05 янв 07:02
Янгиликлар
Улар янада кучлироқ бўлиб қайтиши лозим ёхуд 2022 йилнинг энг омадсиз ўзбек спортчилари
Ҳа, 2022 йил ҳам якунига етиб бўлди, бир қанча спорт турларида, йўналишларда муваффақиятга эришилди, тескариси ҳам бўлди (ҳа муваффақият бор жойда унинг салбий "шериги" ҳам албатта бўлади). Йил якунида эса барчанинг уйида "оливье" салати ҳам паққос тушириб бўлинди:) Энди ўтган йилда унчалик ҳам омади чопмаган ўзбек спортчилари ҳақида "дардлашамиз".
Биринчи навбатда шуни таъкидлашни истардимки, ўтган йил давомида ўзбек спортчилари ҳар жабҳада фаол бўлишди, ижтимоий тармоқларда ҳам, мусобақаларда ҳам. Аммо шундай спортчиларимиз ҳам бўлди-ки, 2022 йил улар учун унчалик ҳам омадли ўтди, дея олмаймиз...
Зарруҳ Адашев
Самарқандлик собиқ UFC жангчиси 2022 йил давомида бир маротаба октагонга кўтарилди (4 июнь куни ямайкалик Оде Осборн 11-5 га қарши). Очиғи, бу жанг ҳамюртимиз учун UFC'даги сўнгги имкон эди (шартнома жиҳатидан ҳам), аммо Зарруҳ Осборнга илк раунддаёқ имкониятни бой бериб қўйди ва ташкилотдан кетди. Осборнгача Зарруҳ бу промоушенда учта жанг ўтказиб улгурган эди (иккита жангда мағлубият, яна биттасида ғалаба). Адашев 2022 йилда UFC'га Bellator'дан 3:1 рекорд билан ўтган эди, ҳикоя якунида эса бу рақамлар 4:4 га айланди. Қисқа қилиб айтганда, UFC ва Bellator ўртасидаги даража фарқини биз афсуски, ҳамюртимиз мисолида гувоҳига айландик.
Адашев Осборнга мағлуб бўлганидан сўнг, 4:4 рекордида UFC'даги "жони" тугади ва ушбу ташкилот билан хайрлашди. Хайрлашув сўзларида у илк бора шартнома имзолаётганларидаёқ яхши ҳиссиётлар қолмаганини таъкидлаб ўтган эди. Ҳамюртимиз фаолияти шу билан тўхтаб қолмаслиги, у яна жанг қилишини билдирди. Тўғри, кўпчилик мухлислар Зарруҳни яхши таассуротлар билан ёдга олишмайди, бу хато фикри ожизимча. Ҳамюртимизнинг юқори назоратида бошланган жангни ҳам кўрдик, хусусан сўнгги жанги. Унга шунчаки бу йилда, умуман UFC'даги кичик "саёҳати"да омад етишмади. Умид қиламизки, февраль ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги жангида Самарқанд ўғлони ҳудди таҳаллусида бўлгани каби "шердек" ғалабага эришиб, мухлисларини хурсанд қилади. Ҳар ҳолда, унда исботлаши лозим бўлган нарсалар талайгина...
Маҳмуд Мурадов
UFC'га биринчи бўлиб "қадам қўйган", ўрта вазнда дунё рейтингида 32-ўринда турувчи ҳамюртимиз сўнгги жангларида муваффақиятли иштирок этяпти, деб айта олмаймиз. У йил давомида бир маротаба жанг қилди ва мағлуб бўлди (22 октябрь, Кайо Борральога қарши, Абу-Дабида). Мурадов ўша жангда аслида ёмон ҳаракатланмаганди ҳам, у иккинчи раундда бразилиялик рақибини анча қийнаб қўйган эди, аммо у очколар ҳисобига енгилди. Унга чинакамига омад етишмади, ўша кун Маҳмудники эмас эди. Яхши тарафи, Мурадов партерда ишлаши керак эканини кўриб олди мазкур жанг орқали, ёмон тарафи эса у буни Жеральд Мёршартга қарши жанг орқали аллақачон уқиб олган бўлиши керак эди. Ҳамюртларимиз учун энг афсусланадиган жойи: "стойка"да яхшигина уриб турган пайтида, партерга кириб, муҳим ғалабаларни бой берганидир. Яъни, ҳар ким ўзи устун бўлган услубда жанг қилади, бизникилар эса рақибининг услубига қарши турмоқчи бўлиб, енгилишди.
