26 сен 16:45
Янгиликлар
"Тошкент Опен"даги шармандалик. Иккинчи кундаёқ Ўзбекистонлик теннисчилар турнирдан чиқиб кетдилар
Кеча старт олган мусобақанинг иккинчи кунидаёқ ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси мусобақадан чиқиб кетди. Яккалик баҳсларида уч нафар теннисчимиз иштирок этди. Аввалига мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси (афсуски шунақа) Сабина Шарипова швейцариялик Стефани Воежилга ютқазиб, "эстафета"ни бошлаб берган бўлса, Оқгул Омонмуродова украиналик Катерина Козловага мағлубиятга учради. Бугун эса Нигина Абдураимова "анъана"га содиқ қолган ҳолда илк даврада япониялик теннисчига имкониятни бой берди.
Қолаверса, кеча бўлиб ўтган жуфтлик баҳсларида иштирок этган Абдураимова/Омонмуродова жуфтлиги илк ўйинда ютқазиб қўйганди. Яқиндагина катта теннисга қайтган Ирода Тўлаганова эса турнирнинг биринчи рақамли теннисчиси Кристина Плишкова билан жуфтлик ҳосил қилган ҳолда турнирда иштирок этди ва мағлубиятга учради. Ундан гинамиз йўқ. Дунёнинг собиқ 16-рақамли теннисчисига йиллар ўз таъсирини кўрсатибди. Аммо, унинг турнирдаги иштироки барчамиз учун сюрприз бўлгани аниқ. Шуниси учун раҳмат айтиб қолмоқчимиз. Ирода Тўлагановани яна турнирларда кўришдан хурсанд бўлган бўлардик. Белоруслик Лидзия Морозова билан жуфтлик баҳсида қатнашган Сабинахон ҳам бугун мағлубиятга учради. Шу тариқа Тошкентда бўлиб ўтаётган нуфузли теннис турнирининг иккинчи кунидаёқ ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси мусобақадаги иштирокини якунлади.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтишни истардикки, турнирнинг биринчи босқичида иштирок этган теннисчиларнинг хар бири 2220 АҚШ доллари ҳамда 1 рейтинг очкосига эга бўлади. Афсус... Бошқа гапимиз йўқ!
Фикрлар