18 июл 12:44
Янгиликлар
Теннисга "кимдир" қизиқиши шартми ёхуд Ўзбекистонга катта теннис керак(ми?)
Сарлавҳадаги "кимдир" олмошининг туб маъносини тушундингиз, деб умид қиламан. Кўпчиликнинг наздида, деярли тўрт-беш йил аввал ҳам теннисчиларимиз нуфузли турнирларда муносиб иштирок этиб келганлиги айтилади. Тўғри, ҳозир ҳам ҳамюртларимиз ITF туркумига кирувчи мусобақаларда ғолиблик учун курашяпти, дейишингиз мумкин. Ҳа, улар ғолиблик учун курашяпти, аммо теннисчиларимизнинг катта қисми саралаш ғолиблиги учун жон куйдиряпти ҳозирда. Бундан ташқари, аввал ҳам айтилганидек, Тошкент раҳномолигидаги турнирлардан мосуво бўлганимиз (ёки бериб юборганимиз) ушбу спорт тури юртимизда ривожланишини бир мунча сусайтиргани шак-шубҳасиз.
Авваллари юртимиз ҳудудида, хусусан биргина пойтахт Тошкентнинг ўзи бир қанча мусобақаларга, жумладан ATP Tashkent Open (Президент кубоги) турнирини ўзида қабул қилган. Таъкидлаш жоиз, ушбу турнир ATP 250 даражасида, 1997-2002 йиллар давомида ўтказиб келинган. 2000 йиллар сўнгида ATP рейтингида карвонбошилик қилган россиялик Марат Сафин ҳам айнан 2000 ва 2001 йилларда Tashkent Open'да қатнашиб, чемпионликни тантана қилган эди. Бундан ташқари, ушбу мусобақанинг дастлабки икки йиллигида ғолибликни қўлга киритган британиялик Тим Хенман ўз вақтида дунё рейтингида тўртинчи ўрингача кўтарилган эди. Қолаверса, германиялик Николас Кифер, россиялик Евгений Кафельников каби теннисчилар яккалик баҳсларида ғолиб бўлиб, 250 рейтинг очкоси ва пул мукофотини ўзиники қилган. Жуфтлик баҳсларида эса 1999 йилда ҳамюртимиз Олег Огородов швейцариялик Марк Россет билан биргаликда Президент кубогида зафар қучган. 2002 йилга келиб, мусобақа тўхтатилади, сабаби эса бизга қоронғу. Ушбу мусобақа тўхтаганидан сўнг, республикамиз ҳудудида йирик учта турнир қолган эди, булар — Bukhara Challenger, Fergana Challenger ҳамда яна бир Челленжер туркумидаги Тошкент очиқ чемпионати. Бухородаги турнирнинг соврин жамғармаси 35 000 долларни ташкил этган. Мусобақа 2000-2008 йиллар оралиғида ўтказилган, унда Денис Истомин уч бор чемпионликни нишонлаган. Фарғонадаги челленжер 2000-2019 йиллар оралиғида ўтказилган. Таъкидлаш жоиз, мусобақа эркаклар ва аёллар ўртасида ўтказилган. Эркаклар ўртасидаги мусобақада 38 рейтинг очкоси ва 50 000 АҚШ доллари, аёллар ўртасидаги мусобақада ҳам ҳудди шунча очко ва 25 000 доллар ўйналган. Нигина Абдураимова, Сабина Шарипова мусобақада бир неча бор чемпионликни қўлга киритган. Қолаверса, Тошкент очиқ чемпионати — WTA Tour доирасида, маълум ва машҳур Zeromax компанияси томонидан 1999-2019 йиллар оралиғида ўтказиб келинган. Соврин жамғармаси 250 000 АҚШ долларини ташкил қилган. Мусобақада Ирода Тўлаганова ва Оқгул Омонмуродова бир неча бор муваффақиятли иштирок этган.
2007-2009 йилларга келиб, катта теннис бўйича ҳалқаро мусобақалар Ўзбекистон бўйлаб кенг тарқала бошлади. Жумладан, Қаршида 2007-2018 йиллар оралиғида ATP таснифига кирувчи, 50 000 доллар соврин жамғармаси ва 29 рейтинг очкосига эга челленжер мусобақаси ўтказиб келинди. Унда ҳамюртларимиз Денис Истомин, Санжар Файзиев ва Жўрабек Каримовлар бир неча бор муваффақиятли иштирок этишди. Тошкентда эса 2008 йилдан 2018 йилгача соврин жамғармаси 125 000 долларни ташкил этувчи, 30 рейтинг очкосига эга ATP Challenger мусобақаси ўтказилди. Турнирнинг яккалик баҳсларида Денис Истомин икки бор чемпионликни қўлга киритди. Жуфтлик баҳсларида эса Мурод Иноятов, Санжар Файзиев, Жўрабек Каримов ва Денис Истомин (икки бор) зафар қучишди. Шу вақтга келиб, юртимизда олтита катталар ўртасидаги ҳалқаро мусобақалар ўтказилаётган эди. Аммо барча мусобақалар 2018-2019 йилларга келиб тўхтаб қолди, доимгидек сабаби бизга қоронғу.
Теннис юртимиздан "юз ўгирган" бўлса-да, жонкуяр мухлислар теннисдан юз ўгирганича йўқ. Апрель ойида халқаро теннис федерацияси президенти Девид Хаггертининг юртимизга ташрифидан хабардор бўлсангиз керак. Ушбу ташриф самараси ўлароқ, яхши янгиликлар ҳам қулоққа чалина бошланди. Унга кўра, 25-30 июль кунлари пойтахт Тошкент ўсмирлар ўртасидаги J3 Tashkent-2022 мусобақасига мезбонлик қилади. Турнирнинг саралаш баҳслари 23 июлдан старт олиши хабар қилинган. Тўғри, миллионлаб мухлислар футбол, бокс ва бошқа спорт турларини кузатишади. Аммо теннис ўзига яраша жозибаси, мухлисларига эга спорт туридир. Санжар Файзиев, Сергей Фомин, Ҳумоюн Султонов, Денис Истомин ва бошқа теннисчилар орқасида қанча мухлислари қўллаб-қувватлаётганини ҳис қила олмаётгандек, гўё. Шунинг учун ҳам теннис Ўзбекистонга керак!
Ҳозирда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган теннисчилар ҳақида тўлиқроқ мақолани Olamsport.com сайтида, тез орада ўқишингиз мумкин!
Диёр Мавлонов мақоласи
Фикрлар