11 ноя 10:32
Янгиликлар
Лос-Анжелес-2028: енгил атлетика бўйича саралаш тартиби ва меъёрлари тасдиқланди
2028 йилнинг 15-30 июль кунлари ўтадиган мусобақаларда атлетлар белгиланган саралаш меъёрларини бажариш ёки жаҳон рейтинги орқали Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиши мумкин.
Йўлланмаларнинг 40 фоизи саралаш меъёрлари, 60 фоизи эса жаҳон рейтинги асосида тақсимланади.
Олимпиада дастури
Эркаклар ва аёллар ўртасида 23 тадан йўналишда мусобақалар ўтказилади. Дастурдан 4×100 метр ва 4×400 метрга аралаш эстафета баҳслари ҳам ўрин олган. 4×100 метрга аралаш эстафета Олимпия ўйинларида илк бор ўтказилади.
Саралаш тартиби
Йўлланмаларнинг 40 фоизи белгиланган меъёрларни бажарган атлетларга, 60 фоизи эса жаҳон рейтинги асосида берилади. Меъёрни бажариш йўлланмани автоматик равишда кафолатламайди: квотадан ортиқ атлет меъёрни бажарган тақдирда, энг яхши натижалар инобатга олинади.
Ҳар бир мамлакатдан бир йўналиш бўйича кўпи билан уч нафар атлет саралашда ҳисобга олинади.
Саралаш муддатлари
- Марафон: 2026 йил 1 ноябрдан 2028 йил 30 апрелгача.
- 10 000 метр, кўпкураш, спортча юриш ва эстафеталар: 2026 йил 19 декабрдан 2028 йил 18 июнгача.
- Қолган йўналишлар: 2027 йил 19 июндан 2028 йил 18 июнгача.
Айрим йўналишлар бўйича махсус тартиб
Марафон. 2028 йил 19 март ҳолатига кўра, саралаш рейтингидаги дастлабки 56 нафар атлет йўлланма олади. Қолган 15 та ўрин белгиланган саралаш тартиби асосида тақсимланади. Саралаш даврида Платинум Лабел мақомидаги марафонларда дастлабки беш ўринни эгаллаган атлетлар ҳам кириш меъёрини бажарган деб ҳисобланади.
Спортча юриш. 2028 йил 9 апрель куни Хитойнинг Хефей шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон спортча юриш жамоавий чемпионатида дастлабки 12 ўринни эгаллаган атлетлар Олимпиада йўлланмасини тўғридан-тўғри қўлга киритади. Қолган 36 та ўрин жаҳон рейтинги орқали тақсимланади.
Эстафеталар. 2028 йил 22-23 апрель кунлари Багама оролларида ўтадиган Жаҳон эстафеталари мусобақасида дастлабки 14 ўринни эгаллаган жамоалар Олимпиадага йўлланма олади. Қолган жамоалар саралаш давридаги жаҳон натижалари рўйхати асосида танланади.
Фикрлар