09 апр 12:06
Янгиликлар
Шонли ғалабалар давом этади. Кўзгуда Навоий ОПСТТМ!
Қалби ғайрат-шижоатга, олам-олам орзуларга лиммо-лим ёшлардан келажак режалари ҳақида сўраганимда аксарияти Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпиада баҳсларида қатнашиш, бу нуфузли баҳсларда Ватанимиз байроғини баланд кўтариш ниятида эканини айтишган.
Кимгадир бу баландпарвоз гапдек туюлиши мумкин, бироқ ўз устида астойдил ишлаган, машғулот ва мусобақаларнинг машаққатларига чидаган спортчи бу орзусига албатта етади. Бундан ташқари, эришилажак юксак натижалар ортида мураббийлар маҳорати, спортчилар учун яратилган шароитларнинг ҳам муҳим ўрни бор.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар тўрт йилда бир бор ўтадиган ёзги Олимпиада ҳамда Паралимпия ўйинлари сайёрамизнинг энг нуфузли мусобақалари сирасига киради. Тўрт йилликнинг олий мусобақаларига муносиб спортчилар тайёрлаш, ёшларни чемпионлик сари етаклашда олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг ўрни беқиёс.
Биз бугун сўз юритмоқчи бўлганимиз — Навоий олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази (директори Бекназар Қурбонов)нинг ҳам бу борада Республикада ўз ўрни бор.
Осиё ўйинлари, ҳатто Рио-2016 Олимпиадасида муносиб иштирок этган бадиий гимнастикачи Зарина Қурбонова, оғир атлетикамиз маликалари Кумушхон Файзуллаева ҳамда Долера Давронова, пара енгил атлетикачи Элбек Султонов, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпиони, Ханчжоу-2022 қитъа ўйинлари бронза медали совриндори Шаҳризода Мавлонова каби спортчиларнинг кўплаб ёшларнинг “кумири”га айлангани рост.Уларга ҳавас қилиб, спортни танлаётган, машқлар машаққатидан роҳат олаётган навоийликлар бисёр.
Айниқса, сўнгги йилларда таълим масканидаги шароитлар тубдан яхшиланди. Жумладан, 555 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, 15 236 дона китоб фондига эга кутубхона, “Ziyonet” интернет тармоғи, 400 ўринли ошхона ва ётоқхона, саккизта спорт турига мўлжалланган 12х24 ўлчамли спорт зали ёш спортчилар хизматида. Шунингдек, 24х24 ўлчамдаги замонавий спорт зали ҳамда 40х15 катталикдаги арена, стадион доимо ўғил-қизлар билан гавжум.
Ҳозирги кунда марказда спортнинг 20 та туридан 450 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олаётир. Шундан 112 нафари қизлар. Спорт маскани мураббийларининг салоҳияти ҳам юқори. Бунда 65 тренернинг 35 нафари олий, 23 нафари биринчи тоифали экани сўзимиз исботи.
2023 йил давомида марказнинг ўқувчи-спортчилари Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида 92 та олтин, 125 та кумуш, 139 та бронза, жами 356 та медални қўлга киритган бўлса, қитъа миқёсидаги мусобақаларда 3 та олтин, 13 та кумуш ҳамда 2 та бронза медали соҳибига айланишди.
Бундан ташқари, жаҳон чемпионати ва МДҲ ўйинларида қўлга киритилган медаллар шодаси бор. Жумладан, 2023 йил 4-18 август кунлари Беларусь давлатида бўлиб ўтган II МДҲ ўйинларида дзюдочи, 11-синф ўқувчиси Миржалол Ботиров -66 кг вазн тоифасида 3-ўринни эгаллади. Худди шундай натижага марказ битирувчиси Ўткир Ҳошимов камондан отиш бўйича мусобақада эришди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё чемпионатида Шаҳризода Мавлонова яккалик ҳамда жуфтлик баҳсларида 3 та олтин ва 1 та кумуш медали билан ишқибозларни хушнуд этди. Тошкент шаҳрида ўтган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатида Сабрина Ғойибназарова бронза медалига сазовор бўлди.
Шунингдек, Иорданиянинг Оман шаҳри мезбонлик қилган эркин кураш бўйича қитъа чемпионатида Муниса Мингяшарова 54 кг вазн тоифасида фахрли 2-ўриндан жой олиб, кумуш медаль эгасига айланди. Яна бир полвон қиз, Гулираъно Сувонқулова пойтахтимизда ташкил этилган дзюдо бўйича Осиё кубогида кумуш медални ўзиники қилди.
Навоийлик волейболчиларнинг ҳам шиддати юқори. Масалан,Тошкент шаҳрида кечган волейбол бўйича 16 ёшгача бўлган ўсмир йигитлар ўртасида Осиё чемпионати мусобақасида республика терма жамоаси таркибида марказининг тўрт нафар ўқувчиси — Элбек Сафаров, Ғолибжон Мустафоев, Оғабек Ҳайдаров, Нодиржон Алексеев муносиб иштирок этиб, кумуш медаль ҳамда Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқига муяссар бўлишди.
Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ўтган бокс бўйича Осиё чемпионатида марказ ўқувчилари Зуҳро Рустамова ҳамда Робия Равшанова кумуш медалга эга чиқишди. Шу тариқа ўтган йили 355 нафар разрядли (300 нафар спорт усталигига номзод, қолгани 1,2,3-даражали спортчи) ҳамда 18 нафар унвонли (2 нафари халқаро тоифадаги спорт устаси ва 16 нафар спорт устаси) тайёрланди.
2024 йилда ҳам марказнинг 100 нафар ўқувчиси Ўзбекистон терма жамоаларининг асосий, 73 нафари эса захира таркибида турли халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилади.
Савол туғилади: бу муваффақиятларнинг сири нимада? Энг аввало, марказда ҳар бир спорт тури бўйича республика федерациялари ҳамда терма жамоалар мураббийлари билан мустаҳкам ва ишчан алоқалар йўлга қўйилган. Масалан, оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи Нурилло Тоғаев спорт марказига келиб, спортчилар учун “мастер-класс”, яъни маҳорат сабоқлари ўтди.
Шунингдек, тадбир доирасида нуфузли спорт мусобақалари ва 2025 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинларига спортчи ёшларни мувафақиятли тайёрлаш юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Шунингдек, эркин кураш бўйича Қирғиз Республикасида мазкур давлат спортчилари билан ҳамкорликда ўқув-машғулот йиғини ташкил этилди. Иссиқкўл шаҳридаги халқаро ўқув-машғулот йиғинида мураббийлар Нодирбек Комилов, Туймурод Адизов ва 15 нафар спортчи ўқувчи иштирок этди.
Айни пайтда жорий йилги мусобақаларда ҳам ўтган йилгидан-да сермаҳсул иштирок этиш учун спортчиларнинг ўқув-машғулотларини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, жараёнларга энг янги илмий-услубий технологияларни жорий қилиш бўйича иш олиб борилмоқда. 2025 йилда ўсмирлар ўртасида IV ёзги Осиё ўйинлари ташкил этилади.
Умид қиламизки, Кумушхон Файзуллаева, Долера Давронованинг ўсмирлар Олимпиадаси, жаҳон чемпионатларидаги шонли ғалабалари, қўлга киритган шода-шода олтин медаллари навоийлик ёш спортчилар томонидангалдаги нуфузли турнирларда давом эттирилади.
Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади
Фикрлар