17 янв 21:30
Янгиликлар
"Конорнинг Пакьяо билан жанги муқаррар". Макгрегор UFC`даги юришини яна тўхтатмоқчи(ми?)
UFC 257 турнирига бир ҳафтадан бироз кам вақт қолмоқда. Асосий жанг икки вазн тоифасидаги собиқ чемпион Конор Макгрегор ва собиқ вақтинчалик чемпион Дастин Порье ўртасида ўтказилади. Ушбу кард рақамли турнирлар орасида титул учун жанг қилинмайдиган камдан-кам турнирлардан бири бўлади. Лекин бундан қўрқмаса ҳам бўлади, икки спортчи ҳам ажойиб жангни кафолатлашади. Сабаби, ушбу жанг ғолиби деярли норасмий чемпионга айланади. Бошқача қилиб айтганда, финал олдидан финал.
Амалдаги чемпион Хабиб Нурмагомедовнинг қайтиш ёки қайтмаслиги ҳақидаги хабарлар деярли ҳар куни ижтимоий тармоқларда айланмоқда ва муҳлисларнинг бироз меъдасига ҳам тегиб улгурди. Воқеалар ривожи ҳам Хабибнинг қайтмаслигини ва чемпионлик камари бўшаб қолишини кўрсатмоқда. Аммо бир томондан олиб қарасак, Хабиб ўзини қизиқтира оладиган воқелик бўлса қайтиши ҳам таъкидланди. UFC президенти Дана Уайт ҳам айнан Конор ва Порье жанги ғолиби чемпионлик камари учун асосий даъвогарга айланишини айтиб ўтди. Шу жиҳатдан қарасак, Конорнинг ушбу жангдаги Дастин Порье устидан қозонилган ғалабаси бир неча дақиқалар ичида Конорни "чемпион"га айлантириши мумкин. Маркетинг, савдолар нуқтаи назаридан қаралса бу UFCга жуда ҳам қўл келади. Ҳар доимгидек ирландиялик "соғин сигир" UFC га миллионлаб доллар маблағ олиб келади, акциялар нархини мунтазам оширади. Шу билан бирга Конор ҳам ўз обрўсини қайта тиклаб олади.
Аммо, спорт нуқтаи назаридан қараладиган бўлса Конорнинг тахтга қайтиши дивизион учун ёмон вариант бўлиши мумкин. Нега?
Ҳеч кимга сир эмас, охирги йилларда айнан шу вазн тоифаси энг рақобатга бой дивизион бўлиб келган. 2016 йилнинг бошидан то шу кунгача бу вазн тоифасида икки тўлақонли чемпион бўлган - Конор ва Хабиб. Шу билан бирга учта вақтинчалик чемпионлар - Тони Фергюсон, Дастин Порье ва Жастин Гэтжи ўз вақтида ушбу вазнда ҳукмронлик қилишган. Шу давр мобайнида тўлақонли чемпионлар уч марта ҳимоя жангларини ўтказишган, бу жангларнинг барчаси Хабиб Нурмагомедовга тегишли.
Конор-чи? Айнан Конор сабаб бу дивизионда ушбу беш йил ичида бор йўғи уч марта ҳимоя жанги ўтказилди. Қандай қилиб? Макгрегор енгил вазн чемпионлигини 2016 йилда қўлга киритган бўлса, шу йилнинг ноябрь ойида Эдди Алваресни мағлуб этиб, тарихда биринчи бор икки вазн камари соҳиби айланган эди. Барчаси шундан бошланди.
Бошланишига Конор оиласида биринчи фарзанд дунёга келаётганлиги сабаб фаолиятини маьлум муддатга тугатганлигини эълон қилди. Бу сабаб ҳаммага тушунарли ва бунда жангчини айблаб бўлмас эди. Аммо 2017 йилнинг ўзида барчаси ойдинлаша бошлади. Оилавий муаммолар шунчаки баҳоналиги, Конорнинг асл мақсади Тони Фергюсон ва Хабиб Нурмагомедов аллақачон ўзиники қилишни хоҳлаган титулни ҳимоя қилишни хоҳламагаслиги эканлиги аниқ бўлди. 2017 йилнинг май ойида Конор ўғил фарзанди бўлади. Бунга қадар матбуот Конорнинг профессионал боксдаги Флойд Мейвезерга қарши дебюти ҳақида аллақачон ёзишни бошлаган эди. UFC аввалига бу жангга қизиқиш йўқлигини билдиради. Кейинчалик эса ташкилот ўзининг асосий юлдузига яшил чироқларни кўрсатади. Июнь ойида жанг ўтказилиши расман эълон қилинади. Август ойида ушбу оламшумул жанг ўтказилади. Бу жанг ортидан икки жангчи ҳам жуда катта миқдордаги маблағни ўзиники қилади.
