27 янв 13:28
Янгиликлар
Муроджон Аҳмадалиев бокс тарихидаги рекордни такрорлаши мумкин
Келинг, аввало унинг профессионал боксдаги ушбу жанггача бўлган йўлини бир эсга олсак. Муроджон Аҳмадалиев ушбу жанггача 2018 йил 24 ноябр куни проф рингдаги 5-жангида WBA рейтингида 6-ўринда бораётган (Муроджон у вақтда рейтингда 3-ўринда қайд этилган эди) Айказ Заратани 9-раундда техник нокаутга учратди ва WBA рейтингида 1-ўринга кўтарилиб, WBА чемпионлик камарига расмий даъвогарга айланди.
Аммо чемпион Даниэл Роман IBF чемпиони Ти Жей Дохенйга қарши бирлаштирувчи жанг бўйича келишувга эришгани учун WBА ташкилоти истисно тариқасида ҳимоя жангини кечроққа қолдиради. 2019 йилнинг 26 мартида Даниэл Роман шиддатли кечган жангда ТЖ Дохенйни очколар бўйича мағлуб этиб, икки йўналиш - WBА ва IBF чемпионига айланади. Айни шу кечада Муроджон Аҳмадалиев ҳам проф боксдаги 6-жангини Карлос Карлсонга қарши ўтказиб, 3-раундда рақибини нокаутга учратади.
Сўнгра Бутунжаҳон Бокс Ассоциацияси Муроджон Аҳмадалиев ва Даниэл Роман жангига буйруқ берди. Томонлар ўзаро келишиши керак эди. Аммо Даниэл Роман жамоаси жангга ҳадеганда рози бўлавермади. Охир оқибат жанг ўтказиш ҳуқуқини очиқ аукционда Муроджон тарафдан "Мир Бокса" компанияси 145 минг доллар эвазига сотиб олади ва шу тариқа Аҳмадалиев ўзининг 7-жангидаёқ WBА ва IBF чемпионлик камари учун рингга чиқадиган бўлди.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бундай кам сонли жанг билан икки йўналиш чемпионлик камарини қўлга киритган боксчи бу Леон Спинкс ҳисобланади. У 8-жангидаёқ WBC ва WBА камарлари учун афсонавий Муҳаммад Алига қарши рингга чиққан ва 15 раундлик жангда (у вақтда жанглар 15 раундлик бўлган) очколар ҳисобида ғалабага эришиб, тарихий ва сенсацион натижага эришган. Бу статистикани ҳозирча ҳеч ким янгиламади.
Муроджон Аҳмадалиевда бу рекордни янгилаш имкони бор эди. Унинг чемпионлик жанги 2019 йилнинг 13 сентябрида, 7-жангидаёқ икки йўналиш чемпионлик камари учун рингга кўтарилиши керак эди. Аммо, Романнинг жароҳати боис жанг қолдирилди ва "Кака" Уилнер Сотога қарши яна бир рейтинг жанги ўтказди.
Роман жароҳатдан фориғ бўлгач, 30 январ куни АҚШнинг Флорида штатидаги Маями шаҳрида жанг ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Мана, жангга ҳам саноқли кунлар қолмоқда. Агарда Аҳмадалиев бўлажак жангда ғалаба қозонса, Спинкснинг тарихий рекордини такрорлаган бўлади. Унга омад тилаймиз ва Ўзбекистонга бирйўла иккита камар билан қайтишига тилакдошмиз.
Жалол Аҳмедов тайёрлади (Жиззах, Фориш)
Фикрлар
Maqolaga gap yoq