17 янв 19:08
Янгиликлар
ТАВСИЯ ҚИЛАМИЗ: «Янги Пакьяо», «кичик» япон, нокаутчи, жаҳоннинг энг яхши боксчиларидан бири Наоя Иноуэ билан танишинг
У Стивен Фултон ва Марлон Тапалесни мағлуб этиб, биринчи ярим енгил вазндаги икки жангда 4 та камарни қўлга киритди. Энди Наоя нуфузли The Ring журнали талқинига кўра, вазнидан қатъи назар энг яхши жангчилар рейтингида Теренс Кроуфордан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Иноуэ 30 ёшда, лекин у 49 дан 55,2 кг гача бўлган вазн тоифаларида қатнашган боксчи учун кўп ва юқори фоизли (88 фоиз) ғалабаларга эга.
Япониялик спортчини отаси илк бор боксга олиб борган. Ўрта мактаб давриданоқ профессионаллар билан жанг қилган. У 6 ёшида отасининг машғулот ўтказиб турганини кўриб қолиб, бу спорт турига кўнгил қўйган. Наоянинг отаси 20 йил бокс билан шуғулланиб, 3 та болани ҳам тарбия қилган, ҳаттоки ҳаваскор боксда 2 та жанг ўтказишга ҳам муваффақ бўлган. Ўзининг камтарона тажрибасига қарамай, Шинго Иноуэ ҳамон ўғлининг ягона устози бўлиб қолмоқда.
«Бошланғич мактабда ўқиб юрганимизда отам ҳам спортчи бўлган. Биз бирга машғулот ўтказардик. Бошқа спорт залига кўчиб ўтканимиздан кейин ҳам отам унчалик қаттиқ машқ қилмасди. Мен қариндошларим ва дўстларим билан бирга залга борардик, агар отам у ерда бўлса машғулот жиддий бўлар эди, мабодо йўқ бўлса, аксинча бўларди», дея эслайди Иноуэ.
Наоя тезда улғайди. Ҳали мактабда ўқиётган бўлса ҳам, мамлакат чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлди. У ярим финалда кучли рақибни енгиб финалга йўл олади, бироқ ҳал қилувчи баҳсда ўзидан кучсизроқ бўлган боксчига кутилмаганда мағлуб бўлади.
Япониялик Осиё чемпиони, WBC ва WBO камарларига бўлажак даъвогар Рио Акахо, Жуничиро Канеида ва Рйоти Тагучи билан спарринг ўтказди ҳамда уларни икки раунда 3 марта нокдаун қилди. Фақатгина 16-1-1 рекордига эга бўлган Тагучи билан баҳс 3 раунд давом этди. 18 ёшли Иноуэ 2012 йилги Олимпиада учун йўлланма ҳам қўлга киритди ва Астанадаги саралаш турнирининг фаналига қадар етиб борди, аммо қозоқ боксчиси Биржан Жақиповга таслим бўлди. Наоя ҳаваскордаги карьерасини Астанадаги мусобақадан сўнг 75-6 кўрсаткичи билан дарҳол якунлади.
Ақлга сиғмас натижа шуки, унинг 75 ғалабасидан 48 таси муддатидан аввал поёнига етган. Қаҳрамонимиз 3 кунда 100 км масофа босиб ўтади. У 2012 йил охирида 19 ёшида профессионал боксчига ҳамда бир йилдан сўнг WBC чемпионига айланди. Япон спортчисига чемпионлик учун 6 та жанг кифоя қилди, кейинги жангида ҳам яна бир камарни ўзиники қилди. Унинг бундай ажойиб рекордини 5 та жанг ўтказиб чемпион бўлган Василий Ломаченко янгилади.
Иноуэ ўзининг ажабтовур нокаутлари орқали кўплаб мухлисларни ҳамон ҳайратга солиб келмоқда. 11 йил ичида у фақатгина 3 та жангни тўлиқ ўтказган, холос. Наоя Жейми Макдонеллни биринчи раунддаёқ нокаутга учратгани ғалабалари орасида ажралиб туради. Сабаби Жеймининг бўйи ундан 11 см узунроқ эди. Японияликнинг машқлари замонавий эмас, балки эски мактаб унсурлари бўйича бўлиб ўтади. У тош отиш ва шиналарни уриш орқали зарба бериш кучини ва CrossFit арқонлари ёрдамида тезликни ривожлантиради. Иноуэ чидамлилик машқларини интерваллар билан бирлаштиради, шунингдек юқорида айтиб ўтганимиздек, 3 кунда 100 км югуради. Қолаверса, у зиналарга тезлик орқали чиқиш ҳамда двигатели ўчирилган машиналарни тортишни ҳам машқ қилади.
Ушбу ноанъанавий ёндашув туфайли Наоя рақибларини ҳатто спаррингда 16 унциялик қўлқопларда ҳам, 10 унциялик қўлқопларда ҳам нокдаун ҳолатига туширади. Иноуэ, шунингдек, унинг панжалари ва камзулида ишлаб чиқилган ажойиб дизайни билан ҳам ажралиб туради. Шунинг учун у энг ёпиқ блокларни ҳам ёриб ўтади. Мисол учун, мутлақ чемпионлик учун бирлаштирувчи курашда япониялик боксчи кучли ҳимояси орқали танилган Пол Батлерни нокаутга учратди. Ўша жангдан сўнг Пол уни «ўйинчиларнинг Канелоси» деб атади. Наоя қисқа вақт ичида умумий чемпионликни қўлга киритди, P4P рейтингида иккинчи ўринга жойлаштирилди.
Бутунжаҳон бокс суперсериясида ғолиб чиққан қаҳрамонимиз Top Rank промоутерлик компанияси билан шартнома имзолади ва шундан сўнг барча жанглари муддатидан аввал якунланмоқда. У ҳар қандай даражадаги ва вазндаги рақибларга шафқатсизларча муносабатда бўлмоқда ҳамда Менни Пакьяонинг меросхўри сифатида кўрилмоқда. Бундан ташқари Наоя АҚШнинг Лас-Вегас штатида истиқомат қилади, у ерда яшовчи кўплаб японлар уни кўришга боришади. Лекин Иноуэ Америкада бор-йўғи 2 та жанг ўтказган, қолган жанглари эса ўзи ватанида бўлиб ўтган. «Япония иқтисодиёти Филиппиникидан фарқли ўлароқ, жуда кучли. Наоя Японияда кўп жанг қилади, чунки у ерда у катта юлдуз. Шундай экан, мен бошқача йўл тутишим керак», деб тушунтирди Top Rank раҳбари Боб Арум.
Иноуэнинг фаолиятидаги энг машҳур рақиб Нонито Донейр ҳисобланади. Улар икки маротаба ўзаро жанг қилишган. Биринчи учрашув Super Series финалида бўлиб ўтган. Ўшанда ушбу жанг япон боксчиси учун қўрқинчли тушга айланганди. Уни иккинчи раунда кўз бўшлиғининг бурни ва орбитал суяги синган эди. «Иккинчи раундда мен икки рақибни кўрдим, Донейр кўзимга жуфт бўлиб кўринди ва мен инстинктни ишга солдим», дея хотирлайди Наоя. Аммо якунда ҳакамларнинг якдил қарори билан «Янги Пакьяо» ғолиб деб топилди. Реванш жанги эса узоққа чўзилмади, Иноуэ иккинчи раундга келиб, Нонитони нокаутга учратди ва ўша дуэлда Донейр фаолиятидаги энг шармандали мағлубиятни қабул қилиб олди.
Қаҳрамонимиз ўз жангларини Японияда ўтказиши унинг кўтарилишини сустлаштириб қўймади. 2022 йилда у енгил вазнда, 2023 йилда биринчи ярим енгил вазнда жаҳон чемпионига айланди. Наоя иккинчи мутлақ жаҳон чемпионлиги учун икки марта жанг ўтказди. Дастлаб у WBC ва WBO йўналишлари бўйича чемпион Стивен Фултонни, 2023 йилнинг декабрь ойида эса WBA ва IBF камарларига эга бўлган Марлон Тапалесни «ер тишлатди». Шундай қилиб, Иноуэ бир йиллик интервал билан икки дивизионда мутлақ жаҳон чемпиони бўлди. P4P рейтингида у Канело Альварес, Александр Усик ва Тайсон Фьюридан юқори поғонадан ўрин олган.
Хорижий сайтлар асосида Хабиб Жўрабоев тайёрлади
Фикрлар