Конор Макгрегор шунча ишлардан сўнг ҳам UFCдаги титули учун ҳимоя жангини ўтказиши мумкин эди. Аммо, воқеалар ривожи бошқача тус олади. Конор ўша пайтда деярли ақлдан озганди. Ноябрь ойида у "Bellator" турнирига боради ва у ерда таниқли рефери Мак Годдар билан жанжаллашиб кетади. Худди шу ойнинг ўзида йўл қоидасини бузганлиги учун маҳкамага тушади. Кейинги, яьни 2018 йилнинг апрель ойида ўша машҳур безорилик - Хабибнинг автубусига ҳужум юз беради. Бу воқеадан кейин Конор АҚШ ҳуқуқ тартибот органлари қўлига тушади ва Нью-Йорк судида жавоб беради. Бунинг оқибатида, UFC Конорни камардан маҳрум қилишга қарор қилади. Шу тариқа, Конор Макгрегор бир ярим йил давомида бирор марта титулни ҳимоя қилувчи жанг ўтказмасдан UFC тожидан маҳрум бўлади.
Конорни кутишга кетган ушбу 18 ой, дивизионнинг равнақи учун жиддий тўсиқ бўлган десак муболаға бўлмайди. Бир қанча кучли жангчилар ушбу вақтни шунчаки ўз навбатларини кутиш билан ўтказишган. Юқорида Конорнинг тахтга қайтиши айнан шу нуқтаи назардан ҳам дивизион учун ёмон бўлиши мумкин деган фикр илгари сурилганди.
Таъкидлаш жоизки, Конор Макгрегор ва бокс бўйича WBA чемпиони Мэнни Пакьяонинг менежери Оди Аттар, мижозлари ўртасидаги ўзаро жанг 2021 йилда ўтказилиши муқаррар эканлигини маълум қилди.
"Тасдиқлашим мумкин-ки, бу жангнинг 2021 йилда ўтказилиши муқаррар. Уларни иккаласи ҳам буни хоҳлашяпти. UFCдагилар Конор биринчи Порьега қарши жанг қилиши керак дейишди. Биз ундан сўнг Пакьяога қарши жанг қилинишига келишдик. 2021 йилда ушбу жанг ўтказилмаса, мен шунчаки шок ҳолатига тушсам керак", - деган эди менежер.
Ҳаммаси тушунарлики, Конор ўз фаолиятини яна UFCдан ташқарида кўрмоқда. Агарда ирландиялик яна чемпионлик тожини кийса, унда титул учун ҳимоя жанглари яна тўхтаб қолиши мумкин. Бу яна дивизион ривожланишига катта зарба бўлади. Чарлз Оливейра, Жастин Гэтжи, Майкл Чендлер ва Ислам Махачев каби ўз навбатини кутиб ётган ажойиб жангчилар бундан жабрланишлари мумкин.
Албатта, шу ўринда Хабиб Нурмагомедов титулни уч йил давомида уч мартагина ҳимоя қилганини ҳам қайд этиш жоиз. Лекин Хабибнинг вазияти бироз бошқачароқ эди. Конорга қарши биринчи ҳимоя жангидан сўнг Хабиб октагондан сакраб чиқиб, жанжал кўтарганлиги сабаб деярли бир йилга дисквалификация қилинганди. Шундан сўнг у Дастин Порье билан жанг қилди. Тони Фергюсон билан ўтказилиши керак бўлган ҳимоя жанги эса коронавирус туфайли амалга ошмади. Ундан уёғига Жастин Гэтжи билан жанг, Хабибнинг шов-шувли фаолиятини тугатиши.
Шу ўринда Хабиб фаолиятини тугатгандан сўнг, у нега камардан маҳрум қилинмади деган савол берилиши табиий. Бу қарорга келиш албатта UFC ва унинг президенти Дана Уайтга боғлиқ. Бу масалага ҳам яқин орада албатта ойдинлик киритилади.
Факт шуки, Конор Макгрегор бутун фаолияти давомида бирор марта ҳам камарни ҳимоя қилувчи жанг ўтказмаган. Дивизион ривожи учун бу сафар ундай бўлмаслигига умид қиламиз. Албатта, ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Дастин Порьени ҳам ҳисобдан чиқармаслик керак. Буни эса бир ҳафтадан сўнг билиб оламиз.
Жалолхон тайёрлади
Фикрлар