Ҳозиргача Маҳмуд UFC'да бешта жанг ўтказди (учта ғалаба, иккита мағлубият). Унинг ўзи кейинги жангини январь ёки февраль ойида ўтказишини маълум қилган эди. 7 январь куни у ўзи юритадиган Мурадов Профессионал Лигасининг еттинчи мусобақасини ўтказади. Шундай экан, ҳамюртимиз камида март ойида октагонга қайтса керак. Нима бўлганида ҳам, бу жанг Маҳмуд учун ҳам катта эҳтимол билан UFC'даги келажагини ҳал қилиши турган гап.
Исроил Мадримов
Ҳа, Исроил учун йил омадсиз кечди. Қайси маънода: бир рақбига қарши иккита жанг ўтказиб (биринчиси 2021 йилда), мухисларга ким кучли эканини кўрсатиб қўйди, аммо Соро буни тан олишни истамади. Франциялик Мишель Соро (35-3-2)га қарши илк жанг 2021 йилнинг 17 декабрида бўлиб ўтган эди. Айнан ўша жанг йўлга қўйилган хато туфайли (бонгдан кейин ҳакам раундни якунламагани) ҳамюртимиз ҳалигача Сородан қутула олмай юрибди. Аслида илк жангдаёқ ким кучли эканини Исроил кўрсатиб қўйган эди ҳаммага. Таниқли бокс мутахассиси Майк Коппинжер ҳам бу борада унинг ёнини олган эди. Илк жангда ноҳақ мағлубиятга учраган Мишель Сорога реванш берилди (2022 йил, 10 июль). Бу сафар иккинчи раундда Соронинг қоши ёрилди ва жанг техник дуранг билан якунланди (проф бокс қоидаларига кўра, бундай ҳолатларда олтинчи раунддан сўнг очколар ҳисобаланади). Биринчи жангдаги ғалабадан сўнг, Исроил биринчи ўрта вазн тоифасида (- 69,8 кг) Жермелл Чарло эгалик қилувчи WBA чемпионлик камари учун даъвогарга айланиб олган эди, аммо Соро реванш хоҳлади. Бунда Мишелни ҳам айблаб бўлмайди. Аммо Соро дуранг билан якунланган иккинчи жангдан сўнг, трилогия ҳам бўлишини айтган эди.
Мураббий Тўлқин Қиличев иккала томон ўртасида келишув борлиги, қолаверса энди бу жанг WBA'га ҳам, DAZN ва Matchroom'га ҳам керак эмас эканлигини айтган эди. Ҳозирда Мадримовдан олдинда Тим Цзю (WBC камарига даъвогар) ва Баҳрам Муртазалиев (IBF камарига даъвогар) бор. Цзю билан жанг 28 январь куни бўлиб ўтиши керак эди, бироқ Чарло жароҳат олди ва жанг номаълум муддатга қолдирилди. Ўйлаймизки, янги йилда Соро "бекорчига" Мадримовни безовта қилишни тўхтатган ҳолда уни ўтказиб юборади.
Элдор Шомуродов
"Рома" ҳужумчиси учун йилни омадсиз ўтди дейиш ҳам қайсидир маънода хато: у МТЖда бу йил фақатгина "ёндирди". Аммо клубдаги фаолияти эса ўзи хоҳлаганидек бўлмаяпти, бу факт. У "Рома"га қандай мақсадлар билан ўтгани бизга қоронгию, аммо заҳирада ўтириб, кўпчиликнинг тилида айтганда "соққа қилиш" учун ўтмагани аниқ. У 2021 йил ёзида "Женоа"дан трансфер қилинган эди, Элдордан сал ўтиб, римликлар ўша пайтда порлаб чиққан Тэмми Абраҳамни олиб келишган эди, Моуриньо эса бу ҳолатда Тэммига ишониши аниқ эди, шундай бўлди ҳам.
Ҳозир "Рома"даги ҳужум чизиғида рақобат Шомуродов учун барибир қийинчилик туғдирмоқда. Унинг жойида Моур учун "Элдориньо"дан ташқари Абраҳам ва "Торино"дан олиб келинган Андреа Белотти бор. Элдор "Рома" сафида бу мавсум ҳисобидан расмий ўйинларда саккиз бор майдонга туширилди ва Элдор бу ўйинларда битта гол киритди (ЕЛ, "Лудогорец"га қарши ўйин, 2:1). МТЖ ўйинларида эса тўртта ўртоқлик ўйинида иштирок этиб, иккита гол киритди ва битта голга ҳаммуаллифлик қилди. Шомуродовнинг "Рома"дан кетиши ҳақида анчадан буён гаплар юрибди. "Торино" анчадан буён форвардимизга қизиқади. Бундан ташқари, "Верона" ҳам унинг хизматларига қизиқиш билдираётган ҳақида хабарлар тарқалди. Нима бўлганида ҳам, Элдор нималарга қодир эканини исботлаган, ва буни яна исботлаши шарт. Ўйлаймизки, Шома 2023 йилда клуби миқёсидаги фаолиятини ҳам ўз ўрнига тушириб олади.
Анвар Бойназаров
UFC'га ўтиш имкони бир жангчига камдан-кам берилади, бундан фойдаланиш эса жангчининг ўзига боғлиқ. Бундай имконият 34 ёшли Анварга 2022 йилда берилди, аммо афсуски у бундан фойдалана олмади. Бойназаров 9 август куни UFC'га йўлланма берувчи Dana White Contender Series'да венесуэлалик Эрик Сильва (9-2)га қарши октагонга кўтарилиб, илк раунддаёқ муддатидан аввал мағлуб бўлди. Бу жангдан кейин кўпчилик ўзбекистонликлар Анварнинг ММАда эмас, кикбоксда яхшироқ жанг қилишини, бу спорт Анвар учун эмаслигини ёзишди.
Бу мағлубиятдан кейин Анвар Бойназаров Хорхе Масвидальнинг Ikon FC 6 лигасида 2 декабрь куни тожикистонлик Беҳзод Усмонов (11-4)га қарши жанг қилишини маълум қилди. Аммо, 2 декабрь куни Бойназаров октагонга кўтарилмади, Беҳзод Усмонов эса америкалик Шожин Мики (10-9)га қарши жанг қилиб, ғалаба қозонди. Майли, Бойназаровга янги йилда омадлар тилаб қоламиз. Агар у ўтган йилнинг ёзида Сильвани мағлуб этганида, UFC энг енгил вазнида икки нафар ўзбекистонлик жангчини кўрган бўлар эдик, бахтга қарши бундай бўлмади.
P.S: Шунингдек, бу ерда Улуғбек Рашитов (Таэквандо) ва Саидёқуб Қаҳрамонов (ММА, UFC) ҳам бўлиши мумкин эди. Аммо, улар 2022 йилни юқори нотада ўтказа олишди. Рашитов Осиё чемпионати, Ислом бирдамлик ўйинларида олтин медални қўлга киритди, Ар-Риёддаги Гран-Прида кумуш медалга эга чиқди, фақатгина Жаҳон чемпионатида бироз омад етишмади. Саидёқуб Қаҳрамонов эса иккита жанг ўтказиб, бир ғалаба ва бир мағлубиятни қайд этди. Саид Нурмагомедовга қарши ўтган жангда Қаҳрамонов муносиб равишда жанг қилди, у Нурмагомедовни очиқчасига қийнай олди. Бу икки спортчи учун йилни омадсиз ўтди дейиш хато бўлади...
Муаллиф — Диёр Мавлонов
Фикрлар