13 ноя 11:40
Янгиликлар
Спорт — миллат саломатлиги, илм-фан ва камолот омили!
Бугун мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қила оладиган маҳоратли спортчиларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Спортга қаратилаётган юксак эътибор замирида нафақат жисмонан бақувват авлодни вояга етказиш, балки ёшларнинг маънавий камолоти, иродаси, интизоми ва Ватанга садоқатини мустаҳкамлашдек эзгу мақсадлар мужассам.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазкур йўналишда фаолият юритаётган таълим муассасалари, илмий тадқиқот марказлари ва спорт ташкилотлари зиммасига катта масъулият юкламоқда. Зеро, замонавий спорт тараққиёти юқори натижаларга эришиш билангина чекланмайди. У илмий ёндашув, инновацион технологиялар, малакали мураббийлар, пухта методик таъминот ва самарали халқаро ҳамкорликни ҳам тақозо этади.
Давлат сиёсати ва спорт таълими: Ягона мақсад сари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 3 ноябрдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш ҳамда илмий тадқиқотлар тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–414-сон қарори соҳада малакали кадрлар тайёрлаш, олий таълим жараёнини халқаро стандартларга мослаштириш, илмий салоҳиятни ошириш ва илғор спорт-таълим технологияларини жорий этиш борасида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–6099-сон Фармони аҳоли ўртасида оммавий спортни кенгайтириш, жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини ҳаёт меъёрига айлантиришда муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур ҳужжатларда белгиланган устувор вазифалар спорт таълими ва илмий тадқиқотлар ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтириш, ёшларни спортга кенг жалб этиш, замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш зарурлигини кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, олий спорт таълими муассасалари олдига таълим сифати, илмий изланишлар самарадорлиги ва халқаро рақобатбардошликни ошириш вазифасини қўяди.
Жанговор яккакураш спорт турлари ҳам мазкур жараённинг муҳим таркибий қисмидир. Карате, кикбоксинг ва бошқа яккакураш йўналишлари ёшларда нафақат жисмоний қобилиятларни, балки қатъият, ўзини бошқариш, интизом, сабр-тоқат ва рақибга ҳурмат каби фазилатларни шакллантиришга хизмат қилади. Шу боис ушбу спорт турларини илмий асосда ривожлантириш, машғулотлар методикасини такомиллаштириш ва иқтидорли спортчиларни саралаш тизимини кучайтириш долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Илмий салоҳият — тараққиётнинг муҳим мезони
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Жанговор яккакураш спорт турлари назарияси ва услубияти кафедрасида 2024-2025 ўқув йили давомида таълим, илмий тадқиқот ва халқаро ҳамкорлик йўналишларида муайян ишлар амалга оширилди. Ушбу даврда кафедрада 16 нафар профессор-ўқитувчи фаолият олиб борди. Кафедранинг илмий салоҳияти 16,6 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич кафедра олдида илмий даражага эга кадрлар сонини кўпайтириш, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар турганини кўрсатади.
Бугунги кунда спорт соҳасидаги илмий изланишлар назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, спортчиларнинг жисмоний имкониятларини чуқур ўрганиш, машғулот жараёнини такомиллаштириш ва мусобақаларда юқори натижаларга эришишнинг илмий асосларини яратишга қаратилмоқда.
Кафедрамиз профессор-ўқитувчиси Ғанишер Исмоилов илмий фаолияти бу борадаги изланишларга мисол бўла олади. Унинг ёш кикбоксчиларнинг жисмоний ривожланиш кўрсаткичларини баҳолаш, сакраш қобилияти ва тезлик кўрсаткичларини ўлчашга мўлжалланган техник воситаларни такомиллаштириш, жанг санъатларида зарба беришнинг назарий асослари ва махсус тренажёр конструкциясини ишлаб чиқишга бағишланган мақолалари спорт илмининг амалий аҳамиятини намоён этади.
Ушбу йўналишдаги илмий ишлар жисмоний тайёргарликни баҳолаш, спортчиларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олиш ва машғулот жараёнига замонавий ўлчаш технологияларини татбиқ этиш учун муҳим илмий-услубий асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
2024-2025 ўқув йилида кафедрада монография тайёрланиб, нашр этилди. Бундан ташқари профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишлари халқаро ва республика илмий журналларида, жумладан, "Scopus ва Web of Science" маълумотлар базаларига кирувчи нашрларда чоп этилди. Ҳисобот даврида HEMIS платформасига 3 та дарслик, халқаро илмий журналларда 6 та, республика илмий журналларида 21 та мақола, халқаро конференцияларда 12 та ва республика конференцияларида 36 та тезис жойлаштирилди.
Бундай натижалар илмий фаолиятни тизимли ташкил этиш, тадқиқот натижаларини оммалаштириш ва профессор-ўқитувчиларнинг илмий ҳамжамиятдаги фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Кафедра фаолиятида илмий тадқиқотларнинг узвийлигини таъминлаш, илмий даражали кадрлар тайёрлаш ва тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги уч йил давомида икки нафар профессор-ўқитувчининг илмий тадқиқот мавзулари Олий аттестация комиссиясида рўйхатдан ўтказилди. Шу даврда кафедра профессор-ўқитувчиси Ғанишер Исмоилов PhD илмий даражасини олди.
Албатта, бу натижалар билан чекланиб қолмасдан, илмий салоҳиятни изчил ошириш, истиқболли тадқиқот йўналишларини белгилаш ва халқаро илмий нашрлардаги мақолалар сифатини янада яхшилашни мақсад қилганмиз.

Иқтидорли ёшлар — келажак илм-фанининг таянчи
Кафедрамиз фаолиятида иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларнинг илмий изланишларга қизиқишини кучайтириш ва мустақил фикрлайдиган ёш мутахассислар сифатида шакллантириш устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
2024-2026 ўқув йилларида иқтидорли талабалар билан ишлаш режаси асосида уларнинг рўйхати шакллантирилди, илмий мавзулари тасдиқланди, илмий тўгараклар фаолиятини такомиллаштириш ва масъул профессор-ўқитувчиларнинг фаоллигини ошириш чоралари кўрилди. Бунда талабаларнинг илмий салоҳиятини биринчи курсданоқ аниқлаш, уларни тажрибали устозларга бириктириш, мустақил изланиш олиб боришга ўргатиш ва илмий фаолиятнинг кейинги босқичларига тайёрлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Устоз-шогирд анъанаси асосида ташкил этилаётган ишлар ёшларнинг билим ва тажрибасини ошириш, уларда тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Талабаларимиз республика ва халқаро илмий-амалий конференцияларда мунтазам иштирок этиб, ўз илмий ишларини тақдим этмоқда. Жумладан, Дилнура Тошпўлатова, Шаҳзода Амирова, Фотима Нишонбоева ва Садоқат Раҳматуллаеваларнинг илмий тезислари турли конференцияларда эълон қилинган, улардан бирининг мақоласи "Фан-спорт" журналининг 6-сонида чоп этилган. Бу каби мисоллар ёшларнинг илмий изланишларга бўлган қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Бизнинг вазифамиз эса уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, илмий раҳбарлик сифатини ошириш ва иқтидорли талабаларнинг ўз қобилиятларини тўла намоён этиши учун зарур шарт-шароитларни яратишдан иборат.
Халқаро ҳамкорлик — янги имкониятлар эшиги
Замонавий спорт таълимини халқаро тажриба билан бойитиш, хорижий мутахассислар билан илмий алоқаларни кенгайтириш ва илғор методикаларни ўрганиш кафедрамиз фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир.
Кафедра томонидан Малайзиянинг Султон Идрис университети ҳамда Чирчиқ олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази билан икки томонлама ҳамкорлик дастурлари шакллантирилган. Бу каби ҳамкорлик таълим ва илмий тадқиқот соҳасида тажриба алмашиш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда спортчилар тайёрлаш амалиётини такомиллаштириш учун замин яратади.
2024 йил 22 октябрда Жаҳон карате конфедерацияси (WKC/FW) вакиллари билан ҳамкорлик меморандуми тузилгани ҳам кафедрамизнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлашдаги муҳим қадамлардан бири бўлди. Жаҳон карате конфедерацияси президенти Вячеслав Тимофеев иштирокида университетнинг карате ихтисослиги талабалари учун семинар ташкил этилди. 2024 йил 16 ноябрда эса Халқаро каратэ федерациясининг (ITKF) Осиё ва Океания минтақаси бўйича президенти Иброҳим ал-Бакр университетга ташриф буюрди. Учрашувда карате спортининг тарихи, мамлакатимизда ушбу йўналишни ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Халқаро мутахассислар билан бундай мулоқотлар талабаларнинг дунёқарашини кенгайтириш, жаҳон спортидаги тенденциялар билан таништириш ва мураббийлик фаолиятига замонавий ёндашувларни жорий этишга хизмат қилади. Кафедра профессор-ўқитувчилари халқаро илмий-амалий конференцияларда ҳам иштирок этиб келмоқда.
Шу билан бирга, профессор-ўқитувчиларимихалқаро грант дастурларида иштирок этишга ҳам интилмоқда. Ғанишер Исмоилов Ўзбекистон ва Беларусь жанг санъати усталари учун фрикцион тренажёр ускуналарини ишлаб чиқишга бағишланган грант лойиҳасида иштирок этаётгани спорт соҳасидаги амалий инновацияларни ривожлантириш нуқтаи назаридан аҳамиятлидир.
Халқаро ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати — хорижий мутахассисларни таълим жараёнига жалб этишдир. Бу борада эришилган тажрибани изчил давом эттириш, хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва кафедра аъзоларининг хорижда малака ошириш имкониятларини рўёбга чиқариш олдимизда турган муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Илмий анжуманлар ва барқарор ривожланиш мақсадлари
Илмий муҳитни ривожлантириш, тажриба алмашиш ва янги тадқиқот йўналишларини белгилашда илмий конференция ҳамда семинарларнинг ўрни беқиёс. 2025 йил 24 апрелда кафедрамиз томонидан "Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили"га бағишланган "Яккакураш спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштириш" мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилди.
Мазкур анжуман соҳанинг долзарб муаммоларини муҳокама қилиш, илмий изланишлар натижаларини тақдим этиш ва мутахассислар ўртасида профессионал мулоқотни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлди. Шунингдек, 2025 йил 6 февралда БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида семинар ташкил этилди. Бундай тадбирлар спортнинг инсон саломатлиги, ижтимоий фаровонлик, сифатли таълим ва барқарор тараққиёт билан боғлиқ жиҳатларини кенгроқ англашга ёрдам беради.
Кафедрамизда илмий фаолиятни рақамлаштириш ва илмий натижаларни халқаро миқёсда оммалаштириш масалаларига ҳам эътибор қаратилмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг "Scopus"," Web of Science", "Google Scholar"," ResearchGate", "ORCID"," Scienceweb" ва бошқа илмий платформалардаги фаоллиги тадқиқот натижаларининг кўринишини ошириш, илмий алоқаларни кенгайтириш ҳамда халқаро ҳамжамият билан мулоқотни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Олдимиздаги вазифалар ва истиқболли режалар
Эришилган натижалар билан бир қаторда, кафедра фаолиятини янада такомиллаштиришни талаб этадиган йўналишлар ҳам мавжуд. Жумладан, илмий салоҳиятни ошириш, фан докторлари ва фалсафа докторлари сонини кўпайтириш, нуфузли халқаро журналлардаги мақолалар улушини ошириш, халқаро грантларда иштирокни кенгайтириш ва хорижий университетлар билан қўшма тадқиқотларни ривожлантириш шулар жумласидандир.

Келгусида қуйидаги вазифаларга устувор аҳамият қаратишни мақсад қилганмиз:
— профессор-ўқитувчиларнинг илмий даража ва унвонларга эга бўлиши учун тизимли кўмакни кучайтириш;
— жанговор яккакураш спорт турларида спортчиларнинг жисмоний, техник-тактик ва психологик тайёргарлигини такомиллаштиришга қаратилган амалий тадқиқотларни кенгайтириш;
— илмий натижаларни ўқув-машғулот жараёнига татбиқ этиш, замонавий ўлчаш ва мониторинг технологияларидан фойдаланишни ривожлантириш;
— иқтидорли талабаларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг республика ва халқаро танловлар, олимпиадалар ҳамда конференциялардаги иштирокини кенгайтириш;
— хорижий олий таълим муассасалари ва халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма илмий лойиҳалар ва грантларда иштирок этишни фаоллаштириш;
— илмий мақолалар, дарсликлар ва монографиялар сифатини ошириш, уларнинг халқаро илмий майдондаги таъсирчанлигини кучайтириш.
Ушбу вазифаларни амалга оширишда ҳар бир профессор-ўқитувчининг шахсий масъулияти, илмий изланишга бўлган интилиши ва жамоавий ҳамкорлик муҳим ўрин тутади. Зеро, кафедранинг ҳақиқий салоҳияти фақат рақамлар билан эмас, балки илмий натижаларнинг сифати, уларнинг амалиётдаги самараси ва тарбияланаётган ёш мутахассисларнинг билим даражаси билан ҳам белгиланади.

Хулоса ўрнида
Спорт — бу фақат ғалаба ва рекордлар эмас. У инсонни иродали, интизомли, мақсад сари қатъият билан интилувчан қилиб тарбиялайдиган, жамиятда соғлом муҳитни шакллантирадиган ва мамлакатнинг халқаро нуфузини юксалтирадиган муҳим ижтимоий кучдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва яратилаётган имкониятлар биз, соҳа вакилларидан янада фидойилик, ташаббускорлик ва самарали меҳнатни талаб этади. Жанговор яккакураш спорт турлари назарияси ва услубияти кафедраси жамоаси ҳам ана шу масъулиятни чуқур англаган ҳолда, таълим сифатини ошириш, илмий изланишларни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида фаолият олиб бормоқда.
Ишончимиз комилки, илм-фан ва амалиёт уйғунлиги, устоз-шогирд анъаналарининг давомийлиги ҳамда халқаро тажрибани самарали ўзлаштириш орқали кафедрамиз жанговор яккакураш спорт турларини ривожлантиришга, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашга ва юртимиз спортининг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшади.

Шуҳрат АРСЛОНОВ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Жанговор яккакураш спорт турлари назарияси ва услубияти кафедраси мудири
Фикрлар