21 авг 14:06
Янгиликлар
Улар ЖЧга борадилар №4: Элнур Абдураимов
1994 йилда таваллуд топган Элнур Абдураимов учун ушбу жаҳон чемпионати иккинчиси ҳисобланади. Ўз вазн тоифасида фаворитлардан бири ҳисобланадиган Элнур 2015 йилда Доҳада бўлиб ўтган дунё биринчилигида иштирок этган ва бронза медали соҳибига айланганди.
Абдураимов 2015 йилги жаҳон чемпионатидаги иштироки орқали Рио Олимпиадасига йўл олганди. Аммо, Элнурдан ташқари бошқа бир боксчимиз Хуршид Тожибоев WSB жанглари орқали ҳам Бразилия Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритганди. Якунда, терма жамоа мураббийлар штаби Тожибоевни Риога олиб кетганди.
Маълумот учун, шуни айтиб ўтишимиз лозимки, Элнур Абдураимов Доҳада Рио Олимпиадаси лицензияси учун бўлиб ўтган жангда бразилиялик Робсон Консейсаони мағлубиятга учратган. Консейсао Риода бўлиб ўтган Олимпиадада олтин медаль соҳибига айланганди. У ушбу йўлда Олимпиада чорак финалида Тожибоевни мағлубиятга учратганди.
Элнурнинг 2015 йилги ЖЧдаги иштироки ҳақида гапирадиган бўлсак, у жангларда Жазоир, Янги Зеландия ва Мўғулистон вакилларини мағлубиятга учратиб, ярим финалга чиққанди. Ярим финалда эса уч карра жаҳон чемпиони, кубалик Лазаро Алваресга мағлуб бўлганди.
Кейинчалик спортчимиз ўз вазн тоифасини -64 кг га ўзгартирди. Элнур ушбу вазнда Ўзбекистон чемпионига айланди. Ўзбекистон чемпионати финалида Иқболжон Холдоровни мағлубиятга учратган.
WSB жангларида ҳам Абдураимов -64 кг вазн тоифасида қатнашди.
Шу йилнинг май ойига келиб у яна ўзининг қадрдон вазнига -60 га қайтади. Ушбу вазн тоифасида Тошкентдаги Осиё чемпионатида иштирок этади ва олтин медаль соҳибига айланади. Гамбургдаги жаҳон чемпионатига йўлланмани Элнур ҳам бошқа боксчиларимиз сингари пойтахтимизда бўлиб ўтган қитъа биринчилида қўлга киритганди.
Ушбу вазн тоифасида Элнурнинг асосий рақиблари сўзсиз кубалик Лазаро Алварес ҳисобланади. Боксчимиз Алваресга уч маротаба ютқазган. Жанглардан бири ЖЧ ярим финали доирасида бўлса, яна иккита жангда у WSB мусобақасида тўқнаш келган. Ундан ташқари мазкур вазн тоифасида Элнурга хитойлик Жун Шан, ҳиндистонлик Шива Тапа (ОЧ-2017 финалида айнан уни мағлубиятга учратганди), россиялик Габил Мамедов ва украиналик Юрий Шестаклар муаммо туғдириши кутилмоқда.
Ўзбек бокси мухлислари жаҳон чемпионатида Элнур Абдураимовдан медал кутмоқдалар. Боксчимиз Германияда камида ярим финалга етиб бориши шарт!
Азиз Тўхтамуродов
Фикрлар