UZ

Сўнгги янгиликлар

02:14ЕЧЛ. "Боруссия Д" ва ПСЖ иштирокидаги ярим финалнинг илк баҳсини ягона гол ҳал қилди 0 19:09Спорт вазири Ўзбекистонда қанча курашчи борлигини очиқлади 0 18:40Оливейра навбатдаги жангини UFC чемпионига қарши ўтказишни истайди 0 18:18Германия терма жамоаси аъзоси "Бавария"да ўйнамоқчи 0 17:55Арман Царукян мухлис билан уришгани учун қанча жарима тўлагани аниқ бўлди 0 17:33Чарльз Оливейра имкон қадар тезроқ октагонга қайтмоқчи 0 17:10Кормье: "Уни чемпионлик жангидан битта тўқнашув ажратиб турибди" 0 16:39Томас Тухель: «Мадриддаги ғалаба бизни финалга олиб чиқади» 0 16:16"Курашда Чимаевни мағлуб эта оламан" - Уиттакер 0 15:40Рафаэль Надаль Мадриддаги "Мастерс"да ўз юришини якунлади 0 15:15Оливейра вазнини ўзгартиришга қарши эмас 0 14:48Мухлисларнинг кучи. «Милан» улар сабабли келишувга эришган мураббийи билан шартнома тузмади 0 14:27Уч кун олдин жанг қилган Алекс Переснинг навбатдаги жанги эълон қилинди 0 14:06Яна бир ҳамюртимиз Париж-2024 Олимпиадасида ҳакамлик қилади 0 13:45Жон Жонс UFC'нинг энг кучли беш нафар жангчисини айтди 0

10 сен 17:10
Янгиликлар

Футбол

Шуҳрат Пўлатов: "Навбатдаги мундиалларда албатта ҳакамларимиз ишлашади"

Эртага Колумбияда футзал бўйича жаҳон чемпионати старт олади.
Энг қувонарлиси, ушбу мундиалда Хосе Мария Мендес бошчилигидаги терма жамоамиз илк бор иштирок этади. Мамлакатимиз терма жамоаси Европанинг, энг кучли терма жамоаларидан бири, таркибида Рикардиньодек футболчи ҳаракат қилувчи Португалия, мезбон Колумбия ва Панама каби терма жамоалар билан бир гуруҳдан жой олган. Шундай мундиални орзиқиб кутаётган ҳамюртларимиз таъбини бироз хира торттирадиган жиҳати ҳам йўқ эмас. Чунки, катта футболда ҳакамлари билан машҳур бўлган мамлакатимизнинг бирорта ҳам вакили мундиал ҳакамлари рўйхатидан ўрин олмаган.  Биламизки, бу борада Шуҳрат Пўлатов ҳар қандай халқаро мусобақаларда иштирок этиш тажрибасига эга. Қолаверса, Осиё ва Жаҳон элит ҳакамлар орасидан ўрин олганлиги ҳам барчага бирдек маълум. Хабарингиз бўлса, у юртимизда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам иштирок эта олмаганди.


Шуҳрат ака билан суҳбатлашиб, нафақат Осиё чемпионати ва мундиалдаги иштирок масаласи, балки саноқли кунлардан сўнг Колумбияда старт оладиган Жаҳон чемпионати ва унда иштирок этувчи терма жамоамиз ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

– Шуҳрат ака мундиалдан четда қолганингиз, юртимиз вакилларидан бирортаси Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқара олмасликлари бизни таажжубга солди. Ҳар холда мамлакатимиз футзали ривожланган мамлакатлар қаторида эътироф этилади?
– Хабарингиз йўқ шекилли. Мен ҳакамлик фаолиятимни тугатдим. Бунга жароҳат сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам Осиё чемпионатида иштирок эта олмадим. Ҳозирда, мамлакатимиз мини футбол ҳакамлар қўмитасининг директори лавозимида фаолият олиб боряпман. Навбатдаги мусобақаларда, албатта, ҳакамларимиз мундиал ўйинларини бошқаради.

– Тўғрикуя, лекин футзал борасида биздан камтаринроқ бўлган қўшниларимиз Қирғизистондан ҳам Нурдун Букуев  ушбу мундиалга таклиф этилган. Наҳотки, шу пайтга қадар юртимизда Жаҳон чемпионатида иштирок эта олиш савиясидаги ягона инсон бўлган эдингиз?
– Қирғизистонлик Нурдун Букуевга келсак, у нафақат Осиёда, балки Жаҳон миқёсида ҳам савияли ҳакамлар қаторида эътироф этилади. Биз Нурдун билан мусобақаларда бирга ишлаганмиз. Унинг ўзига хос кучли томонлари бор. Энди ўзимизнинг ҳакамларимиз тўғрисида сўз юритадиган бўлсак, ҳозирда савия жиҳатидан мукаммалликка эришиб келаётган издошларимиз бор. Мисол учун, Анатолий Рубаковни алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эдим. Қолаверса, 4 та халқаро тоифадаги ҳакамга эгамиз. Умуман олганда юртимизда ёшлар билан ишлаш яхши йўлга қўйилган. Бу борада ўзига хос мактаб мавжуд, десам янглишмаган бўламан.

– Келинг энди, Жаҳон чемпионатида вакилларимизнинг имкониятлари ва гуруҳимиздаги рақибларимиз борасида фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз?
– Жаҳон чемпионатига ҳар доим энг кучлилар йўл олишган. Ўйлашимча, бизнинг гуруҳ энг мураккаби. Биринчи рақибимиз Панама билан учрашув кўп вазиятга ойдинлик киритади. Ҳозирги кунда терма жамоамиз улардан ҳар жабҳада кучли.  Португалия ҳақида эса ортиқча таърифнинг кераги йўқ. Колумбия борасида ҳам илиқ фикрлар билдириш мумкин.Уларнинг қай даражада эканлигини 2012 йилги мундиалда Осиёнинг амалдаги чемпиони Эрон терма жамоасини мағлуб этганидан ҳам билса бўлади. Ажойиб жамоа. Мезбон эканлигини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Ахир ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради,  деган ибора бекорга айтилмаган.


– Терма жамоамиз таркиби, ундаги ўзгаришлар ҳақидаги фикрингиз? Аксарият мухлислар Жамолиддин Шарипов ва Клим Тюгаевни мундиалдан четда қолганлигини тўғри қарор, деб ҳисоблашмаяпти.
– Пулпис ўзига хос мураббий. Жаҳондаги энг кучли мутахассислардан бири. Терма жамоада у мураббий экан,  демак таркибни у шакллантиради, ўзи муносиб деб билган ўйинчини танлайди. Қолаверса, ҳозирда ёшларга катта эътибор қаратяпти.

– Жаҳон чемпионати аввалида, энг сара рақиблар билан ўртоқлик ўйинлари ташкил қилинди. Жумладан, Қозоғистон, Озарбайжон, Эрон, Португалия ва Испания демак футзал терма жамоамиз ўзига хос обрў-эътиборга эгаки, жаҳоннинг гранд жамоалари ўртоқлик учрашувларга “лаббай” деб жавоб бермоқда шундай эмасми?
– Албатта. Биринчи президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов  спортга жуда катта эътибор қаратди. Охиратлари обод бўлсин! Бу инсон даврида мамлакатимиз спорти равнақ топди. Жумладан футзал ҳам. Қолаверса, футзални ривожлантиришда жонкуяр инсонларнинг ҳам улкан меҳнати ётибди. Ушбу омиллар Осиёнинг етакчи терма жамоаларидан бирига айлана олишимизга хизмат қилди ва жаҳонда ўз ўрнимизга эга бўлдик. Шундай экан ҳозирда, исталган терма жамоа биз билан ўртоқлик ўйинлари ўтказишга бажонидил рози бўлади.

– Сиз Жаҳон чемпионати ва кўплаб халқаро турнирларда иштирок этгансиз. Шунинг учун ҳам ушбу чемпионатдаги ҳакамлар борасида маълумотга эгасиз. Айтингчи, мазкур мундиалдаги энг кучли ҳакам, деб кимни эътироф этган бўлардингиз?
– Уларнинг ҳеч бирини алоҳида таъкидлаб ўтмаган бўлардим. Чунки, бундай мусобақаларга ҳакамлар кўплаб синовлардан ўтгандан кейин таклиф этилади. Яъни Жаҳон чемпионатларини ҳеч қачон бўш ҳакамлар бошқармайди. Шундай экан барчасини кучли ва маҳоратли ҳакамлар деб биламан.

– Балки мусобақа аввалида  жаҳон чемпиони қайси юрт вакиллари бўлиши борасида тахмин қилиб кўрарсиз?
– Доимо яхши ният қилиш керак. Агар, бизнинг терма жамоа иштирок этмаганда, ҳозир бирорта бошқа давлатни айтган бўлар эдим. Лекин бизнинг терма жамоа иштирок этмоқдами? Демак, юртимиз вакиллари чемпион бўлади. Гарчи, бу амалга ошиши қийин бўлган тақдирда ҳам. Зеро, Биринчи Президентимизнинг “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз ва асло кам бўлмаймиз ҳам” деган сўзларини жавоб тариқасида қабул қиласиз.

– Нима деб ўйлайсиз, ушбу Жаҳон чемпионатидан сўнг, вакилларимизга хориждан таклифлар бўладими? Демоқчиманки, шундай имкониятга эга деб қай бир футзалчимизни кўрсатган бўлардингиз?
– Албатта, бундай мусобақаларда иштирок этиш футзалчиларимиз учун улкан имконият эшигини очади. Ўйлайманки, хориж жамоаларида тўп суришга қодир йигитларимиз талайгина топилади. Дилшод Раҳматов,Фарҳод Абдумавлонов, Артур Юнусов, Константин Свиридов, Жавлон Аноров шулар жумласига киради.

– Оммавий ахборот воситалари томонидан футзални ёритиш кўнгилдагидек, деб ўйлайсизми?
– Бу борада ҳавасга арзигулик ишлар олиб бориляпти деб ўйлайман. Айниқса, спорт канали ва “Chеmpionat.asia” сайти пешақдамлардан ҳисобланишади.

– Одатда, футзални “Спорт” каналида Комил  Жумаев шарҳлайди. У кишининг, умуман шарҳлар сизда қандай таассурот қолдиради. Шарҳ жараёнига таклиф қилишса, буни уддалай олармидингиз?

– Комил ака футзалга кириб келганимда ҳам шарҳларди. Футзалдаги фаолиятимга 14 йил бўляпти. Бу инсонда улкан тажриба мавжуд. Юртимиз футзалчиларини номма-ном танийди. Шарҳи ҳам ажойиб, бу борада гап бўлиши мумкин эмас. Умуман ким шарҳласа ҳам ўз ишини профессионаллари деб бемалол айта оламан. Чунки бу касб жуда мураккаб ҳисобланади. Шарҳловчи Мурод  Ризаев таклиф қилганди. Ўзбекистон терма жамоасининг 2014 йил Вьетнамда бўлиб ўтган Осиё чемпионатидаги иштирокини шарҳлаб борганмиз. Ўшанда шарҳ қанчалик қийин эканлигига гувоҳ бўлганман.

– Умуман футзалдаги фаолиятингиз давомида орзуларингизга эришдингизми?

– Эришдим деб бемалол айта оламан. Чунки, терма жамоамиз билан Жаҳон чемпионатида иштирок этишни ният қилгандим. Гарчи ўзим иштирок эта олмаётган бўлсамда, вакилларимизнинг Жаҳон чемпионатига йўл олганидан жуда бахтиёрман. Яна бир ниятим бор. Миллий терма жамоамиз футболчилари ҳам 2018 йил Россияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати иштирокчисига айлансин. Барчасига –  футзалчиларимизга ҳам футболчиларимизга ҳам омад тилайман.
 


Аҳмадбек ЭШМАТОВ суҳбатлашди.

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг