12 авг 09:10
Янгиликлар

Терма жамоамиз медаллар жамғариш бўйича 49-ўринда!
Терма жамоамиз дзюдочиларимиз Диёрбек Ўрозбоев ва Ришод Собиров қўлга киритган иккита бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 207 иштирокчи давлат орасида 49-ўринни эгаллаб турибди. Бир кун аввал биз 44-поғонадан жой олгандик.
Олимпиаданинг олтинчи кунги баҳсларидан сўнг АҚШ терма жамоаси ҳамон медаллар жамғариш бўйича пешқадамликни ўз қўлида сақлаб турибди. Океан орти жамоаси жами 38та медални қўлга киритиб улгурди. Шулардан 16таси олтин, 12таси кумуш, 10таси бронза медалларидир.
Иккинчи ўриндаги Хитой терма жамоасида 11та олтин медал бор. Кумуш медаллар 8тани, бронза эса 11тани ташкил қилмоқда. Еттита олтин, 2та кумуш, 13та бронза медалига эга Япония терма жамоаси учинчи ўринни банд этган. Тўртинчи поғонадаги Австралияда 5та олтин, 4та кумуш, 6та бронза медали мавжуд.
Шу кунгача 35та давлат терма жамоалари камида бир нафар Олимпиада чемпионига эга бўлиб улгурди. Қирқ еттита терма жамоа ҳисобида эса камида биттадан кумуш медал бор. Эллик олтита мамлакат жамоаси эса камида биттадан бронза медалига эга.
Фикрлар