22 июл 11:58
Янгиликлар
Баҳодир Жалоловнинг навбатдаги рақиби ким? Бўйи 2 метрдан баланд, Пекин Олимпиадаси иштирокчиси
У янги промошендаги илк жангини Онориоде Евариемега қарши ўтказади.
Онориоде Евариеме 1987 йилда Нигерия туғилган. У бокс билан 9 ёшидан шуғулланишни бошлаган. "Яшил бургут" ҳаваскор боксда бир қатор яхши натижаларга эришади. Юртида бир неча бор ҳаваскорлар ўртасида мамлакат чемпиони бўлади. Унинг ҳаваскор боксдаги энг катта ютуғи Пекин Олимпия ўйинларига йўлланмаси бўлган. Нигериялик боксчи 2007 йилда Африка чемпионатида иккинчи ўринни қўлга киритади ва Пекин-2008 йўлланмасига эга чиқади. Хитой пойтахтида бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларида Онориоде Евариеме Ярослав Якштога қарши рингга кўтарилади ва илк раунддаёқ имкониятни бой беради.
Шундан сўнг Онориоде Евариеме профессионал боксга ўтишга қарор қилади. У профессионал боксдаги дебют жангини 2010 йилнинг декабрь ойида Жакартада ўтказади. Жуниор Малетино Якопога қарши кечган жангда рақибини очколар ҳисобига кўра мағлуб этади. Шундан сўнг Евариеме 10 та жангини Африка қитъасида ўтказиб, рақибларининг барчасини мағлуб этади.
17 та ғалабали сериядан сўнг Онориоде илк бор АҚШда жанг қилиш имконига эга бўлади. Бироқ дебют омадсиз бўлади. Родни Эрнандесга қарши кечган жангда Онориоде фаолиятидаги илк мағлубиятини қабул қилиб олади. Мағлубиятдан сўнг Онориоде иккита жангда ғалаба қозонди ва вакант бўлиб турган WBA International камари учун рингга чиқиш имконига эга бўлди.
У 2021 йилнинг февралида Қозоғистон вакили Жан Кособуцкийга қарши рингга кўтарилди, бироқ камар учун кечган жангнинг тўрттинчи раундида яна мағлуб бўлди. Онориоде Евариеме Баҳодирга қарши жангдан аввалги иккита жангини АҚШда ўтказган ва ҳар иккисида ғалаба қозонган.
Маълумот учун, Онориоде Евариеменинг бўйи 2 метр 1 смни ташкил этади. Айни пайтда нигериялик боксчининг ҳуқуқларини LPMG промоушени ҳимоя қилади.
Унинг профессионал боксдаги рекорди 20-2ни ташкил қилади. Нигериялик боксчи жангларининг фақатгина биттаси тўлиқ давом этган. Қолган жангларда Онориоде ё ўзи накаут қилган, ёки ўзи нокаут бўлган.
Фикрлар