05 мар 16:43
Янгиликлар
Афсонавий Флойд Мэйвезер 5 маротаба нокаутга яқин келган. Уни кимлар қийин аҳволга тушириб қўйганди?
Флойд Мэйвезер проф рингда 19 ёшида - 1996 йил октябрда дебют жангини ўтказган. Флойд фаолияти давомида 50 бор рингга кўтарилган ва барчасида ғалабага эришган, ғалабаларнинг 27 тасида рақиблари оёқларида жанг охиргача туролмаган. Лекин, унинг фаолиятида шундай жанглар бўлганки, унда сал қолишига сал қолган - яъни, кичик Мэйвезер ушбу жангларда деярли мағлубиятга учраганди. Биз бугун шундай жанглардан бештасини эслаб ўтамиз.
1-жанг: Флойд Мэйвезер - Шейн Мосли
(2010 йил, 1 май, ҳакамларнинг қарори билан ғалабага эришган)
2010 йилнинг май ойида Мэйвезер ярим ўрта вазн тоифасидаги WBА камари соҳиби Шейн Мосли билан жанг олиб борган. Жангнинг дастлабки раундларида ҳар икки боксчи ўз ҳужумкорлигини намойиш этган. Иккинчи раундда Мосли рақибини икки бор «даҳшатли» зарбалар билан сийлайди. Бунинг оқибатида Флойд оёқларида зўрга туриб қолган. Аммо, Мослининг бу ҳаракатлари нокаутгача етиб бормади. 3-раундга келиб Флойд ўзига кела бошлади. Қолган раундларда Мэйвезер тўлиқ устунликка эришади. Учрашув якунида ҳакамлар бир овоздан Мэйвезернинг фойдасига қарор чиқаришган.
2-жанг: Флойд Мэйвезер - Маркос Майдана (2-жанг)
(2014 йил, 13 сентябр, ҳакамларнинг қарори билан ғалабага эришган)
Флойд Мэйвезер - Маркос Майдана билан бир йилда икки бор рингга чиққан. Биринчи жангда Мэйвезер фаолиятида энг кўп зарба (221 марта) ўтказиб юборган. Майдана ҳакамларнинг қароридан норози бўлган бўлсада, якунда ҳакамлар жангни барибир Флойднинг фойдасига ҳал қилишган. Иккичи жанг ҳам ўзини узоқ куттирмаган - 13 сентябрда боксчилар яна бир бор учрашишган. Жангда Мэйвезер бир нечта кучли зарбаларни қабул қилган бўлсада, жанг якунида яна бир бор ғалабани тантана қилган.
3-жанг: Флойд Мэйвезеэр - Карлос Эрнандес
(2001 йил, 26 май, ҳакамларнинг қарори билан ғалабага эришган)
2001 йилинг май ойида Мэйвезер Карлос Эрнандесга қарши рингга чиққан. Флойд жангда тўлиқ устунликка эришган. Жангнинг олтинчи раундида «енгилмас» ўнг ҳук билан рақибини бошига зарба беради, Карлос оғриқ кучидан бақириб юборган ва букилганча қаршилик кўрсатолмай қолган. Лекин, кутилмаганда Эрнандеснинг чап ҳук зарбаси мўлжалга етиб боради ва Флойд нокдаунга учрайди. 12-раундинг ўрталарига келиб Эрнандес рақибига ташланади ва уни канатга тиқиб ташлашга ҳаракат қилади. Бунинг оқибатида ҳакам ундан очко олиб ташлашга тўғри келади. Жанг якунида барча ҳакамлар кичик Мейвезернинг ғалабасини эълон қиладилар.
4-жанг: Флойд Мэйвезер - Заб Жуда
(2006 йил, 8 апрел, ҳакамларнинг қарори билан ғалабага эришган)
IBO камари учун жанг 2006 йилнинг апрелида бўлган. Баҳснинг дастлабки тўрт раундида Заб Жуда устунликка эришган, бироқ бешинчи раундга келиб Флойд устунликни аста-секин ўз қўлга ола бошлаган. Жангнинг ўнинчи раундида Заб кутилмаганда Мэйвезернинг белидан паст қисмига зарба беради. Бунинг оқибатида Флойд рингга қулаган. Энг қизиғи шундан кейин бошланган - ҳар икки томон секундантлари рингга чиқиб уришиб кетишади. Шундан сўнг, қўриқчилар уларни олиб чиқиб кетишади ва жангнинг қолган икки раунди ҳам якунлаб қўйилади. Бу жангда ҳам ҳакамлар бир овоздан Мэйвезернинг ғалабасини эълон қилишган. Флойд учрашув якунлангандан сўнг берган интервьюсида жангнинг бошида қўлидан жароҳат олганини, шу боисдан жангни муддатидан аввал якунлолмаганини таъкидлаган.
5-жанг: Флойд Мэйвезер - Демаркус Корли
(2004 йил, 22 май, ҳакамларнинг қарори билан ғалабага эришган)
2004 йилнинг май ойида бўлиб ўтган жангда кўп ва кучли зарбаларни қабул қилишга қарамай, нафақат оёқда тура олган, балки жангда устунликни ўз томонига оғдириб олишга ҳам эришган. 8-раундда Мэйвезер бир нечта қайтариб бўлмас ҳужумлар уюштириши оқибатида Корли нокдаунга учраган. Ўнинчи раунднинг бошида Флойд яна бир бор омадли ҳужум уюштиради ва ҳакам иккинчи бор ҳисобни очади. Шу тариқа Мейвезер жангда катта устунликка эга бўлган ҳолда ғалабага эришган.
sports.ru сайти асосида Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар