14 дек 14:19
Янгиликлар
UFC йилни супер турнир билан якунлайди: Учта чемпионлик жанги, дахшатли тўқнашувлар, Трампнинг севимли жангчиси октагонга кўтарилади
UFC 245 турнирида учта чемпионлик жанги бўлади. Аманда Нуньес Жермен де Рендамига қарши жанг қилади, Холлоуэй эса Волкановскидан камарини ҳимоя қилади, кечанинг марказий жанги эса ярим ўрта вазн юлдузлари Камару Усман ва Колби Ковингтон ўртасида бўлиб ўтади.
Нуньес камарини олтинчи марта ҳимоя қилади. У рақибини 2013 йилда нокаут қилган
Учта чемпионлик жанглари орасида биринчи бўлиб Аманда Нуньес - Жермен де Рендам жуфтлиги октагонга чиқади. Аманданинг иккита камари бор, у сўзсиз UFCнинг юлдузи. У UFC тарихидаги энг кучли аёл жангчиларни яксон қилди. Унинг ғалабали серияси ўнтани ташкил қилади. Камарини эса олтинчи бор ҳимоя қилади. Аманда ва Рендам муқаддам жанг қилишган. 2013 йил UFC Fight Night турнирида Нуньес рақибасини биринчи раундда нокаут қилганди.
Холлоуэй ва Волкановски жанги ғолиби катта эҳтимол билан Забитнинг навбатдаги рақиби бўлади
Иккинчи чемпионлик жанги: Алекс Волкановски (20-1) ва Макс Холлoуэй (21-4).
Макс ҳудди Аманда сингари ўз вазнинг супер жангчиси. Холлоуэй ярим ўрта вазн тоифасида кетма-кет ўн тўртта жангда ғалаба қозонган, у уч марта чемпионлик камарини ҳимоя қилишга улгурди. У Жозе Альдо, Брайн Ортега ва Френки Эдгарни мағлуб этди. Унинг ярим енгил вазндаги сўнгги мағлубияти узоқ 2013 йилга бориб тақалади. Ўшанда Макс Конор Макгрегорга имкониятни бой бериб қўйганди. Умуман олганда Холлоуэй сўнгги бор 2019 йилда Дастин Порьега имкониятни бой бериб қўйган.
Алекс Волкановски - собиқ регбичи ва кикбоксинг устаси. У ММАда 2012 йили дебют қилган. ММАда 21 марта октагонга кўтарилиб, жанглардан биттасидагина мағлуб бўлди. Алекс ягона мағлубиятини 2013 йилда қабул қилган. Жангни олдидан тахмин қилиш қийин, лекин Макс анча тажрибали ва у ўзи учун севимли бўлган вазн - ярим енгил вазн тоифасида жанг қилади. Лекин Алекс ҳам анча кучли ва сифатли спортчи.
Усман ва Ковингтон бир-бирини умуман ёқтирмайди. Лекин уларда кўплаб ўхшашликлар бор
UFC 245 кечасининг марказий жангида ярим ўрта вазн чемпиони Камару Усман даъвогар Колби Ковингтонга қарши жанг қилади. Ҳар икки жангчининг кўплаб ўхшашликлари бор.
Ҳар иккисининг ҳам ММАдаги рекорди - 15-1. Ҳар иккиси ҳам самбо устасига мағлуб бўлган. Колби ва Усман Рафаэл дос Аньос ва Демин Майюни мағлуб этишган. Колби Усман мағлуб бўлган (Хосе Касерес)ни мағлуб этган бўлса, Камару эса Ковингтонни мағлуб этишни уддалаган (Уорлли Алвес)ни яксон қилишга эришган. Усман 2 март куни Тайрон Вудлини мағлуб этиб UFC камарига эга чиққанди. Камаруни ёрқин жангчи деб бўлмайди, лекин ғалабаларини доим катта устунлик билан якунлайди.
Колбини кўпчилик ёқтирмаслиги мумкин, лекин АҚШ президенти Колбини ҳурмат қилади ва улар жуда яхши алоқада эканлигини маълум қилган.
«Трамп менда сен учун янги UFC камари бор. Уни Оқ уйга олиб келаман, Сени ишончингни оқлашга ҳаракат қиламан»,-деб ёзиб қолдирган Колби ўзининг “Twitter” саҳифасида.
Колби доим рақибларини руҳан эзишга ҳаракат қилган, у бу ишини Камаруга ҳам ишлатишга ҳаракат қилди.
«Мен бу болакайни ўлдирмоқчиман. Усман мен билан жангдан сўнг ногирон бўлади. У анча йиллардан бери мендан қочади, лекин энди жанг қилишга мажбур. Усманнинг камарини олиб қўяман ва уни қай даражада қўрқоқ эканлигини бутун дунёга кўрсатаман»,-деди Колби.
Усман фаолиятида илк бор рақиби томон ёмон сўзлар ишлатишга мажбур бўлди.
“Колби билан жангимиз ҳақиқий уруш. Буни барча билади. Биз ҳеч нарсани ўйлаб топмадик, буларнинг ҳеч бири ҳазил эмас. Мен уни яксон қиламан, унга қарши октагонга чиқишни интизорлик билан кутмоқдаман. У ўзини «реклама» қилишни ёқтиради. У одамларни ҳурмат қилмайди, лекин мен унга одамларни ҳурмат қилиш кераклигини ўргатиб қўяман”,-деди Усман Колби ҳақида.
Бу кечани шахсан Трамп аренадан кўриш истаги бор эди, лекин бу амалга ошмайдиган бўлди, бунга АҚШ президентининг вақти тиғизлиги сабаб бўлган.
Мазкур кеча UFCнинг 2019 йилги турнирларининг ҳақиқий супер якуни бўлади. Эртага Вегас аренасида ҳақиқий олов ёниши аниқ.
Ниғмонхўжа Нозимов тайёрлади
Фикрлар