18 авг 15:50
Янгиликлар
Биласизми? Бокс бўйича илк бор Олимпиада кумуш медалига эга бўлдик
Чарм қўлқоп усталаримиз ҳисобида олтин ҳамда бронза медаллар бор эди. Кеча -69 кг вазн тоифасидаги финал жангида рингга кўтарилган ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсов терма жамоамиздаги ана шу бўшлиқни тўлдирди.
Ўзбекистонлик спортчилар учун илк Олимпиада – Атланта-96да Карим Тўлаганов -71 кг вазнда бронза медалини қўлга киритган. 2000 йили Сидней Олимпиадасида Муҳаммадқодир Абдуллаев -63,5 кг вазнда олтин медал билан тақдирланган. Ўша йили Сергей Михайлов -81, Рустам Саидов +91 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлган.
2004 йили Афинада ўтказилган Олимпиадада боксчиларимиз терма жамоамиз ғазнасига иккита бронза медалини тақдим этишган. Баҳодир Султонов ва Ўткирбек Ҳайдаров Тошкентга бронза медали билан қайтишган. 2008 йилги Пекин Олимпиадаси боксчиларимиз медал олмаган ягона олимпия ўйинлари бўлиб турибди.
2012 йили Лондонда ўтказилган тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида боксчиларимиздан Аббос Атоев бронза медалига эга чиққан. Рио Олимпиадасида эса чарм қўлқоп усталаримиз барча рекордларни янгилашди. Яна тўрт нафар боксчимиз медаллар учун курашни давом эттирмоқда. Умид қиламизки, Ҳасанбой Дўсматовнинг олтин медали ягона бўлиб қолмайди.
Фикрлар