UZ

Сўнгги янгиликлар

09:08"Ал Насср" Қирол кубогидан чиқиб кетди. Роналду 96-дақиқада пенальтини голга айлантира олмади 0 08:47UFC 308 турниридан энг яхши 10 та сурат намойиш этилди ФОТОГАЛЕРЕЯ 0 08:26"Tashkent Select" Қозоғистон ёшлар чемпионатидаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди 0 08:05Ажойиб! Екатерина Гейниш ва Дмитрий Чигирев Канададаги муваффақиятдан сўнг Франция Гран-присида ҳам иштирок этади 0 07:44А Серия. “Милан” ўз уйида “Наполи”га ютқазди 0 07:23Рамазон Темиров UFC'даги кейинги рақиби ва жанг санаси аниқлигини айтди 0 07:02Бугун Султонов Монастирдаги юришини бошлайди 0 22:08Жаҳон чемпионати. Жалгасбай Бердимуратов ҳамда Абдулло Алиев ўтиш босқичидаги илк жангларидаёқ мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этишди 0 18:48Ўзбекистон МТЖнинг Қатар ва КХДРга қарши учрашувларида ишлайдиган ҳакамлар маълум 0 18:27FIDE президентининг Ўзбекистонга ташрифи давом этмоқда 0 18:06Стефанос Циципас "Мастерс"лардаги 100-ғалабасига эришди 0 17:45Чавандозларимиз яна бир нуфузли мусобақа ғолибига айланишди 0 17:24Имконсиз нарсанинг ўзи йўқ 0 17:03UFC камари учун собиқ даъвогар Сергей Павловичнинг рақиби маълум 0 16:42Париж "Мастерс" турниридан ким қанча ишлаб олиши очиқланди 0

21 ноя 12:37
Янгиликлар

Бокс/ММА

Мелиқўзиев-Мирзаҳмедов тўқнашуви, ака-ука Мирзахалиловлар ҳамда даҳшатли рақобатга эга -71 кг. Париж-2024 лицензиантлари дам оладиган бокс бўйича бу йилги Ўзбекистон чемпионати ҳақиқий ёш истеъдодларни кашф қилиши мумкин

Бугун Тошкентдаги "Универсал" спорт саройида бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати баҳслари старт олади.

Саккиз кун давом этадиган беллашувлар доирасида аёллар 12 та вазнда, эркаклар эса 13 та вазн тоифасида беллашади.

Бу йилги чемпионат ҳам қизиқ ўтиши турган гап. Сабаби, бу сафар Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари орқали Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритган боксчиларимиз, шунингдек, бир қанча вазн тоифаларида маҳаллий чемпионатда иштирок этиши кутилган боксчилар рингга чиқмайди, уларнинг ўрнига ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатлари, бир қатор халқаро мусобақаларда ўзини кўрсатиб улгурган ёш чарм-қўлқоп усталари баҳс олиб боради. Бундан ташқари, баъзи вазн тоифаларида сизга таниш бўлга боксчиларнинг ҳам исм-шарифлари мавжудлиги, одамни қувонтиради ва чемпионатга бўлган қизиқишни бир мунча оширади.

Қуйида сизлар билан биргаликда, эркаклар ўртасида ўтказиладиган 13 та вазн тоифасидаги беллашувларга тўхталамиз.

-48 кг:

Бу вазн тоифаси Тошкентда ўтган Жаҳон чемпионатида "тренд"га чиққани ёдингизда бор бўлса керак:) Мундиалда ушбу вазн тоифасида терма жамоамиз шарафини фарғоналик ёш боксчимиз Шодиёрбек Мелиқўзиев ҳимоя қилган эди. Ўшанда Мелиқўзиев нимчорак финал босқичида қозоғистонлик Санжар Ташкенбайга имкониятни бой бериб қўйган эди. Умуман олганда, Мелиқўзиев 2023 йил ҳисобидан биринчи бўлиб, Болгария пойтахти Софияда бўлиб ўтган "Странжа" турнирида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритган эди. Ундан сўнг боксчимиз ўзининг илк Жаҳон чемпионатида рингга чиқди. Шундан сўнг, Шодиёр сентябрь ойида Доғистонда ўтказилган "М.Умаханов хотирасига бағишланган XXII анъанавий турнир"да иштирок этди, аммо федерация матбуот хизмати боксчини турнир ярим финалига йўл олган спортчилар рўйхатида чоп этмаган эди. 22 ёшли Шодиёр ўтган йилги Ўзбекистон чемпионатининг кумуш медали соҳиби ҳисобланади.

