21 сен 07:34
Янгиликлар
XX Осиё ўйинлари. Биринчи кундан кейин Хитой яққол пешқадам, Қозоғистон илк кундаёқ 6 та медаль қўлга киритди
Кутилганидек, Хитой, Япония ва Корея Республикаси биринчи кунги беллашувларданоқ медаллар учун курашишда етакчига айланиб олди. Хитой Халқ Республикаси 11 та олтин, 6 та кумуш, 3 та бронза, жами 20 та медални расмийлаштириб улгурди. Япония терма жамоаси ҳисобида ҳам 20 та медаль бор, фақат уларда олтин медаллар сони деярли тенг яримга кам: 6 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза. Кучли учликни якунлаб турган Корея Республикаси 4 та олтин, 3 та кумуш, 7 та бронза медалига эга.
Ён қўшниларимиз Қозоғистон терма жамоаси бироз кутилмаганда биринчи куннинг ўзидаёқ 6 та медаль қўлга киритди, шундан 6 таси олтин экани эътиборга молик ҳолат. Велоспортчилар Алексей Луценко ва Рината Султанова, каратэ баҳсларида эса Бигабил Жоламан ҳамда София Берулцева чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Қозоғистон бундан олдинги Осиё ўйинларида илк медалини тўртинчи кунга келибгина қўлга киритган эди.

Ўзбекистон терма жамоаси делегацияси ҳисобида ҳозирча битта кумуш медаль бор. 18 ёшли каратэчимиз Ҳумоюнмирзо Ҳалимов кумуш медалга эга чиқди. Унинг медали эвазига ҳозирча терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида Қатар билан 16-ўринни бўлишиб турибди.
Қўшниларимиздан Қирғиз Республикаси ва Тожикистон биринчи кун доирасида 1 тадан бронза медалини расмийлаштирди. Иккинчи кун олдидан жами 27 давлат делегациялари камида битта медалга эга бўлиб турибди.


Фикрлар