16 апр 21:50
Янгиликлар
"Olamsport.com" Бангкокда, Осиё чемпионатидан жонли ёритамиз
Яхши биласиз, 19 апрель куни бу ерда бокс бўйича Осиё чемпионати старт олади. Ўзбекистон терма жамоаси илк маротаба қитъа биринчилигида катта делегация билан иштирок этмоқда. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда 10, аёллар ўртасидаги беллашувларда эса 9 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Терма жамоамиз спортчилари 13 апрель куни мусобақа жойига етиб боришган ва у ерда машғулотларни бошлаб юборишганди. Чарм қўлқоп усталаримиз Бангкокда Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан ижарага олинган, барча шароитларга эга махсус спорт залида мусобақага тайёргарликнинг сўнгги босқичини олиб бормоқдалар. Машғулотлардан суратлар ва видеони аввалроқ эътиборингизга ҳавола қилгандик. Шаҳарда ҳаво ҳарорати 30 даражани ташкил этмоқда. Намлик эса 80 фоиздан ортиқ. Боксчиларимиз учун иқлимга мослашиш жараёнини имкон қадар тезроқ ўтказиб олишлари талаб этилади.
Баҳслар Бангкокдаги "Huamark Indoor Stadium" аренасида ташкил этилади. Таиланддаги машҳур "Ражамангала" стадиони олдида жойлашган. Биз истиқомат қилаётган "Inter Place Hotel Bangkok" меҳмонхонасидан пиёда юриб борилганда 10-15 дақиқалик йўл. Ҳозирча ушбу мусобақани бевосита ёритиш учун ташриф буюрган ўзбекистонлик ОАВ ходимларидан фақатгина камина Азиз Тўхтамуродов бор. Имкон даражасида Осиё чемпионати, мусобақа атрофидаги воқеликлардан сиз мухлисларни хабардор қилиб боришга ҳаракат қиламан. Бир неча кундан сўнг яна бир неча ҳамкасбларимиз Бангкокка етиб келишлари кутилмоқда. Ҳозирча мусобақа "Спорт ТВ" орқали жонли эфирда намойиш этилиши сўроқ остида. Жонли эфир борасида иш олиб борилмоқда. Ташкилий масалалар ҳал этилса, насиб қилса ўзбекистонлик бокс шинавандалари мусобақани ойнаи жаҳон орқали томоша қилишлари мумкин бўлади.
Эртадан расмий тадбирлар бошланади. 18 апрель куни расмий қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Асосий баҳслар эса таъкидлаб ўтганимиздек, 19 апрель куни старт олади.
Фурсатдан фойдаланиб, мазкур қитъа биринчилигини бевосита воқеа жойидан ёритишни ташкил этишда ташаббус кўрсатган Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбариятига миннатдорчилик билдираман.
Демак, яқин 10 кун "қайноқ" бўлади. Осиё чемпионатини биз билан бирга кузатинг!
Азиз Тўхтамуродов, Бангкок шаҳридан
P.S. Ҳозирча сурат олишнинг имконияти бўлмади. Насиб қилса, келгуси кундаликларимизда албатта Таиланд пойтахтидан эксклюзив суратларни тақдим этамиз.
Фикрлар