Шодиёрдан ташқари, бу вазндаги иккинчи юлдуз боксчи бу - Нодиржон Мирзаҳмедовдир. Аслида икки боксчи ўртасида ушбу вазн учун "кураш" Жаҳон чемпионати стартида бошланган эди. Тошкентлик Мирзаҳмедов ўтган йилги Ўзбекистон чемпионати ғолиби. У финалда Мелиқўзиевдан устун келган. 2023 йил февралида ўтказилган "Странжа" мусобақасида эса чорак финалга қадар етиб борган. Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборган. Август ойида терма жамоа аъзолари билан Марокашдаги йиғинда иштирок этган Нодиржон Мирзаҳмедов учун бу катта танаффусдан кейинги мусобақа бўлади.

Ушбу вазнда шунингдек, Жиззахдан ташриф буюрган Иброҳим Рахмонжонов, Тошкент вилояти вакили Абдуқаюм Машарипов, яна бир Фарғона боксчиси Авазбек Йўлдошев ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси Жасур Зоҳидов ғолиблик учун кураш олиб боради.

-51 кг:

Бу вазнда 9 нафар боксчи рингга чиқади. Вазннинг ҳақиқий эгаси сифатида кўриб, ўрганиб қолганимиз Ҳасанбой Дўсматов юқорида таъкидлаганимиздек, Париж-2024 Олимпиадаси лицензиясини қўлга киритиб улгургани учун, бу чемпионатда иштирок этмайди.

Қизиғи, бу йилги чемпионатда Ҳасанбойнинг укаси Фарёзбек Дўсматов бошқа вазнда жанг қилади. У ўтган йилги чемпионатда акаси билан биргаликда финалга қадар етиб борган, аммо ярим финалда рақибига нисбатан ишлатган қўполлиги учун дисквалификация қилинган эди.

Бу йилги Ўзбекистон чемпионатида ушбу вазннинг етакчи боксчиси сифатида Асилбек Жалиловни айтиш мумкин. Бухоролик ёш боксчи бир қатор халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган. Жалилов ўтган йилги чемпионатда -48 кг вазн тоифасида иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритган эди. У бу йил ҳисобидан февраль ойида "Странжа"да иштирок этди, аммо совриндорлар қаторидан жой ола билмади. Май ойида эса Польшадаги "Феликс Штамм 38-анъанавий халқаро турнири"да қатнашган Асилбек олтин медални қўлга киритди. Шундан сўнг, Жалилов июнь ойида Қозоғистоннинг Астана шаҳрида ўтказилган "Елорда Кубоги"да бронзага эга чиқди. Ўзбекистон чемпионати Асилбек Жалилов учун 2023 йил ҳисобидан якуний мусобақа бўлади.

Шунингдек, 2022 йилги чемпионатда -48 кг вазн тоифасида иккинчи бронзани қўлга киритган иккинчи бухоролик боксчи Дониёр Бекмуродов ҳам бу йил юқори вазнда жанг қилади.

Бундан ташқари, ушбу вазннинг ўзида ўтган йили учинчи бўлган ЖТСУ талабаси Муҳаммадқодир Мамиржонов ҳам рақибларига ҳақиқий жанг таклиф қилиши аниқ.

-54 кг:

Бу вазнда Ўзбекистон чемпионлиги учун 12 нафар боксчи ҳаракат қилади.

Вазннинг амалдаги чемпиони, бухоролик Шаҳзод Музаффаров бу йил ўз титулини ҳимоя қилишга уриниб кўради. Музаффаров жорий йилда илк мусобақасини Болгарияда, "Странжа"да ўтказди, аммо муваффақиятсизликка учради. Июнь ойида "Елорда Кубоги"да рингга чиққан Музаффаров бу турнирда ҳам мағлуб бўлди. Шундан сўнг, Шаҳзод сентябрь ойида Чеченистондаги "Ахмат Қодиров хотира турнири"да рингга чиқиб, бронза медалини қўлга киритди. У учун бу йилги мусобақаларни омадли ўтяпти, дейиш қийин. Кўрамиз, Музаффаров ўз вазнидаги чемпионликни сақлаб қола олармикан? Ёки бу вазнда янги чемпионни кўрармиканмиз? Буни вақт ва "Спорт" телеканали кўрсатади)

Энг қизиғи, бу вазнда ўтган йилги чемпионатда кумуш медални қўлга киритган, Тошкентдаги Жаҳон чемпионатида кумуш медалга эга чиққан ва яқинда оила қурган жиззахлик Ойбек Жўраев чемпионатда иштирок этмайди. Маълум бўлишича, боксчимиз фаолиятини проф боксда давом эттириш ниятида.

