10 ноя 08:34
Янгиликлар
Даниил Ейбог жорий мавсум нима учун халқаро мусобақаларда иштирок этмаётганини очиқлади
Маълум бўлишича, бунга молиявий қийинчиликлар сабаб бўлмоқда.
"Кўпчиликнинг саволига — бу мавсумда Жаҳон турида нега қатнашмаётганимга жавоб бермоқчиман. Бунинг сабаби — Ўзбекистон томонидан молиялаштириш борасида ҳозирда юзага келган қийинчиликлар. Шу боис айни пайтда мусобақаларда иштирок эта олмаяпман. Умид қиламанки, бу масала тез орада ҳал бўлади.
Мусобақаларни ўтказиб юбориш алам қилади. Аммо бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидламоқчиман.
Сўнгги беш йил давомида мутлақо мустақил шуғулланяпман: жамоасиз, ёрдамчи ходимларсиз ва шахсий мураббийсиз. Фақат ўз билимим, тажрибам ва хатоларимга таянганман.
Шунга қарамай, Олимпиадага йўлланма олдим, 500 метрлик масофада 40 сониялик чегарадан ўтдим — натижам 39.930 сония бўлди — ва дунёнинг энг кучли спринтерлари қаторига кирдим. Жаҳон мусобақалари тарихидаги энг тез айланалардан бирини қайд этган спортчилар сафидан жой олганимдан хурсандман.
Очиғини айтсам, деярли якка ҳолда шундай спринт даражасига эришган ва Олимпия ўйинларида мураббийсиз, жамоасиз қатнашган бошқа биронта Олимпиада иштирокчисини билмайман.
Ҳозир ҳам ўз кучим билан машғулот ўтказяпман ва спортдаги фаолиятимни якунлаганим йўқ. Янги усулларни ўрганиб, ўсишда давом этишга ҳаракат қиляпман. Халқаро турга қайтишни интиқлик билан кутяпман. Умид қиламанки, тез орада кўришамиз!", деб ёзган Ейбог.
Эслатиб ўтамиз, у йил бошида Италиянинг Милан ва Кортина шаҳарлари мезбонлик қилган қишки Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган эди.

Фикрлар