08 фев 10:45
Янгиликлар
ИНТЕРВЬЮ: Ўзбек теннисининг янги юлдузи бўлиши кутилаётган 17 ёшли Амир Милушев. У бу йил "Ролан Гаррос"да иштирок этиши мумкин
3-4 февраль кунлари Ўзбекистон теннис терма жамоаси "Дэвис Кубоги"нинг финал босқичи учун саралаш доирасида АҚШ термасига қарши кортга чиқиб, мағлуб бўлган эди.
Мазкур мусобақа доирасида 17 ёшли Амир Милушев термадаги дебютини нишонлади. Дунёнинг 93-рақамли теннисчиси Денис Кудлага муносиб қаршилик кўрсатган ёш ракеткамиз кўпчилик мухлислари ва мутахассисларининг эътиборига тушиб улгурди.
Милушев айни дамда ёшлар ўртасидаги ITF дунё рейтингида 89-ўринни эгаллаб турибди ва у кучли юзталикдан ўрин олган ягона ўзбек теннисчиси. Амир бу йил ёшлар ўртасидаги "Ролан Гаррос" мусобақасида иштирок этиши кутиляпти. У ўтган ойда Ҳиндистонда ўтказилган J200 мусобақаси жуфтлик баҳсларида ғалаба қозонган эди.
Журналист Диёрбек Мавлонов Ўзбекистон теннисининг янги юлдузи бўлиши кутилаётган Амир Милушев билан суҳбат ташкил этди.
— Амир аввало 17 ёшингизда терма жамоада дебют қилганингиз билан табриклайман. Кўпчилик кутмаган ўйинни намойиш этдингиз, умуман олганда ўзингизга имкон берилишини кутганмидингиз?
Ассалому алайкум, табрик учун раҳмат. Албатта мен ўзимнинг илк ўйинимни бирданига "Дэвис Кубоги"да ўтказишимни кутмаган эдим. Кортга чиқаман, деб ўйламаган эдим, лекин жамоамиз сардори Денис Истоминга менга имкон бергани учун рахмат айтмоқчиман. Жамоамга, яъни Ботир ва Жалол Сапаевларга, Андрей Сергеевичга, шунингдек Улуғбек акага, Петр Леонидевичга рахмат. Уларнинг барчаси "Дэвис Кубоги"даги дебют ўйинимда иштирок этишимга, яхши ўйин кўрсатишимга ўз ҳиссаларини қўшишди.
Шунингдек, менга ишонганлари учун, сафарларга чиқишга ёрдам берган ва машғулотларимнинг барча харажатларини қоплаган ота-онамга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар менга ишонишди ва қўллаб-қувватлашди. Бизнинг катта ва дўстона жамоамиз борлиги учун ҳам мен шундай натижалар кўрсатяпман.
— АҚШ билан ўйинлар ҳақида нима дея оласиз? Денис Кудла билан ўйин орқали ўзингизга қандай тажрибалар олдингиз? Ҳар ҳолда, у шу пайтгача ўйнаган энг қийин рақибингиз бўлса керак...
Америка билан бизнинг йигитларимиз яхши ўйин кўрсатишди. Лекин, америкаликлар бироз тажрибалироқ эдилар. Керакли пайтларда улар муҳим ғалабаларни қўлга киритишди. Бизга бироз тажриба етишмади, лекин бизнинг йигитлар жуда яхши ўйнашди. Уларга қараганда бизда ҳаммаси яхши бўлди. Лекин америкаликлар озгина тажрибалироқ эди, улар керакли лаҳзаларда яхши ўйнаб, ютиб кетишди.
Денис Кудла билан ўйнаганимда шуни тушундимки, узатма, яъни "подача"ни яхшилашим, тўпни тўр устидан ўтказиш борасида ишлашим керак экан. Сабаби Денис Кудланинг узатмаларни қандай ижро этаётганини, тўпни тўрдан қандай ўтказаётганини кўрдим, буларнинг ҳаммаси унда муваффақиятли бўлди. Бу менга ёқди ва эндиликда буларнинг устида ишлайман. Ҳа, Денис Кудла шу пайтгача мен ўйнаган энг қийин рақиб бўлди.