Шунингдек, бу вазнда истиқболли боксчилардан Ҳасанбой Дўсматовнинг укаси Фарёзбек Дўсматов, Хўжаназар Нортожиев ҳамда ўтган йилги чемпионатда учинчи бўлган Санжар Ваҳобовни таъкидлаш мумкин.

-57 кг:

Бу вазндаги энг ўзига хос жиҳат бу - ака-ука Мирзахалиловлардир! Уларнинг ҳар иккиси ўтган йилги чемпионатда ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олган эди (Миразизда олтин, Мирзабекда бронза). Бу йил ҳам бу сценарий такрорланиши эҳтимоли юқори.

Уларга бу йўлда ўтган йили -54 кг вазнда бронза медалини қўлга киритган андижонлик Шаҳбозбек Толибжонов ва яна бир ёш боксчи Дилшод Абдувалиев қаршилик қилиши мумкин.

Маълумот ўрнида, Миразиз Мирзахалилов 17 ноябрь куни Тошкентда ўзининг проф боксдаги навбатдаги жангини ўтказди. Хитойлик Рунки Жоуга қарши кечган 8 раундлик жангда очколар ҳисобига кўра зафар қучган Мирзаҳалилов проф боксдаги ғалабалари сонини 4 тага етказиб олди.

Ҳа айтганча, ушбу вазнда ўзбекистонлик етакчи боксчи Абдумалик Халоков Парид-2024 йўлланмасини қўлга киритгани учун бу чемпионатни ўтказиб юборади. У ҳам 17 ноябрь куни проф боксда рингга чиққан эди.

-60 кг:

Бу вазнда нисбатан кўпроқ - 22 нафар боксчи ғолиблик учун жанг қилади.

Бу вазнда ўтган йили сурхондарёлик Дилшод Абдумуродов чемпион бўлган эди. Кумуш медаль соҳиби Айдос Тагайбаев бу йил янги вазнда ўз имкониятини синаб кўради. Бронза соҳиби Камронбек Эшматов бу сафар ҳам баҳсларда иштирок этади. Иккинчи бронза эгаси, таниқли боксчи Шунқор Абдурасулов эса бу йилги чемпионатда иштирок этмаслиги маълум бўлди.

-60 кг вазн тоифасида Тошкентдаги жаҳон чемпионатида юртимиз шарафини Мужибилло Турсунов ҳимоя қилган эди. Бироқ боксчимиз Ўзбекистон чемпионатида юқори дивизион ғолиблиги учун жанг қилиш ниятида. Сабаби, Турсунов ўтган йили ҳам -63,5 кг вазнда жанг қилиб, олтин медални қўлга киритган эди.

-63,5 кг:

Мазкур вазнда Ўзбекистон чемпионлиги учун 23 нафар боксчи жанг қилади.

Ғолиблик учун асосий даъвогарлардан бири Руслан Абдуллаевдир. У ушбу вазнда Жаҳон чемпиони ҳисобланади. Аммо Русланнинг сентябрь ойида Ханчжоуда ўтказилган лицензион Осиё ўйинларида омади юришмаган эди. Ўзбекистон чемпионати бу вазнда кейинги лицензион мусобақа учун ким боришини ҳал қилиб беради, бу турган гап.

Бу йўлда Руслан Абдуллаевга асосий рақиб Мужибилло Турсунов бўлади. Андижонлик боксчи мазкур вазннинг амалдаги чемпиони ҳисобланади. Мужибилло май ойидаги Жаҳон чемпионатида мағлуб бўлганидан сўнг, асосан проф боксдаги фаолиятига урғу берди. Нима бўлган тақдирда ҳам, якунда Руслан Абдуллаев - Мужибилло Турсунов қарама-қаршилигини кўришимиз эҳтимоли юқори. Бу жанг ғолиби эса 2024 йилда Италияда бўладиган навбатдаги лицензион мусобақа иштирокчисига айланиши кутилмоқда.

-63,5 кг вазндаги яна икки ёш ва умидли боксчилар сифатида Адҳам Муҳиддинов ва Айдос Тагайбаевни таъкидлаш мумкин.

-67 кг:

Бу вазнда 27 нафар боксчи Ўзбекистон чемпионлиги учун жанг қилади.

Вазннинг амалдаги чемпиони, Жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев -71 кг вазн тоифасидаги беллашувларда иштирок этади.

-67 кг фаворити сифатида бухоролик чарм-қўлқоп устаси Бекзод Ҳамидовни келтириш мумкин. У ўтган йилги чемпионат финалида айнан Асадхўжага мағлуб бўлган эди.

Шунингдек, бу йилги чемпионатда андижонлик Жавлонбек Йўлдошев ҳам жанг қилмайди. У ҳам проф боксга ўтиш ниятида.

-71 кг:

Мазкур вазнда Ўзбекистоннинг энг кучли 14 нафар боксчиси жанг қилади.

Улар орасидаги асосий номлар: Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Ҳалим Утегенов, Саиджамшид Жафаров, Иқболжон Ҳолдаров ҳамда Ҳавасбек Асадуллаев.

-67 кг вазнда Жаҳон чемпиони бўлган Асадхўжа Ханчжоудаги лицензион Осиё ўйинларида биринчи имкониятидан фойдалана олмади. Агарда, Саиджамшид Жафаров Ўзбекистон чемпионатида ғолиб бўлган тақдирда, кейинги лицензион мусобақа чиптасини ҳам ютиб олар? Буниси эндиликда терма жамоанинг мураббийлар штаби ҳамда раҳбариятига ҳам боғлиқдир.

Бундан ташқари, Иқболжон Холдаровнинг ҳам Ўзбекистон чемпионатига қайтгани қизиқарли. Боксчимиз проф боксда катта танаффусда қолиб кетди. У учун Ўзбекистон чемпионати ҳаваскор боксдаги сўнгги имконияти бўлиши эҳтимоли йўқ эмас. Чунки Холдаров бу йил ўзи иштирок этган ягона мусобақа "Странжа"да ҳам натижага эриша олмаган эди.

Шунингдек, юқорида келтирганимиз, икки нафар ёш боксчи - Ҳалим Утегенов ҳамда Ҳавасбек Асадуллаев ҳам тажрибали чарм-қўлқоп усталарига етарлича қаршилик кўрсатиши мумкин.

Умуман олганда, шахсий фикримча, -71 кг вазндаги жанглар Ўзбекистон чемпионатидаги энг қизиқарли жанглар бўлади. Яъни, сиз бемалол аччиқ чойни дамлаб олиб, томоша қиладиган жанглар айнан шу вазнда бўлади:)

-75 кг:

Ушбу вазн чемпионлиги учун 13 нафар боксчи рингга чиқади.

Улар орасида, шубҳасиз, Аълохон Абдуллаев фаворитдир. 20 ёшли боксчимиз май ойидаги Жаҳон чемпионатида бронза медалини қўлга киритган эди. У, шунингдек, амалдаги Ўзбекистон чемпиони ҳам ҳисобланади.

Аълохон Абдуллаевга бу сафарги баҳсларда Хожиакбар Қодирохунов, Суҳроб Қаюмов рақобат туғдириши мумкин. Қайд этиш жоиз, уларнинг ҳар иккиси 17 ноябрь куни проф боксда ҳам жанг ўтказган эди.

Бундан ташқари, яна бир ёш, истеъдодли боксчи - Жавоҳир Умматалиев ҳам бу йилги Ўзбекистон чемпионатида айнан -75 кг вазн тоифасида жанг қилади.

-80 кг:

Яна бир жиддий рақобатга эга ушбу вазнда 13 нафар боксчи баҳс олиб боради.

Вазндаги йирик номга эга бўлиб улгурга боксчилар бу - Тўрабек Хабибуллаев ҳамда Жасур Йўлдошев.

Жасур Йўлдошев Ўзбекистон шарафини май ойидаги Жаҳон чемпионатида ҳимоя қилган эди. Ўшанда терма жамоамиздаги илк мағлубият Жасур Йўлдошевга тегишли бўлган эди.

Тўрабек Хабибуллаев эса асосий термадаги дебют мусобақасини сентябрь ойида Ханчжоудаги лицензион Осиё ўйинларида ўтказди. Боксчимиз ушбу мусобақада ярим финалга қадар етиб бориб, бронза медалини қўлга киритганига қарамай, Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиқа олмаган эди.

Бундан кўриниб турибдики, кейинги лицензион турнир чиптаси айнан шу мусобақада ўйналади, катта эҳтимол.

Маълумот ўрнида, бу вазндаги кўп йиллик боксчилар Одилжон Аслонов ва Дилшодбек Рўзметов айни дамда проф боксдаги фаолиятини давом эттирмоқда. Аслонов ўтган йилги чемпионатда олтин, Рўзметов эса кумуш медални қўлга киритган эди.

-86 кг:

Бу вазнда 12 нафар боксчи Ўзбекистон чемпионлиги учун жанг қилади.

Уларнинг орасидаги энг тажрибалиси бўлиб улгургани бу Шоҳжаҳон Абдуллаевдир. Жаҳон чемпионати иштирокчиси Шоҳжаҳон Абдуллаев амалдаги Ўзбекистон чемпиони ҳисобланади.

Ўтган йили кумуш медални қўлга киритган фарғоналик Темурхон Собиров эса бу йил чемпионатда иштирок этмайди.

Абдуллаевга бу йил ҳам ўтган йилги сингари сурхондарёлик Самандар Жалолов ёки Тошкент вилояти вакили Жўрабек Тоштемиров етарли қаршилик кўрсатиши мумкин.

-92 кг:

Яхши тўқнашувларга эга -92 кг вазнда 9 нафар боксчи ғолиблик учун рингга кўтарилади.

Улар орасида ўтган йилги чемпионатнинг кумуш медаль соҳиби Нусратбек Тоҳиров, бронза эгалари Нурмуҳаммад Аҳмедов ва Амиршоҳ Самадов ҳам мавжуд. Аммо амалдаги чемпион, таниқли боксчи Санжар Турсунов бу йилги чемпионатда жанг қилмайди.

Бу йил, шунингдек, Лазизбек Мулложонов ҳамда Мадияр Саидраҳимов ҳам ушбу вазнда жанг қилади.

Эслатиб ўтиш жоиз, Лазизбек Мулложонов -92 кг вазн тоифасида Жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритган эди. Аммо боксчимиз сентябрь ойида ўтказилган Осиё ўйинларида совриндорлар қаторидан жой олмади ва Париж-2024 лицензиясини ҳам қўлга кирита олмади. 

Шундай экан, бу вазндаги жанглар ҳам қизиқарли ўтиши турган гап!

+92 кг:

Энг оғир вазн тоифасида 11 нафар боксчи Ўзбекистон чемпионлиги учун жанг қилади.

Вазннинг етакчи боксчиси Баҳодир Жалолов Олимпиада лицензиясини қўлга киритиб улгургани учун бу чемпионатни ўтказиб юборади.

Ўтган йилги чемпионат ғолиби бўлган Лазизбек Мулложонов бу йил битта пастки вазнда жанг қилади. Ўтган йили кумуш медални қўлга киритган Жаҳонгир Зокиров эса бу йил ғолиблик учун асосий даъвогар ҳисобланади.

Унга бу йўлда ўтган йили бронза медали соҳиби бўлган Абдураҳим Жўраев қаршилик қилиши мумкин.


Вазнлар кесимида тахминий чемпионлар (ИМҲО):

-48 кг: Нодиржон Мирзаҳмедов

-51 кг: Асилбек Жалилов

-54 кг: Шаҳзод Музаффаров

-57 кг: Миразизбек Мирзахалилов

-60 кг: Дилшод Абдумуродов

-63,5 кг: Мужибилло Турсунов

-67 кг: Бекзод Ҳамидов

-71 кг: Асадхўжа Мўйдинхўжаев

-75 кг: Аълохон Абдуллаев

-80 кг: Тўрабек Хабибуллаев

-86 кг: Шоҳжаҳон Абдуллаев

-92 кг: Лазизбек Мулложонов

+92 кг: Жаҳонгир Зокиров.


Хуллас, деярли бир ҳафта давомида бизни қизиқарли бокс мусобақаси кутиб турибди. Тошкентда бўлсангиз, "Универсал" спорт саройига келинг, кириш бепул. 21-29 ноябрь оралиғида, кундузги дастур жанглари 11:00 дан 13:00 га қадар, кечги дастур жанглари эса 15:00 - 19:00 оралиғида ўтказилади.

Муаллиф - Диёрбек Мавлонов/olamsport.com

Рейтинг:    

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг