31 мар 17:53
Янгиликлар
Нганну учун бокс тугадими ёхуд камерунликни энди юлдузлар билан кўрмаймизми?
Фрэнсис узоқ вақтдан бери Конор Макгрегор изидан бормоқчи эди, бироқ Дана Уайт унга бокс жангини ўтказишга рухсат бермади. Ўз орзусиини амалга ошириш учун Нганну UFC’ни тарк этишга мажбур бўлди. Маълум бир муддат камерунилк спортчи йўқ бўлиб қолди, аммо тез орада боксда янгиликлар бўлишига ишонтирди. Ва ниҳоят, бомба янгилик тайёр бўлди. У рақиб сифатида жаҳоннинг энг зўр оғир вазн тоифасидаги боксчиларидан бири Тайсон Фьюрини қабул қилди. Собиқ UFC чемпиони жаҳон чемпиони билан тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди, ҳатто уни бир маротаба нокдаун ҳолатига туширишга ҳам муваффақ бўлди. Дебют жангида мағлуб бўлишига қарамай, бу натижа чакки эмасди.
Илк жангининг ўзиданоқ UFC‘да ўтказилган барча жанглардан кўра, кўпроқ пул ишлаб топган Фрэнсиснинг иштаҳаси очилиб кетди. У Тайсондан кейин яна бир таниқли боксчи, 3 та йўналишда собиқ жаҳон чемпиони Энтони Жошуани жангга чорлади. Бироқ ушбу баҳсда Нганну илк жангидаги муваффақиятни такрорлай олмади: Жошуа уни икки маротаба нокдаун ҳолатига туширди ва нокаут эвазига ҳеч қандай имкон қолдирмай таслим этди. Энтони камерунлик билан шу қадар тез ва осон жанг қилганини кўриб, кўпчилик ҳайратда қолди. Хўш, Фрэнсис боксчи сифатида тугадими? Ўша куни собиқ UFC чемпиони илк маротаба рингга олиб кирилган болага ўхшаб қолди, десак муболаға бўлмайди. Бу унинг яхши боксчи эмаслигидан далолатми? Йўқ, бундай эмас, у шунчаки ҳали тажрибасиз. Ўйлаб кўрайлик, бу Фрэнсиснинг боксдаги иккинчи жанги бўлди, у ҳар икки жангда ҳам кучли рақибларга қарши ринга кўтарилди. Сезиш қийин эмаски, Фьюри Нганну билан тўқнашувга у қадар жиддий тайёргарлик кўрмаган, қаҳрамонимиз бўлса аксинча. Жошуанинг ютуғи шу бўлдики, у Нганнунинг Тайсонга қарши дуэлдаги хатоларини хотиржамлик ила ўрганиб, рақибининг заиф томонларини пухта ўзлаштирди.
Британияликка қарши баҳсда камерунликда жиддий муаммолар кўзга ташланди. Жошуа ўзининг зарбалари билан унинг блокларини «ечиб ташлади». Биринчи нокдаун кузатилган вазиятда Нганну ўзини жанубий позицияда қолдирди. Фьюрига қарши тўқнашувдан фарқли ўлароқ Фрэнсис ушбу жангда мухлисларни ажаблантира олмади. Қаҳрамонимиз билан дуэлда ЭйЖей илк дақиқалардан тезликда олдинга интилиб, зарбалар серияси орқали рақибини «янчиб ташлади». Қарама-қаршилик режага мувофиқ кечмагач, собиқ UFC чемпиони сериялардан ўзига кела олмади ва баҳс тугатилди. Буларнинг барчасини камерунликнинг ҳали бокс бўйича етарли тажрибага эга эмаслиги билан боғлаш мумкин.
Биз бу қадар диққат марказида бўлишни истаган Энтонини анча вақтдан бери кўрмаган эдик, чунки Усик-Фьюри жанги ғолибига қарши потенциал рақиб сифатида кўрилаётган Жошуа бу дуэлда мағлуб бўлмаслиги шарт эди. Нганну учун ушбу тўқнашув фаолиятидаги энг омадсиз кунлардан бири бўлди, лекин икки раундлик жанг учун 20 миллион долларлик чек бу омадсиз кунни омад билан якунлагани ҳам бор гап. Фрэнсис нималарга қодир эканлигини ҳали тўлиқ кўрсата олганича йўқ. Ҳа, агар у «болғаси»ни Энтонининг жағига етказа олганида, барчаси бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо якунда ундай бўлмади. Нганну учун яна бир минус омили шундаки, у жорий йилнинг сентябрь ойида 38 ёшга тўлади. Тажриба орттириш учун унда етарли вақт жуда кам, балки бунинг иложи ҳам йўқдир.
Камерунликка боксчи сифатида талаб бор, бу аниқ. Айниқса, Саудия Арабистонида, чунки улар шоуларни ва катта номларни яхши кўради. Масала шундаки, собиқ UFC чемпионининг ўзи янги чорловларни қабул қиладими ёки йўқ? ЭйЖейга қарши бундай чиқишдан кейин у энди Усик, Тайсон каби кучлиларни унутуши лозим. Араблар Нганну ва Уайлдер ўртасидаги жангни ташкил қилишлари мумкин, шунингдек Жозеф Паркерга қарши баҳс ҳам режада мавжуд. Уларнинг ҳар иккиси билан бўлажак дуел мухлислар эътиборини ўзига тортиши шубҳасиз. Келгуси тўқнашувларда Фрэнсис бу қадар суст тайёргарлик кўриб рингга чиқадиган бўлса, майиб бўлиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
Ҳабиб Жўрабоев таржимаси
Фикрлар