03 окт 17:23
Янгиликлар
Рамзан Қодиров: “Ўзбекистонни тўрт ёшимдан бери биламан”
Унинг “Ахмат” промоутерлик ташкилоти бутун дунёга маълум ва унинг таркибида фаолият олиб бораётган спортчилар профессионал йўналишда улкан натижаларни қайд этиб келмоқда.
Албатта, бунинг замирида Рамзан Қодировнинг спортнинг хақиқий ихлосманди экани, қолаверса, яратиб бераётган мукаммал шарт-шароитлари мужассам. У раҳбарлик қилаётган промоутерлик клубида бир неча нафар ҳамюртларимиз ҳам фаолият олиб боришган ва ҳозирда ҳам бу жараён давом этмоқда.
Бизда кичик имконият юзага келди ва ундан унумли фойдаланган холда Чеченистон Республикаси раҳбари билан спорт борасида суҳбат уюштиришга муваффақ бўлдик. Шу ўринда мазкур сухбатни ташкил қилишда беминнат ёрдам берган “Ахмат” промоутерлик лигасининг Осиё минтақаси президенти Нодир Қодировга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
- Рамзан Ахматович, сизга қуёшли Ўзбекистондан салом!
- Валайкум ассалом, ассалому алайкум. Бутун Ўзбекистон халқига ўзимнинг энг яхши тилакларимни билдираман.
- Сизнинг фаолиятингиз ва спорт борасидаги промоутерлик клубларингизга бизда қизиқиш жуда юқори. Ўз ўрнида сизнинг ўзбек спортчиларига бўлган муносабатингиз қандай?
- Аввало, таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон дунёнинг энг кучли бокс мамлакатларидан бири. Ҳаваскор боксда қандай натижалар қайд этаётганини кўриб турибман ва бундан жуда ҳам хурсандман. Боиси, Ўзбекистон қардош мамлакат ва бу юртга нисбатан менинг меҳрим чексиз. Юртингиз профессионал боксда ҳам ёмон натижа қайд этаётгани йўқ. Россия худудидаги профессионал бокс кечаларида Ўзбекистон вакилларини тез-тез учратаман. Уларнинг ҳаваскор боксдаги пойдевори мустаҳкам эканлиги шундоққина кўриниб турибди. Қолаверса, мамлакатингиз эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо яккакураш турларида ҳам жаҳонда ўз ўрнига эга. Уларни номма-ном биламан. Шу боисдан ҳам юртингиздаги кучли спортчиларга бефарқ эмасман. Уларга омад ва зафар ёр бўлсин.
- “Ахмат” промоутерлик компанияси таркибида ҳамюртимиз Нурсултон Рўзибоев ҳам ҳаракат қилмоқда. Унинг савиясига қандай баҳо берасиз?
- Нурсултонни икки йилдан бери яхши биламан. Жангларини кузатиб келяпман. Бир сўз билан айтганда, унда профессионал спортчига хос барча нарса бор. Камтарин, рақибларига нисбатан доимо ҳурматни сақлайди. Шундай жангчилар бор, савияси паст, лекин рингда ўзини ахмоқларча тутади. Ўйлайманки, Нурсултонни келажаги порлоқ ва ҳамкорлигимиз узоқ вақт давом этади. Бу борада қандай ёрдам керак бўлса, бунга тайёрман!
- Сир эмас, ҳамюртимиз Руслан Чагаев билан қадрдонсиз. Қолаверса, айнан сиз уни яна катта боксга қайтарган эдингиз. Унинг фаолиятини якунлашига қандай муносабат билдирдингиз?
- Руслан буюк боксчи, унинг рингда кўрсатган натижаларига фақатгина хавас қилса арзийди. Боксни тарк этиши борасида эса бир нима дея олмайман. Боиси, бу унинг шахсий қарори ва танлови ҳисобланади. Ўйлайманки, бундан кейин ҳам унинг бокс оламига катта нафи тегади. Балки, келажакда ўзидан-да, моҳир шогирдлар етиштириб берар...
- Умуман олганда, ўзбек спортчи ва мураббийларидан яна кимлар билан яқиндан танишсиз? Уларнинг фаолияти сизга маъқул келадими?
- Биласизми, жуда кўп инсонларни танийман ва уларни яхши биламан. Ҳозир номма-ном санасам, суҳбатимиз узоқ давом этиши мумкин. Юқорида таъкидлаб ўтганимдек, бокс, эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо спорт турларида кучли мураббийлар ва спортчиларга эгасизлар. Уларнинг баъзиларини шахсан танийман ва фаолиятини юқори бахолаган бўлардим.
- Россияда ММА йўналиши бўйича учта мактаб бордек, назаримизда. Биринчиси, бу Кавказ мактаби, иккинчиси Фёдор Емеляненко мактаби ва учинчиси Александр Шлеменко мактаби. Бу фикрга қўшиласизми?
- Йўқ, мутлақо қўшилмаган бўлардим. Фақат Кавказ мактаби деган фикрингизга қўшиламан, холос. Чунки, мактаб бу умумий тушунча. Фикрингиз бироз бўлсада тўғри бўлиши мумкин, яъни қайси маънода-ки, Фёдор ва Александрнинг ўзлари ҳамда шогирдлари натижалар қайд этаётгани бор гап. Менимча, сиз шундан келиб чиқиб фикр билдиряпсиз. Лекин мактаб ва клубни аралаштирмаган бўлардим. Фёдор ва Александр жуда кучли жангчилар, уларга ҳар доим хайриҳох бўлиб келганман. Лекин улардан аввал ҳам Россияда ММА мактаби мвжуд бўлган. Кавказ мактаби эса, бу бошқа тушунча. Эътибор берсангиз, бу минтақада кўплаб Республика мавжуд ва улар биргаликда ўзига хос мактаб ҳосил қилишган. Россия промоушенлари орасида Кавказ ва Сибир мактаби вакиллари ҳозирги кунда UFC да юқори натижаларни қайд этишмоқда.
- Балки режангизда Ўзбекистонда ҳам “Ахмат” прмоутерлик компанияси
мусобақаларини ўтказиш нияти бордир? Масалан, проф боксда?
- Бу режа эмас, амалга ошириб бўлинган воқейлик. Чунки, бизнинг “Ахмат” промоутерлик компанияси лигасининг Осиё минтақаси президенти Нодиршох Қодиров бир эмас, бир неча бор бундай мусобақаларни ташкил қилди. Чемпионлик камарлари учун кечган жангларда вакилларимиз Апти Давтаев, Мовсар Юсуповлар ринга кўтарилишди ва ғалабага эришдилар. Бу ҳали бошланиши, ўйлайманки, бу ўзига хос анъанага айланади.
- Ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳамда Чеченистон Республикасининг Биринчи Президенти Аҳмадҳожи Қодиров хотирасига бағишланган проф бокс мусобақаси ўтказилди. Бундан хабарингиз бормиди? Нима учун, бу оқшомга Чеченистондан вакиллар ташриф буюрмади?
- Албатта, бундан хабарим бор. Шахсан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовни қаттиқ хурмат қилардим. Аллох рахматига олган бўлсин! Бу мусобақа отамнинг ҳам хотира турнири эканлигини эшитиб жуда ҳам хурсанд бўлганман. Мусобақага тўхталадиган бўлсак, ўша турнирда Мовсар Юсупов чемпионлик жангида камарини ҳимоя қилиш учун ринга кўтарилиши керак эди. Афсуски, унинг рақиби жангга кела олмаслигини билдирганидан сўнг, режаларга ўзгартириш киритилган.
- Балки, қачонлардир Ўзбекистонга ташриф буюриш ва мамлакатимизнинг спорт борасидаги салоҳияти билан яқиндан танишиш учун вақт топа оларсиз?
- Ўзбекистон ҳақида тўрт ёшимдан буён тасаввурга эгаман. Чунки, отам Аллоҳ рахматига олсин, Ахмадҳожи Қодиров сизнинг юртингизда таълим олган. Ўзбек халқини тарихидан, миллий қадриятларидан хабардорман. Қолаверса, халқингизнинг меҳмондўстлиги, самимийлиги ва пазандалигини ҳам яхши биламан. Самарқанд, Бухоро шаҳарларининг ҳам таърифини кўп эшитганман. Бир сўз билан айтганда, менда мамлакатингизга ташриф буюриш учун етарлича сабаблар бор. Агар хукуматингиз томонидан таклиф билдирилса, буни хурсандчилик билан қабул қилган ва албатта, мехмонга борган бўлардим.
- “Ахмат” промоутерлик компаниянинг Осиёдаги вакиллари фаолияти борасида эътирозингиз йўқми?
- Мутлақо йўқ. Нодиршох Қодировни яхши танийман, инсонийлик жиҳатларига ҳам гап бўлиши мумкин эмас. Ўз ишининг устаси сифатида биламан. Қолаверса, Нодиршох бошчилигидаги мураббийларнинг фаолиятидан ҳам кўнглим тўлади. Улар ҳалол инсонлар. Бир нечта давлатларни бирлаштириб, албатта, бизнинг промоушенимиз қошида ва спорт борасида уларнинг фаолиятини муносиб тарзда бошқариб келаётганиги ҳам фаолиятига юқори баҳо, десам янглишмаган бўламан. Бу инсонларга нисбатан менда миннатдорчилик туйғуси бор, холос.
- Мамлакатимизнинг яккакураш оламидаги биринчи рақамли спортчиси деганда, кўз олдингизда ким гавдаланади, Россияда-чи?
- Келинг, бу фикрим ўзимда қолсин. Чунки, менга нисбатан юқори ҳурматда бўлган спортчиларнинг савиясига нисбатан ҳурматсизлик қилган бўламан. Албатта, бу шахсий фикрим.
- Ўзбек миллий кураши, ўзбек жанг санъати борасида маълумотга эгамисиз? Агар, маълумотга эга бўлсангиз, балки Чеченистонда ҳам бу спорт турини ривожлантириш имконияти бордир?
- Миллий курашинглар борасида етарлича маълумотга эгаман. Лекин ўзбек жанг санъати борасида бироз камтаринроқ тасаввурга эгаман. Албатта бўлади. Нега энди йўқ? Лекин бунинг учун махсус дастурлар билан сиз томонингиздан мурожаат бўлса бас. Албатта, кўриб чиқамиз.
- Рамзан Ахматович, сизни Ўзбекистонда ҳурмат қилгувчи инсонларга айтар сўзингиз?
- Менда бу юртга, бу халқга нисбатан муҳаббатим чексиз. Бу юрт алломалар юрти, отамнинг устозлари юрти. Шундай экан, ўзбек халқига доимо тинчлик, хотиржамик тилайман. Ҳар бир соҳада муваффақиятлар ёр бўлсин!
Аҳмад ЭШМАТОВ тайёрлади
Фикрлар