарой мажмуаси ва Шаҳрисабзнинг бошқа  диққатга сазавор жойлари, тарихий ёдгорликлари  билан таништирилди.  

21 апрель. Ҳали кекса қуёш ўз сандиғидан кўтарилмасдан бурун "Ҳисор" стадиони томон ошиқаётган мухлислар сони аввал эллик, юз нафарни ташкил этган бўлса,  кураш бошланишига тахминан бир соатлар қолганида стадион мухлислар билан лиқ тўлиб бўлган, ҳамма энди фақат беллашувни интиқлик билан кутишарди. Шундан ҳам билиш мумкинки, кураш шайдолари бундай катта курашни соғиниб қолишан.  Футболни миллионлар ўйини деймизу, аммо шу куни биз ҳам курашни  миллионлар ўйини дегимиз келди.

Дастлаб, турнирнинг тантанали очилиш маросими ташкиллаштирилди. Бошловчилар томонидан ўзбек ва инглиз тилларида ўттизга яқин иштирокчи давлатлар эълон қилинди. Байроқлари катта саҳанага олиб чиқилди. Маросим очилишида сўз олган Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоикром Исмоилов ҳамда  Кураш халқаро ассоциацияси асосчи раиси Комил Юсуповлар уч ярим минг йиллик тарихга эга бўлган кураш Истиқлол йилларида том маънода дунё спортига айлангани, кураш айни пайтга келиб 130га яқин давлаларда оммалашаётгани, унинг жаҳондаги нуфузини янада ошириш, ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш бўйича самарали ишлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этишди. Мадҳиямиз янграб, давлатимиз байроғи баланд кўтарилди. Шундан сўнг маросим  таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқларига ўланиб кетди. Ниҳоят кураш бошланди.    

Саҳнага ўрнатилган биринчи, иккинчи ва учинчи гиламга ўз вазн тоифаларига кўра полвонлар халқаро тоифадаги ҳакамлар томонидан чақирила бошлади. Полвонлар кучли учлик сари бор куч ва маҳоратларини ишга солишиди. Кураш шайдолари ҳар бир полвоннинг чиқишини зўр қизиқиш билан олқишлаб туришди. Мухлислар Самижон Убайдуллаев, Давлат Абраев, Камол Расулов, Фазлиддин Мейлиев, София Эломонова, Гулсевар Рустамова, Малика Ўроқова каби номдор полвонларни финалга қадар етиб боришини интиқлик билан кутган эди. Бироқ ўтиш босқичида улардан омад юз ўгирди.

Турнирда муваффақиятли иштирок этиш учун Эрон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон, Жанубий Корея, Таиланд, Муғулистон сингари мамлакатлардан келган полвонлар вакилларимизга етарлича қаршилик кўрсатишди. Айниқса, Тожикстон, Эрон полвонлари ғолиб бўлишга ҳам эришишди.

Эътибор беринг халқаро турнирнинг финал босқичи бошланганида оқшом тушиб, деярли тун ярмига қараб кетган   бўлсада,  ҳеч ким кураш майдонини тарк этгиси келмас, аксинча бу йилги мутлоқ ғолиб ким бўлишини интизорлик кутишарди. Ниҳоят финал. Кураш гиламига қашқадарёлик Шерали Жўраев ва эронлик Жафар Паҳловоний чақирилди. Биласизми, эронлик полвоннинг вазни 150 кг.дан юқори, бир қатор халқаро мусобақлар ғолиби саналади. Бу борада ҳам Шералидан бир мунча устун. Бироқ кураш ўзбекнинг қонида борлигини Жафар полвон яхши билган ҳолда рақибига нисбатан эҳтиёткорлик билан ёндошади.

Ўта ҳушёрлик билан бошланган беллашувда Шерали полвоннинг эпчил ва чаққонлиги, машқу-меъёрларда тоблангани боис чарчамаслиги яққол сезилиб турди.  “Чала” баҳосини қўлга киритиб, ғолибликни тантана қилди. Ғолиб спортчи Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10. 000 АҚШ долларини қўлга киритди.

Курашнинг ашаддий мухлислари эса ҳамон мутлоқ ғолиб, Шерали Жўраевни, вазн тоифалари бўйича олтин медаль соҳибларини  олқишларди. Сабаби, улар ўша кеча  нафақат ғолиб бўлишди,  балки мухлис кутган орини, ориятини, ғурурини ҳам сақлаб қолишди.

Демак, Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича Амир Темур хотирасига бағишланган анъанавий VII Халқаро турнирнинг ғолиб ва совриндорлари билан батафсил танишамиз.

Эркаклар:

73 кг. Вазн:
1.Беҳрузи Хўжазода (Тожикистон)
2.Давлат Абраев (Ўзбекистон)
3.Мирлан Эралиев (Қирғизистон)
3.Умид Эсонов (Ўзбекистон)

81 кг. Вазн:
1.Илёс Алиакбарий (Эрон)
2.Сарвар Шомуродов (Ўзбекистон)
3.Камолиддин Расулов (Ўзбекистон)
3.Акмал Муродов (Тожикистон)

90 кг. Вазн:
1.Камроншоҳ Устопириён (Тожикистон)
2.Муҳаммадали Шамсиддинов (Ўзбекистон)
3.Бекзод Бойкелдиев (Ўзбекистон)
3.Ким Мин  (Жанубий Корея)

Мутлоқ:
1.Шерали Жўраев (Ўзбекистон)
2.Жафар Паҳловоний (Эрон)
3.Илҳом Жўраев (Ўзбекистон)
3.Анар Дорж (Муғулистон)


Аёллар:

57 кг. Вазн:
1.Гулнор Сулаймонова (Ўзбекистон)
2.Ли Хувон Жонг (Жанубий Корея)
3.Машҳура Пардаева (Ўзбекистон)
3.Нечахан Сесаи (Таиланд)

78 кг. Вазн:
1.Гулноза Матниёзова (Ўзбекистон)
2. Бар Фарин (Исроил)
3.Ле До Геёнг (Жанубий Корея)
3.Кумуш Йўлдошева (Ўзбекистон)

Турнир якунига етгач, мутлоқ вазнда биринчи ўринни эгаллаган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10. 000 АҚШ доллари, иккинчи ўрин соҳибига 5000 ва иккита учинчи ўрин соҳибларига 2500 АҚШ доллари ва Кубок, медаль ҳамда диплом берилди.

Шунингдек, аёллар ўртасидаги 57 ва 78 кг. Вазн тоифасида биринчи ўрин эгалари 3.000, иккинчи ўрин соҳибалари 1.500, иккитадан учинчи ўрин соҳибалари 750 АҚШ доллари ҳамда Кубок, медаль ва диплом тақдим этилди. Эркаклар ўртасидаги 73, 81, 90 кило вазн тоифаларида кучли учликдан жой олган спортчилар 3.000, 1.500 ва 750 АҚШ доллари, Кубок, медаль, диплом билан мукофотланишди.


Дарҳақиқат, бугун юртимизнинг ҳар бир шаҳар ва қишлоқларида шинам ва ёруғ спорт залларида беминнат мураббийлар қўл остида минлаб ёшлар спорт билан, кураш билан шуғулланишмоқда. Ҳа, деса ҳар қишлоқдан юз полвон югириб чиқади. Бундай юксак савиядаги анъанавий халқаро турнирлар эса, дунё спорт жамоатчилигини миллий кураш билан янада кенгроқ таништиришга, ушбу спорт турига бўлган иштиёқни кучайтириш ва албатта Олимпиада сари етаклаш йўлидаги эзгу-амал бўлиб хизмат қилади.

