09 ноя 07:32
Янгиликлар
ММАчиларимиз IMMAF жаҳон чемпионатида 8 та медаль қўлга киритишди
Бир ҳафта давомида дунёнинг 60 давлатидан келган 800 нафардан зиёд аралаш яккакураш усталари медаллар йўлида баҳс олиб боришди. Улар сафида Ўзбекистон ёшлар ва катталар терма жамоалари ҳам бўлиб, якунда ММАчиларимиз 8 та медалга эга чиқишди.
Ўзбекистон катталар терма жамоаси 1 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллади. Ўғилой Жуманова (79.4 кг) чемпионлик шоҳсупасига кўтарилган бўлса, Мустафо Кадамов (61.2 кг) кумуш, Жанобиддин Сатторов (83.9 кг) бронза медалини қўлга киритди.
Ёшлар (U20) терма жамоамиз эса 1 та олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медали билан 5-ўринни банд этди. Бу ёш тоифасидаги жамоамизга ягона олтин медални Хуршидахон Розиқова (79.4 кг) тақдим этди. У финал баҳсида яна бир ҳамюртимиз Нилуфар Ўроловадан устун келди. Дониёр Қувондиқов (88.4 кг) кумуш, Фирдавс Атамуратов (61.2 кг) ва Ферузбек Пайзиев (93 кг) бронза медалларига сазовор бўлди.
Ҳам ёшлар, ҳам катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида кутилганидек, Россия терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Руслар ёшлар ўртасидаги беллашувларда 12 та олтин, 3 та кумуш, 9 та бронза, катталарда 9 та олтин, 1 та кумуш, 5 та бронза, умумий ҳисобда жами 40 та медалга эгалик қилишди.


Фикрлар