— Амир, ўзи умуман олганда, теннис билан шуғулланишни қачондан бошлагансиз? "Дэвис Кубоги"дан ташқари яна қандай мусобақаларда иштирок этишга улгурдингиз?
Мен теннис билан етти ёшимда шуғулланишни бошлаганман. Илк бор юнусобддаги теннис клубида Лола Қаххоровна мураббийлиги остида машғулот ўтказганман.
Ҳа мен "Дэвис Кубоги"дан ташқари яна бир қанча ёшлар ўртасидаги халқаро мусобақаларда иштирок этганман. Мен ёшлар ўртасидаги дунё рейтингида шу пайтгача 77-ўрингача кўтарилганман.
— Шу пайтгача теннис учун қанча пул сарфланган сиз томонингиздан? Кўпчилик ёш теннисчилар пул сабаб карьерасини тўхтатишга мажбур бўлишади. Корт, мураббий, ракетка ва мусобақаларда иштирок этиш учун яхшигина маблағ сарфланади спортчи ва унинг оиласи томондан. Сизда бундай жараён юзага келмаганми?
Ҳа, кўпчилик теннисчилар молиявий муаммолар сабабли теннисдан кетишади. Чунки бу қиммат спорт тури ҳисобланади. Шу пайтгача теннис учун қанча маблағ сарфлаганимизни билмайман. Лекин ҳозирда "Учқун" спорт комплексида шуғулланаман. У ерда мен учун кортлар бепул, бунинг учун Улуғбек Рахматуллаега рахмат. Федерация ҳам баъзида сафарларим учун ёрдам беради. Биз фақатгина мураббийлар учун тўлаймиз.
— Ёшлар ўртасида ITF таснифидаги дунё рейтингида топ-100дан жой эгаллаган ягона ўзбек теннисчисисиз (89-ўрин). Ўзи умуман олганда теннисдаги олий мақсадингиз нимадан иборат?
Теннисда юқори натижаларга эришишни, катта мусобақаларда иштирок этишни истайман. "Катта Дубулға" мусобақаларини ютиш олий мақсадим. Ҳозирда Таиланд ва Малайзияда бўладиган мусобақаларга тайёргарлик кўряпмиз. Ёшлар ўртасидаги "Катта Дубулға" мусобақаси бўлмиш "Ролан Гаррос"да иштирок этиш учун очко йиғмоқчиман. Ўша мусобақаларда яхши натижалар қайд этиш учун ҳозир жамоамиз билан шуғулланяпмиз, "форма"га киряпмиз.
— Ўзбекистон теннис терма жамоаси келажаги сифатида қайси теннисчиларни эътироф этган бўлар эдингиз? Ҳар ҳолда, Истомин ва Файзиев терма жамоадаги фаолиятини деярли якунлашди. Ҳозирда терма жамоада рақобат ўзи қандай даражада?
Терма жамоада эндиликда бизнинг янги юлдузимиз бўлмиш Сергей Фомин бор. У ҳозир мусобақаларда ўзини яхши кўрсатяпти. Терма жамоада ҳам яхши натижалар қайд этяпти. Терма жамоа учун Сергей Фомин, Ҳумоюн Султонов, мен ва Максим Шин ўртасида рақобат бор.
— Жўрабек Каримов ҳақида нима дея оласиз? У АҚШдан қайтганидан сўнг термага қайтиши мумкинми?
Ҳа, ҳозир Жўрабек Каримов АҚШда ўқияпти. У ўша ерда ўз университети учун теннис ўйнаяпти. Лекин мен у билан гаплашганимда, Америкадан қайтганидан сўнг терма жамоага қайтадими ёки йўқ, бу ҳақда айтмаган.
— Агарда чет элда теннис билан шуғалланиш, машғулот ўтказиш имкони туғилса, бундан фойдалган бўлармидингиз? Ўзбекистонда теннис билан шуғулланиш учун нималар тўсқинлик қилади, ёки қандай шароитлар мавжуд эмас?
Албатта, агар имконият юзага келганида, Европада шуғулланишни истар эдим. Сабаби, у ерда кўп мусобақаларда иштирок этиш осон, шунингдек у ерда Европадаги бошқа мусобақаларда иштирок этиш ҳам қийин бўлмайди, арзонроққа тушади. Ўзбекистондаги теннисчилар учун баъзида мусобақаларда қатнашишида юзага келадиган молиявий муаммолар тўсқинлик қилади.
— Ўзбекистонда йил давомида сизнинг ёшингиздаги теннисчилар учун ўтказиладиган мусобақалар етарлими, бу сизни қониқтирадими?
Юқори категориядаги халқаро мусобақалар Ўзбекистонда кам. Бундай мусобақалар Қозоғистонда кўп ўтказилади. Ўзбекистонда асосан J5, J4 каби типдаги мусобақалар ўтказилади. Бундай мусобақаларнинг рейтинг тизими мана бундай: J5 ни ютсангиз 30 очко оласиз, J4 мусобақасида ғалаба қозонсангиз 60 очко оласиз. Менда мисол учун минимал 36 очко бор ва мен J5 мусобақасида ўйнаб, ғалаба қозонсам, бу мусобақадан мен ҳеч нарса ютиб ололмайман, аксинча - 6 очко қолади менда. Мен очко тўплашим учун йирик мусобақаларда иштирок этишим керак, бундай мусобақалар эса бизда кам. Бизда ҳам J3, J2 типидаги мусобақалар мавжуд, улар баҳорда ўтказилади. Бундай мусобақалар Ўзбекистонда адашмасам тўртта, Қозоғистонда эса кўпроқ.
— Бу йил Ўзбекистонда қандай халқаро мусобақалар ўтказилади ва уларнинг қайсиларида сизнинг иштирокингиз гувоҳи бўламиз?
Ҳали календарни кўришга улгурмадим. Лекин ўтган йили Ўзбекистонда J2 мусобақаси, J3 типидаги иккита мусобақа ўтказилди. Шу типдаги мусобақаларни ёқтираман, катта эҳтимол билан шу мусобақаларда иштирок этаман бу йил.
— Ўзбекистон ва дунё теннисидаги кумирларингиз кимлар?
Албатта, Ўзбекистондаги асосий кумирим ҳамма ёш теннисчиларники сингари Денис Истомин. Унинг натижаларини кўрганмиз, у ATP 250 мусобақасида Новак Жоковични мағлуб этганида ҳам яхши натижа қайд этган. Дунё теннисида эса менинг кумирим Новак Жокович. Ўйлашимча, у энг яхши теннис устаси. Ўз ёшига қарамай, бир қанча катта мусобақаларни юта олган.
— Истомин ҳали ўз карьерасини давом эттирадими? Эшитишимизча, у Римдаги мусобақа саралашига йўл олган...
Ҳа, Денис Истомин фаолиятини давом эттиради. У бу ҳақда ҳар доим бизга айтиб келади. Ҳа, у мусобақага кетяпти, аммо қаерга эканлигини ҳали айтмади. Лекин у ҳали яна ўйнайди.
— Ўзбекистонга теннис керак эмас, бизда бу спорт ривожланмаган, дейдиган одамларга нима деган бўлардингиз? Юртимизда теннис ривожланиши учун нималарга эътибор берилиши керак, сизнинг фикрингизча?
Мен теннисни ёш болаларнинг ривожланиши учун муҳим деб ҳисоблайман. Теннис тез фикрлашни, тез қарор қабул қилишни ривожлантиради. Уни фақатгина қўл билан эмас, ақл билан ҳам ўйнайсиз, аммо у одамни ўсишига ёрдам беради. Мисол учун кортда фақатгина ақл билан ўйнайсиз. Айтишганидек, теннис бу шахмат.
Бизнинг мамлакатимизда катта эҳтимол билан моддий томонлама етишмовчиликлар кўп. Бундан ташқари, бизда мураббийлар кам. Яхши мураббийларимиз бор, аммо жуда кам.
— Амир қимматли вақтингизни аямай суҳбатга розилик билдиргангингиз учун ташаккур. Бўлажак мусобақаларда ғалаба қозониб, "Ролан Гаррос"да иштирок этишингизни тилаб қоламан.
Сизга ҳам раҳмат, қўллаб-қувватловингиз учун. Бу мусобақани ютиш учун бор ҳаракатимни ишга соламан.
Диёрбек Мавлонов суҳбатлашди
Фикрлар