Миллий курашимиз Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ўтказиладиган XVIII  ёзги Осиё ўйинлари таркибига расман киритилди. Мазкур халақаро турнир ҳам Осиё ўйинлари олдидан курашчилар учун муҳим тайёргарлик ва саралаш вазифасини ўтаб берди.
Ўзингга шукур, Айланай Ўзбекистон! Шерали, Давлат, Сарвар, Гулноза, Гулнор деган Алплар, Барчинойлар чиқипти. Бўйингдан ўргилай Алпомишу Барчинлар!

Гулноза МАТНИЁЗОВА, 78 кг.да турнир ғолиби (Ўзбекистон): - Терма жамоамиз учун яна бир олтин медални қўлга киритганимдан жудаям мамнуман. Хурсандчилигимни чеки йўқ. Бундай нуфузли турнирни ташкил этишда энг аввало Президентимиз Шавкат Мирзиёевга полвонларимиз номидан миннатдорлик билдираман. Устозларимизга ҳам шу ўринда раҳмат айтиб қоламан. Насиб этса, Осиё ва жаҳон чемпионатларида энг юқори натижаларни қўлга киритишни давом эттирамиз.

Комил РЎЗИЕВ, Осиё-Океания кураш конфедерацияси президенти (Ўзбекистон) – Аввал бу конфедерация иккита эди алоҳида 2017 йилдан ягона конфедерацияга бирлашди. Асосий мақсад иккита қитъада курашни бирдай ривожлантириш, юқори даражада эътибор қаратиш. Бутун дунё кураш оиласини ривожлантириш. Бу йилги халқаро турнирда аёллар ҳам  2 та 57кг, 78 кг вазн тоифасида гиламга тушади. Бу энг катта янгилик.

Рави КАПУР,  Ҳиндистон кураш федерацияси бош котиби, Осиё-Океания кураш конфедерацияси техник директори - Бу менинг Шаҳрисабзга қилган иккинчи ташрифимдир.  Курашнинг Қадимий Шаҳрисабзда ўтказилишида ҳам ўзига хос узвийлик бор. Амир Темур  хотирасига бағишлаб ўтказилаётган VII  Халқаро турнирнинг нуфузи жуда баланд. Мукофот жамғармаси ҳам юқори. Ўтган ойда Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида X Осиё чемпионати атшкил тилди Унда  курашчиларингиз тенгсиз эканликларини намойиш этиб, ҳақли равишда жамоавий ҳисобда биринчи ўринни қўлга киритишган эди.

Ҳошанг Саббаҳ САЙЁДИ, Афғонистон кураш федерацияси вице президенти - Бу турнирга 4 та полвон билан ташриф буюрдик. 73 кгда Мансурбек Бегзод, 81 килограммда Бисмиллаҳ Муҳаммади ҳамда Седқуллаҳ Нимат ва 90 кг вазнда Ажмал Исҳоқзои каби полвонларимиз иштирок этди. Халқаро турнир таассуротлари билан ўртоқлашадиган бўлсам, жуда аъло. Муҳими сизларнинг юртингиздаги тинчлик бизнинг спортчиларимиздаги курашга иштирок ҳавасини уйғотди.

Илёс Али АКБАРИЙ, 81 кг вазн тоифасида олтин медал соҳиби, (Тожикистон) - Аввало ушбу турнир ташкилотчиларига катта раҳмат. Мен  кўпдан бери ўзбек кураши бўйича ўтказиладиган ушбу турнирда  иштирок этишга ҳавасманд эдим. Чегараларимиздаги дўстлик алоқаларининг тикланиши, бизнинг ғолиб бўлишимизга жуда катта руҳ берди. Давлатларимиз ўртасидаги дўстлик алоқалари эса бугун чемпионлик сари дадил юришимга, шоҳсупани забт этиб ватаним мадҳиясининг баралла жаранг сочишига сабабчи бўлди. Устозим Фаридун Устопировга ҳам алоҳида ташаккур айтаман.


Илҳом Раҳмонов тайёрлади, ўз мухбиримиз

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг