UZ

Сўнгги янгиликлар

21:36Эртага 4 нафар боксчимиз Осиё чемпионатида рингга кўтарилади (рўйхат) 0 21:14Элит ОЧЛ. ​Остон Ўрунов гол урган баҳсда "Персеполис" камбэк намойиш этди 0 20:51Ўзбекистон томони Осиё Олимпия кенгашидан Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини бир йилга кечиктиришни сўрагани маълум бўлди 0 19:02Алжемейн Стерлинг: "Фаолиятимни UFC чемпиони сифатида якунлашни истайман" 0 18:39Арман Царукян: "Умид қиламанки, UFC 310дан сўнг буни эълон қилишади" 0 18:18"Реал" Асенсиога шартнома таклиф қилади 0 17:55Фьюри Усик билан реваншда неча кг вазн билан чиқиши айтилди 0 17:33Отабек Умаров бошчилигида боксчиларимизнинг Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлиги кўриб чиқилди 0 17:20Пара Осиё ўйинлари-2025 ҳам Тошкентда ўтказилмайди 0 17:10Макгрегорнинг рафиқаси эрининг зўрлашда айбланганига қандай муносабат билдирди? 0 16:48Осиё Олимпия кенгаши ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари мезбонлиги нима сабабдан Тошкентдан олинганига изоҳ берди 0 16:48Муҳаммад Салоҳ Рунига етиб олди 0 16:25"Чемпион бўлганимдан сўнг Оливейрага реванш бераман" - Царукян 0 16:02Мадримов нокаутга учратган Магомед Курбанов Тим Цзюни жангга чорлади 0 15:39UFC собиқ чемпионининг навбатдаги жанги санаси ва манзили маълум бўлди 0

08 окт 13:39
Янгиликлар

Спорт курашлари

«Иқтидор ва меҳнатни ўзида жамлаган спортчилар кам» — Олим Ҳикматов, эркин курашчи Бекзод Абдураҳмоновнинг устози

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олим Ҳикматов мураббийнинг спортчи ҳаётидаги ўрни, ғалаба учун муҳим омиллар, ўз шогирдларига нималарни уқтириши, Бекзод Абдураҳмоновнинг спортдаги йўли ва терма жамоанинг кейинги режалари ҳақида тўхталиб ўтди.

Токиода бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов (-74 кг) қозоғистонлик Данияр Кайсановни мағлуб этиб, олимпиада ўйинларининг бронза медалига сазовор бўлган эди. Спортчининг мураббийи Олим Ҳикматов «Газета.uz»га интервьюсида мураббийларнинг спортчилар ҳаётидаги ўрни, спортда натижа кўрсатиш учун муҳим бўлган омиллар, Бекзод Абдураҳмоновнинг олимпиададаги иштироки ва Олимпиада медалининг аҳамияти ҳақида гапирди.


Фото: Олим Ҳикматовнинг шахсий архивидан (чап томонда — Олим Ҳикматов).

— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нега мураббий бўлишни хоҳлагансиз?

— Болаликда эркин кураш билан шуғулланиб юрганимда Ўзбекистон терма жамоаси етакчиси эдим. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги мусобақаларга тез-тез бориб турардик. Жумладан, икки марта Болгарияга бориш насиб қилган. Шунингдек, Афғонистонда бўлиб ўтган катталар ўртасидаги мусобақада қатнашганман. Ўсмирликда кўплаб ютуқларга эришганим ва менда етакчилик қобилияти мавжудлиги билан мақтана оламан.

Мураббийим Александр Борисович Пятигорскийга жуда ҳавас қилардим. У киши мен учун идеал шахс эди: адолатли, меҳнаткаш, виждонли ва ўз ишининг профессионал устаси. Фаолиятимни бир оз эрта якунлаб, мураббийимга ёрдам беришни бошладим. Болаларни астойдил шуғуллантирдим, секин-аста йигитларимиз натижа кўрсатишида кўмаклашдим.

— Мураббий бўлмаганингизда, нима билан шуғулланардингиз?

— 10-синф охирида отам мени спорт журналисти бўлишимни хоҳлаганлар ва ҳатто «Ўзбекистон спортчиси» газетасида 2−3 та мақолам чоп этилган. Кейинчалик термамиз мураббийлари спортдаги фолиятимни давом эттирмоқчи бўлсам, Жисмоний тарбия ва спорт университетига киришни, журналист бўлишни истасам, Журналистика факультетига ҳужжат топширишим кераклигини айтишди. Якунда отам билан маслаҳатлашган ҳолда, мураббий бўлишни мақсад қилиб, Жисмоний тарбия ва спорт университетини танладим. Ўйлашимча, агар мураббий бўлмаганимда, журналист бўлардим.

— Спортчилар мураббийлари билан кўп вақт ўтказишади. Мураббийни оиланинг бир аъзоси дейишади. Ростдан ҳам шундайми?

— Баъзида кўплаб спортчилар ота-онасидан кўра кўпроқ мураббийига қулоқ солишади. Шундай ҳолатлар бўлганки, ота-оналар ёнимга келиб, фарзандлари устидан шикоят қилишган. Улар мураббийлар орқали фарзандларини тарбиялашга ҳаракат қилишарди. Спорт залига келган бола атрофга қарайди ва ҳамма мураббийга қулоқ тутаётганини кўради. Кейин ўзи ҳам ўзгариб, нисбатан қўрқувни ҳис этади. Масалан, мураббий ўзига қулоқ солмаган спортчини залдан ҳайдаб юбориши мумкин, уйда эса биладики, ота-оналар бундай қилишмайди. Айтишим керак, мураббий иккинчи отадек бўлади. Айрим болалар ота-оналаридан-да кўпроқ мураббийга ишонадилар


Шунингдек, ота-оналар фарзандлари билан кам кўришишларини айтиб ўтиш керак. Масалан, эрталаб 30 дақиқа ва кечаси озгина вақт. Спортчи эса мураббий билан ҳамма вақт бирга бўлади: мусобақаларга боради, 2−3 ҳафталаб йиғинларда қатнашади. Шунинг учун ўзаро яқин бўлиб қолишади.

Фото: Олим Ҳикматовнинг шахсий архивидан.

— Ўз шогирдларингизга қандай қадриятларни сингдиришга ҳаракат қиласиз? Буни қандай амалга оширасиз?

— Биз спортчиларга болаликдан меҳнаткаш, ҳақгўй, маданиятли бўлишни ва гигиена қоидаларига риоя қилишни уқтирамиз. Масалан, мен доимо мактабда аъло баҳоларга ўқишларини, уй юмушларида ота-оналарига ёрдам беришларини буюраман. Машғулотларда эса бошидан охиригача шуғулланишларини ва бор кучларини сарфлашларини тайинлайман. Агар буларнинг ҳаммасини қилса, уларнинг бошқа ортиқча вақтлари бўлмайди. Кўчада беҳуда вақт сарфлашмайди, номақбул ишларга қўл уришмайди. Шогирдларимга кечаси соат 21:00 дан кейин ўртоқлари билан кўчада юрмасликларини айтаман. Уларга ҳамиша «сиз кўчада кимнидир хафа қилиш учун эмас, спортда натижа кўрсатиш учун шуғулланасизлар», деб айтаман. Қандай инсон бўлмасин катта ёшдагиларни ҳурмат қилиш керак. Ўйлайманки, шогирдларим орасида тарбиясизлари йўқ.

— Сизнинг шогирдларингиз қандай қоидаларга риоя қилиши керак? Ушбу қоидалар қанчалик қатъий?

— Меҳнаткаш, адолатли ва албатта, ўз ваъдаларида туришларини талаб қиламан. Шунингдек, машғулотларга вақтида келишни, айрим сабабларга кўра кела олмайдиганлар қўнғироқ қилиб, огоҳлантириб қўйишларини айтаман. Кечаси ўз вақтида ухлаш ҳам қатъий қоидалардан бири. Буларсиз натижага эришиб бўлмайди. Болаларга ҳар доим айтаман: асосийси, яхши инсон бўлиб етишиш. Кейин натижа кўрсатиш.

— Ғалаба қозониш учун спортчи қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

— Ўз мақсадлари сари охиригача интилиш, мураббий кўрсатмаларига амал қилиш ва машғулотлар тугагандан кейин ҳам шахсий машғулотларни олиб бориш лозим. Ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш.

Масалан, Бекзод Абдураҳмоновни мисол қилиб олсак, у болаликдан машғулотларга биринчи келиб, охирги бўлиб кетарди. Техникаси бўйича ундан кучлилар ҳам бор эди, аммо унинг руҳи синмади ва ўз устида ишлашда давом этди. Шунинг эвазига мана катта ютуқларга эришди.

Фото: Олим Ҳикматовнинг шахсий архивидан.

— Спортчида чемпионни дарҳол пайқаш мумкинми ёки бу вақт давомида билинадими? Чемпион бўлиш учун юксак истеъдод соҳиби бўлиш керакми ёки спортчи меҳнаткаш бўлиши муҳимроқми?

— Биласизми, олдимизга кўплаб иқтидорли йигитлар келишади. Бу йигитдан зўр курашчи чиқади, деб ўйлайсиз. Бироқ улар болаликда ғолибликка эришгач, ўз устиларида ишламай қўйишади, кам шуғулланишади. Аксинча, нисбатан кучсиз кўринган тоифа эгалари тинмай меҳнат қилишади, тартибга амал қилишади ва шу туфайли катта ютуқларни қўлга киритишади. Иқтидор ва меҳнатни ўзида жамлаган спортчилар кам.

— Шогирдларингиз сизни қандай мураббий деб таърифлашади?

— Менимча, мени тартибли ва адолатли эканлигимни айтишса керак.

— Мураббий сифатида шогирдингизга ўзининг энг яхши иқтидорлари ва қобилиятларини очишга қандай ёрдам берасиз?

— Бекзод Абдураҳмонов мисолида айтадиган бўлсам, ўсмирлик пайтида унинг техникасини биргаликда ривожлантирганмиз. Кучли таркибга эга эдик, жамоамизда дўстона муҳит ҳукм сурарди, бу ҳам қўл келган.

Ўсмирлигида уни ҳеч ким мусобақага олиб бормасди, шу вақтда мен уни ва бошқа йигитларни ёшлар ўртасидаги турнирларга олиб борардим. Ўйлайманки, у шу туфайли йўқолиб қолмади ва меҳнат қилишдан тўхтамади.

Ўшанда жамоамиз кучли бўлганига қарамасдан, шогирдларим орасидан ҳеч кимни терма жамоага жалб этишмасди, терма жамоа устозлари ёшлар мусобақалари учун таркибга фақат ўзларининг шогирдларини киритишарди.

Мен эса шогирдларимни ёшлар ўртасидаги турнирлар учун тез-тез Туркияга олиб борардим. Бекзодга «у мураббий билан ишлама, бизнинг сафимизга қўшил», деганлар ҳам бўлган, лекин у буни рад этган ва 2008 йилда АҚШга кетган, ўшанда ҳам мендан рухсат олиб кетган эди. 2014 йилда эса қайтиб келган.

Фото: Олим Ҳикматовнинг шахсий архивидан.

— Олимпиададан олдин шогирдингизга қандай мотивация бердингиз? Уни ҳал қилувчи баҳсдан аввал қандай йўналтирдингиз?

— Олимпиаданинг биринчи даврасида у пуэрто-рикалик Франклин Гомес билан тўқнаш келди. Мен Бекзодга кучли эканлигини, рақибини яхши билишини ва ютиши лозимлигини, айрим тактик режаларни уқтирдим. У 10:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Афсуски, иккинчи даврада икки карра жаҳон чемпиони Заурбек Сидаков билан беллашиб, мағлубиятга учради. Кейин Гвинея-Бисау вакили Аугусто Миданани мағлуб этди. Учинчи ўрин учун баҳсдан олдин рақиби Данияр Кайсанов қандай курашишини кўрсатдим ва у билан қандай беллашиш кераклигини уқтирдим, натижада Бекзод қозоғистонлик рақибининг устидан ғалаба қозонди.

Олимпиадада карантинда бўлдик. Кун бўйи бир хонада ўтирардик, лекин йигитларга бу яхшиликка эканлигини, руҳий жиҳатдан тушкунликка тушмасликлари лозимлигини тушунтиришга интилдик.

— Шогирдингиз Бекзод Абдураҳмонов Олимпиада медалини қўлга киритганда, нималарни ҳис қилдингиз? Ғалаба — жуда эҳтиросли он, уни қандай бошдан кечириш ҳақида маслаҳатлар борми? Мағлубиятни-чи?

— Шогирдингиз 12:0 ҳисобида олдинда борса, тушунасизки, у албатта, ютади ва бунга жиддий қарамайсиз, чунки бир-икки дақиқада баҳсни бой бериб қўйиш қийин. Бироқ эртаси куни Олимпиада медалига эришганини ва Ўзбекистон тарихида қолганини ҳис этасиз.

Олимпия ўйинларидаги ҳар қандай медалнинг қиймати юқори. Шундай бўладики, йигитлар 2−3 марталаб жаҳон чемпионига айланишади, аммо уларда Олимпиада медали бўлмайди. Аксинча воқеликлар ҳам кузатилади, яъни йирик турнирларда ғолиб бўлмаган атлетлар Олимпиада медалига эга чиқиши мумкин. Олимпиада медали бу тарихда қолиш деганидир.

— Эндиликдаги режаларингиз қандай?

— Бизни олдинда кейинги йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари кутмоқда. 2023 йилда эса Париж Олимпиадасига лицензия тақдим этувчи мусобақа бор.

Фото: Олим Ҳикматовнинг шахсий архивидан.


Оғабек Самисов суҳбатлашди

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг