UZ

Сўнгги янгиликлар

18:55Топурия агар ўртага BMF камари қўйилмаса, Холлоуэйга қарши жанг қилмайди 0 18:34Онс Жабер 1/8 финалда ютқазиб қўйди 0 18:13АПЛнинг топ-клублари "Кристал Пэлас" вингерига қизиқишмоқда 0 17:52Бекзод Абдураҳмонов ўзининг учинчи Олимпиадасида иштирок этади 0 17:37Нигина Абдураимова Калви турнири 1/2 финалида! 0 17:16Ғуломжон Абдуллаев Париж-2024 Олимпиадасига боради 0 16:58Нагельсманн "немис машинаси" билан шартномани узайтирди 0 16:37Хорхе Масвидаль: "Мен ғалаба учун қайтаман" 0 16:16Сергей Фомин ҳал қилувчи учинчи сетда 1/5 ҳисобидан чиқиб кетди 0 15:55Дзюдо бўйича Осиё чемпонатига қуръа ташланди 0 15:34Футзал бўйича ФИФА Жаҳон чемпионати-2024 мезбон шаҳарлари эълон қилинди 0 15:13Кроуфорд - Мадримов жанги борасида музокаралар бошлангани маълум қилинди 0 14:52Отабек Холматов жарроҳлик амалиётидан кейин илк бор фикр билдирди 0 14:31BMW Open. Хольгер Руне чемпионлик ҳимоясига киришди 0 14:10Неймар ижтимоий тармоқларда Мбаппени ҳақорат қилди 0

18 авг 21:55
Янгиликлар

Теннис, Осиё ўйинлари

Теннис. Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида қандай иштирок этган?

Эртага Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII Oсиё ўйинлари расман старт олади.

Шу боис бугун сиз азизларга ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг, терма жамоамиз Осиё ўйинларида спортнинг теннис турида қандай натижаларга эришганлиги ҳақида қисқача маълумотларни тақдим этмоқчимиз.

1991 йил Ўзбекистон Мустақилликка эришгач Осиё ва жахон ареналарида алоҳида бир давлат сифатида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Терма жамоамиз илк бор 1994 йил Япониянинг Хиросима шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида иштирок этади. Бу мусобақада икки нафар теннисчимиз иштирок этган халос. Дмитрий Томашеевич иккинчи раундгача, Олег Огородов эса чорак финалгача етиб боришади. Бу ўйинлар биз учун тажриба мактабини ўтаб берган десак муболаға бўлмайди.  

1998 йил Таиланд пойтахти Бангкок шаҳри мезбонлик қилган Осиё ўйинларида юртимиз шарафини беш нафар теннисчимиз ҳимоя қилади. Эркаклардан Олег Огородов, Дмитрий Томашеевич ва Вадим Куценко, аёллардан эса Ирода Тўлаганова ва Лилия Биктиковалар баҳсларда қатнашишган. Яккаликда омади келмаган ҳамюртларимиз, жамоавий баҳсларда (Огородов/Томашеевич/Куценко) бронза медалларини қўлга киритишади. Бу медаль Ўзбекистон терма жамоасининг теннис бўйича Осиё ўйинларида қўлга киритган илк медалига айланади. Терма жамоамиз спортнинг теннис турида умумжамоа ҳисобида саккизинчи ўринни эгаллайди.

2002 йил Осиё ўйинлари Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида бўлиб ўтган. Мусобақада юртимиз шарафини яна беш нафар теннисчи химоя қилади. Бу баҳслар терма жамоамиз учун ҳозирги кунгача бўлиб ўтган Осиё ўйинлари ичида энг сермаҳсули ҳисобланади. Ирода Тўлаганова, Иванна Исроилова, Олег Огородов, Дмитрий Томашеевич ва Вадим Куценколардан иборат термамиз тўрт марта шоҳсупага кўтарилишади. Ирода Тўлаганова барча рақибларини мағлуб этиб, ҳозирги кунгача теннисчиларимиз учун ягона бўлиб турган олтин медални қўлга киритади. Олег Огородов  яккаликда бронза медали билан тақдирланади. Тўлаганова/Огородов тандеми микстда бронзани қўлга киритишган бўлса, жамоавий баҳсларда Огородов/Томашеевич/Куценко триоси тўрт йил аввалгидек бронза медалларига эга чиқишади. Шу тариқа терма жамоамиз теннис баҳсларида битта олтин ва учта бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида олтинчи ўринни эгаллайди.

2006 йилги Осиё ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини Қатар давлати қўлга киритади. Доҳада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида терма жамоамизда авлодлар алмашинуви бўлиб ўтади. Тажрибали теннисчиларимиз терма жамоадаги фаолиятларини якунлаб, ўсиб келаётган ёш авлод вакилларига ўз ўринларини бўшатиб беришади (Бу йилги Осиё ўйинларидан фарқли равишда). Ўша йили юртимиз шарафини йигитларимиздан Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Мурод Иноятов ва Сарвар Икромовлар, қизларимиздан эса Ирода Тўлаганова, Албина Хабибулина, Оқгул Омонмуродова ва Диляра Саидхўжаевалар химоя қилишганди. Самарадорлик жихатдан ушбу мусобақа медалларга бой бўлмасада, ёш теннисчиларимиз учун катта тажриба мактабини ўтаб берган бўлса ажабмас. Мусобақада юртдошларимиз битта бронза медали билан кифояланишади. Қизларимиздан иборат квартетимиз қўлга киритган бронза бизни умумжамоа хисобида саккизинчи ўринни эгаллашимизни таъминлайди.

2010 йили Хитойнинг Гуанжоу шаҳрида бўлиб ўтган мусобақада ҳам саккиз нафар теннисчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Булар Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Мурод Иноятов, Важа Узоқов, Албина Хабибулина, Оқгул Омонмуродова, Нигина Абдураимова ва Сабина Шариповалардир. Вакилларимиз бу гал ёмон иштирок этмадилар. Денис Истомин яккаликда ҳал қилувчи финал учрашувигача етиб борди ва унда Самдев Девварманга ютқазиб қўйиб, кумуш медални қўлга киритади. Оқгул Омонмуродова ҳам яккаликда финал баҳсида мезбонлар вакиласии Пэн Шуайдан мағлуб бўлиб, яна бир кумуш медални ҳисобимизга ёзиб қўяди. Учинчи кумуш медални йигитларимиз квартети жамоавий баҳсларда қўлга киритишади. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси теннис баҳсларида учта кумуш медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида ўзи учун ҳозирча энг юқори бўлган тўртинчи ўринни эгаллайди.

2014 йилги Осиё ўйинларини ўтказиш яна бир бор Жанубий Кореяга ишониб топширилди. Бу сафар мусобақага Инчеон шаҳри мезбонлик қилади. Термамиз таркибидан Денис Истомин, Фаррух Дўстов, Темур Исмоилов, Санжар Файзиев, Оқгул Омонмуродова, Нигина Абдураимова, Сабина Шарипова ва Албина Хабибулиналар ўрин эгаллашганди. Терма жамоамиз ҳисобига ягона бўлган бронза медалини йигитларимиз квартети жамоавий баҳсда қўлга киритишади. Медалларимиз янада кўпроқ бўлиши мумкин эди, аммо етакчиларимиз Денис Истомин ва Фаррух Дўстовлар Осиё ўйинларига параллел равишда ўтаётган ATP турнирларида қатнашиш учун олдиндан ариза бериб қўйганликлари сабаб, Oсиё ўйинлари яккалик баҳсларида иштирок эта олишмади. Иштирок этган тақдирда ҳам АТP ташкилоти уларни номаълум муддатга дисквалификация қилишлари ҳақида огоҳлантиришган эди. Мана шу англашилмовчилик бизга қимматга тушади. Шундай қилиб, терма жамоамиз битта бронза медали билан умумжамоа ҳисобида саккизинчи ўринни эгаллайди.

Мана орадан яна тўрт йил ўтиб, Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарлари мезбонлик қиладиган Осиё ўйинлари ҳам бошланмоқда. Бу сафар ҳам терма жамоамиз шарафини саккиз нафар теннисчи химоя қилади. Йигитларимиздан Денис Истомин, Жўрабек Каримов, Санжар Файзиев ва Фаррух Дўстовлар иштирок этишса, қизларимиздан юртимиз шарафини Сабина Шарипова, Нигина Абдураимова, Оқгул Омонмуродова ва Ирода Тўлагановалар химоя қилишади.



Сўзим охирида Фаррух Дўстовга терма жамоамизга кўп йиллар давомида сингган меҳнатини ҳисобга олиб, ҳурмат сақлаган ҳолда бир гап айтмоқчи эдим. Терма жамоадаги ўрнини ёш, истеъдодли теннисчимиз Хумоюн Султоновга бўшатиб берса мақсадга мувофиқ бўларди. Дўстовда охирги йиллар ўйин амалиёти жуда кам ва унинг ҳолати айни пайтда терма жамоага тортмайди. Уни устига яқиндагина Қўшни давлат Қозоғистонда бўлиб ўтган "Челленжер" турнирининг дастлабки даврасида Ҳумоюн Султонов Фаррух Дўстовни икки сетда осонлик билан мағлуб этиб, рақобатчисидан яхшироқ тайёргарликка эга эканлигини исботлаб қўйди. Бу шахсий фикр эди албатта. Ўзбекистон теннис федерациясига эса инсоф сўраб қоламиз.

Нима бўлган тақдирда ҳам старт олаётган Осиё ўйинларида нафақат теннисчиларимиздан, балки барча спорт турларидан медаллар шодасини кутиб қоламиз!

Ҳусниддин Мирзалиев

Рейтинг: +1   

Фикрлар

< сўнгги янгиликларни кўриш

Olamsport ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг